Home / АЛЛОМАЛАР / АБДУРАҲМОН АВЗОЪИЙ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ

АБДУРАҲМОН АВЗОЪИЙ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ

Абу Амр Абдурраҳмон ибн Амр ибн Юҳмад Авзоъий 88/707 йилда туғилган.

Тарихчилар унинг таржимаи ҳолида туғилган жойи борасида ихтилоф қилганлар. Манбаларда, унинг туғилган жойи Баолбек, келиб чиқиши Қубоънинг Карак қишлоғидан бўлган, кейин онаси уни Байрутга олиб кетган, дейилади. Бошқа бир манбада Дамашқда Боб ал-Фародис атрофидаги Авзоъ деган жойда туғилган, деган ривоят ҳам бор.

Имом Авзоъий “Имом”, “Ҳофиз”, “Байрут, Шом атрофидаги ерлар, Мағриб ва Андалуснинг имоми” каби нисбалар билан шарафланган. Унга берилган “Авзоъий” нисбаси “Авзоъ” қабиласи номидан олинган.

Авзоъий фақиҳ, муҳаддис, табаъа тобеъинлардан бири ва ўз даврида Шом аҳлининг имомидир. Унинг лақабларига “Ливандаги муштарак ҳаётнинг имоми” номи ҳам қўшилади. Чунки у ўз даврида Шомлик яҳудий ва насронийлар билан яхши муносабатда бўлган. Аббосийлар халифаси Абу Жаъфар Мансурга қарши қатъий турганлиги учун “Насронийларнинг ҳимоячиси” деб ҳам аталган.

Абу Жаъфар Мансур насронийларнинг бир қисми аббосийлар халифалигига қарши бош кўтарганида, уларни ҳаммасини кўчириб юборишга қарор қилади. Шунда Авзоъий: “Уларнинг бир қисми қўзғалон кўтаргани учун барчаларини кўчириб юбориш хатодир”, деб халифага қарши чиққан ва бир гуруҳнинг айби учун ҳаммани жазолаш ноўрин эканлигини таъкидлаган. Шундан сўнг халифанинг қарори бекор қилиниб, насронийлар жазодан қутилиб қолади[1].

Отаси ёшлик чоғида вафот этган Авзоъий, ёшлигидан етимлик ва фақирликда ўсди. Бир қанча вақт Дамашқда яшаб, кейинчалик Ҳалаб, Ҳама, Қиннасрин ва бошқа жойларга кўчиб юрди. Кейин онаси билан Байрутга бориб ўрнашди.

Манбаларда шундай дейилган: “У отасини эрта йўқотди. Уни онаси шундай хулқ соҳиби қилиб тарбияладики, султон ҳам бундай қила олмаган бўларди”[2].

Тарихчилар, фақиҳлар ва олимлар Имом Авзоъийнинг отаси ҳақида унинг ўзи айтган нарсалардан ташқари ҳеч нарса айтишмаган ва онаси ёки тоғалари ҳақида маълумотлар келтирмаган. Фақат унинг битта амакиси борлигини зикр қилганлар, холос.

Маълум бўлишича, Авзоъий уйланиб, фарзанд кўрган. Аммо унинг оила ва фарзандлари ҳақида маълумот кам. Аниқ нарса шуки, у бир неча бор уйланган. Учта қиз ва битта ўғил кўрган. Қизларидан иккита набираси бўлган[3].

Ибн Асокир унинг хотини ҳақида маълумот берар экан, унинг исми “Жувайрия” эканидан бошқа нарсани айтмаган[4]. Авзоъий унга бева ҳолида уйланган. У Абу Саъид Яҳё ибн Абдуллоҳ Бобуллитийнинг онаси бўлган.

Имом Авзоъий улғайгач, Ямомага сафарга чиқди. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида Яҳё ибн Абу Касир уни кўриб қолади. Яҳё унинг намоз ўқишини маъқуллаб, унинг аҳволи ҳақида сўради. Аҳволи ҳақида унга гапириб беради. Суҳбатлашиш жараёнида Авзоъий Яҳё ибн Абу Касирнинг илмидан ҳайратда қолди ва ундан илм олишни лозим тутади.

Имом Авзоъий Яҳё ибн Абу Касирдан ҳадислар эшитиб, ундан кўплаб ҳадис ривоят қилди. Одамлар Авзоъийни Яҳё ибн Абу Касир ва ундан ривоят қилганлар ичида энг кўп ривоят қилувчироғи, деб ҳисоблаганлар[5].

Бир қанча вақт ўтгандан сўнг Яҳё ибн Абу Касир унга Басра томон боришни маслаҳат берди. У 110/728 й. Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сирийндан ҳадис эшитиш учун Басрага борди. У ерга борганида Ҳасан Басрий вафот этган ва Ибн Сирийн умрининг охирги кунларини яшаётган бўлиб, бир неча кун ўтиб вафот этади. Шу сабабли Авзоъий ундан ҳам ҳеч нарса эшита олмайди.

Бироқ, у Қатода ибн Диъома ва Басранинг бошқа олимларидан ҳадис тинглади. Сўнгра илм излаб мамлакатни айланиб чиқди ва Маккада Ато ибн Абу Рабоҳдан, Мадинаи Мунавварада Муҳаммад Боқирдан ва Шомда Макҳул Ҳузалий, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий ва б.лардан ҳадис эшитди[6].

Имом Авзоъий “Илм талабида сафар қилиш” қоидасига қаттиқ амал қилган. Шунинг учун у Шом шаҳарлари, Ямома, Басра, Мадина ва Қуддусда бир жойдан бошқа жойга ўтиб юрган. Кўп маротаба ҳажга борган. Шундай илм сафарлари сабаб у диний ва шаръий илмларга чуқур кириб борган.

Авзоъий ўз даврида кўпчилик олимлардан фиқҳ ва б. илмларда шижоат жиҳатидан устунроқ бўлган. У 13 ёшида фиқҳий масалаларда ва 17 ёшида ақидавий масалалар бўйича фатво берган.

Имом Авзоъий Басра, Куфа, Макка, Мадинаи Мунаввара, Дамашқ ва Ямомада Ато ибн Абу Рабоҳ, Абу Жаъфар Муҳаммад Боқир, Амр ибн Шуайб, Макҳул, Қатода, Қосим ибн Мухаймара, Робийъа ибн Язид Қосир, Билол ибн Саъд, Зуҳрий ва бошқа кўплаб тобеъинлардан ҳадис эшитиб, илм ўрганди.

Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва Яҳё ибн Абу Касир (иккаласи унинг устози), Шуъба, Саврий, Юнус ибн Язид, Абдуллоҳ ибн Ало ибн Забр, Молик ибн Анас, Саъид ибн Абдулазиз Танухий, Ибн Муборак, Абу Исҳоқ Фазорий, Исмоил ибн Айёш, Яҳё ибн Ҳамза Қозий, Бақийя ибн Валид, Валид ибн Муслим, Муофа ибн Имрон ва бошқалар Имом Авзоъийнинг шогирдлари ҳисобланади.

Имом Авзоъийнинг мавқеи унинг замондошлари орасида, айниқса, Шомда юқори эди. Улар учун унинг буйруғи султоннинг буйруғидан кўра азизроқ бўлган. Шунинг учун кўплаб уламолар ва фақиҳлар Авзоъий шахсига тасаннолар айтишган.

Ибн Саъд айтади: “У ишончли, яхши, фазилатли, илм, ҳадис ва фиқҳда кўп ишонса бўладиган, ҳужжатли киши эди”.

Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади: “Албатта, уларнинг замонидаги одамлар тўрттадир: Басрада Ҳаммод ибн Зайд, Куфада ас-Саврий, Ҳижозда Молик ва Шомда Авзоъийдир”.

Замра ибн Рабиъа айтади: “Биз ҳижрий 150-йилда Авзоъий билан бирга ҳаж қилдик. Мен ҳеч қачон унинг чўзилиб ётганини кўрмадим. У кечаси ҳам, кундузи ҳам намоз ўқирди. Агар қовоқлари юмилиб кетса, эгарга суянарди”.

Имом Авзоъий икки муҳим сиёсий ҳукмронлик даврида яшаган. У умавийлар сулоласининг охири ва аббосийлар давлати ташкил этилишининг гувоҳи бўлган. Халифалардан Валид ибн Абдулмалик, Сулаймон ибн Абдулмалик, Умар ибн Абдулазиз, Язид ибн Абдулмалик, Ҳишом ибн Абдулмалик, Валид ибн Язид, Язид ибн Валид, Иброҳим ибн Валид, Марвон ибн Муҳаммад, Абул Аббос ас-Саффоҳ ва Абу Жаъфар Мансурлар билан бир даврда яшаган.

У халифалар билан яхши муносабатда эди. Аммо қозилик масаласида у умавий ва аббосийлар даврида бу мансабидан бош тортган. Қачонки, Язид ибн Валид волий бўлганида, биттагина мажлисда ўтириб, сўнг истеъфо бериб, вазифасидан бўшаган[7].

Имом Авзоъий 157/774 й.и сафар ойининг 28 куни якшанба куни етмиш ёшга яқинлашганда Байрутда вафот этган.

Имом Авзоъий Байрут жанубидаги “Ҳантус” қишлоғига дафн этилади. Унинг қабри устига мақбара ва “Авзоъий масжиди” номли масжид барпо қилинган. Йиллар ўтиши билан қишлоқнинг номи ҳам Авзоъий номига ўзгарган. Мадинада исломшунослик факультети ташкил этилган бўлиб, у “Имом Авзоъий исломшунослик факультети” деб номланади.

Равшан ЭЛМУРОДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир ибн Довуд Балазурий. Футуҳул булдон. 2-жуз. ‒ Байрут-Ливан: “Дор ва мактабатул ҳилол”, 1988 йил. ‒ Б. 167.
[3] Ҳассон Алий Ҳаллоқ. Мавсуатул оилатил Байрутийя. 1-жуз. ‒ Байрут-Ливан: “Дорун наҳзотил арабийя”, 2010 йил. ‒ Б.51-52.
[4] Ибн Асокир. Тарихи Димашқ.
[5] Абу Наим Асбаҳоний. Ҳилятул авлиё ва табақотул асфиё.
[6] Шамсиддин Заҳабий. Сияри аълому-н-нубало. 6-нашр. Авзоъий Абдурраҳмон ибн Амр ибн Юҳмад. ‒ Байрут: “Муассату-р-рисала”, 1985-йил.
[7] Абу Зуръа Димашқий. Тарихи Абу Зуръа Димашқий. Халил Мансур тадқиқи. ‒ Байрут-Ливан: “Дорул кутубил илмийя”, 1996 йил.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …