Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Жаъфар Таҳовийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Абу Жаъфар Таҳовийнинг ҳаёти ва илмий мероси

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[1].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Ушбу оятдаги ҳикматдан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар.

Муовия (р.а)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[2] деб, айтадилар.

Ислом динимизни пок сақлашда, бегона ёд ақидалардан тозалашда мужтаҳид уламоларимиз, хусусан ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий (р.а) кўп жонкуярлик билан умрларини ҳамда вақтларини ушбу масалага бағишлаганлар.

Шулар жумласидан мотуридия таълимотига доир ақидатут-таҳовия асарининг муаллифи Абу Жаъфар Таҳовий саъй ҳаракатлари билан динни, усулни, фиқҳни, ақидани тушунишга тўғри ва ишончли йўналиш юзага келди. Ушбу ишда динни нотўғри талқин қилувчилар, хилоф қиладиган одамларга тўғри, саҳиҳ жавоблар бериб, зарба берганлар.

 Бинобарин Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлини топгайсизлар деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”[3].

Бу борада Ибн Умар (р.а) дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в): “Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[4] деб, айган сузларини келтириб ўтиш ўринлидир.

 Муаллифнинг тўлик исмлари Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Аздий Таҳовий бўлиб, ҳижрий 239 санада Нил дарёсининг ғарбий соҳилида Мисрнинг Таҳо номли шаҳарчасида ўз илми, фазли, тақвоси ва поклиги билан машҳур бўлган бир зиёли оилада туғилган бўлиб, шубҳасиз, ҳар бир бошланишнинг тугаши ҳам борлиги боис, имом Таҳовий умрларини яшаб, дунёни ўз илимлари, дарслари, тақволари билан тўлдиргач, 321 ҳижрий санада вафот этганлиги манбаларда кўрсатилган.

Имом Абу Жаъфар Таҳовийга Қуръони каримдан бошланғич илм берган ва ёзишни ўргатган шахс имом Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Амр раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. Сўнгра у отасининг илм ҳалқасида иштирок этди ва фиқҳ ва ақидадан бир қанча дарс олди.

Шунингдек, тоғаси (Имом Шофеъийнинг дўсти) Исмоил ибн Яҳё ибн Исмоил Музанийнинг уйида илм ҳалқасида иштирок этиб, у кишидан ҳадис эшитди[5].

 Имом Абу Жаъфар Таҳовийнинг асарларидан айримлари қуйидагилардан иборатдир:

  1. “Ақийдатут Таҳовий” ушбу китобда имом Таҳовий саҳобаларнинг ва улардан кейинги ўтган имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайх, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (р.а)лар кабиларнинг ақийдасини жамлаган. Бу китобда кўплаб уламолар шарҳ ва изоҳлар ёзган. У ўн марталаб чоп этилган. Араб давлатларидаги барча олий ўқув юртларида ўқув қўлланма сифатида қабул қилинган.

2.“Аҳком ал-Қуръон” (Қуръон ҳукмлари). Асли 20 жуздан ортиқ бўлган мазкур асарида муаллиф Қуръони Каримнинг ҳукмий оятларини фиқҳий шарҳлаган.

  1. “Шарҳи маъонил Осор” (Ҳадис илми бўйича). Икки жуздан иборат. Купгина мусаннифлар бу китобнинг ҳадис илмида ёзилган энг яхши китоблардан бири эканини эътироф қилганлар. Бу эса ўз навбатида имом Таҳовийнинг энг улуғ муҳаддислардан эканига далилдир.
  2. “Баёни мушкилул Осор”, етти жуз бўлиб, ундан тўрт жузи чоп қилинган. Бу у кишининг ҳадис бўйича ёзган охирги китобидир. Биринчиси “Шарҳи Маъонил Осор” бўлган.

5.“Мухтасари Таҳовий” номи билан машҳур фиқҳ бўйича мухтасар китоби. Мазкур асар фиқҳий матн китоби бўлиб, бир неча олимлар томонидан шарҳланган. Ҳанафийлик мазҳабининг асосий фиқҳий манбаларидан бири ҳисобланади.

  1. “Шарҳи Жомиъус Сағир”.
  2. “Шарҳи Жомиъус Кабир”.
  3. “Шурутул Кабийр”, “Шурутул Мутасовит, “Шурутул Сағийр”.
  4. Ҳадис бўйича “Ал-Муҳозир”, “Ас-Сижиллот”, Ал-Васоё” ва “Ал-Фароиз”, тўрт жуз.
  5. Имом Абу Ҳанифанинг сифатлари ҳақидаги китоб.

Мазкур китоб ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (699-767)нинг ҳаёти ва ижодига бағишланган асар. Асарда ҳанафий олимларнинг илм-фанга, ислом маданиятига кўрсатган хизматлари алоҳида таъкидланган.

  1. “Китобут-Тарихул Кабир”.

12.“Китобун-Наводирул -фиқҳийя”, ўн  жуз.

У кишининг ҳадис, тафсир, ақийда, фиқҳ, сийрат ва тарих бўйича ёзилган, чоп қилинган ва қўлёзма ҳолидаги китобларининг сони йигирмадан ортади.

Абу Жаъфар Таҳовий илк бор ёзган асарида муаллифнинг қиёсий фикрлари билан келтирилган ва ҳанафия-мотуридия таълимотига мувофиқ қарашларини илгари сурган.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Абу Жаъфар Таҳовийнинг Ҳанафия-мотуридия таълимоти йўлида қилган хизматлари беқиёс эканлиги барча ислом оламидаги мужтаҳид алломалар томонидан эътироф этилган десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси раҳбари
 А.Муҳиддинов
 

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.

[2] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

[3] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Оли Имрон сураси 103-оят. –Б.63.

[4] Имом Термизий ривояти. Сунану-т-Термизий №2167 Ҳадис.

[5] Муҳаммад анвар Бадахшоний, Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси. “Ҳилол-Нашр” Тошкент 2015. -Б.20.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …