Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / БУЛҒОР ИСЛОМ АКАДЕМИЯСИ РЕКТОРИДАН МИННАТДОРЛИК МАКТУБИ КЕЛДИ

БУЛҒОР ИСЛОМ АКАДЕМИЯСИ РЕКТОРИДАН МИННАТДОРЛИК МАКТУБИ КЕЛДИ

Сўнгги йилларда юртимизда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тадқиқот ишларини рағбатлантириш, илм аҳлига зарур шарт-шароит яратиб бериш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилган ёш илмий тадқиқот муассасаларидан биридир.

Марказ томонидан ўтган давр мобайнида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, бугунга қадар дунёнинг 27 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.

Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Миср, Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Татаристондаги Булғор ислом академияси ҳам Марказнинг яқин ҳамкорларидан бири саналади.

Ҳар икки илмий муассаса ўртасида эришилган келишувларга кўра илмий тадқиқотчилар мазкур илм масканларида  ташкил этилаётган семинарлар, конференцияларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Яқинда, Булғор ислом академияси ректори Донияр Абдраҳмоновнинг таклифига биноан, Zоом видеоконференция дастури орқали Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари  томонидан Академиянинг магистр ва доктарантлари учун “Марказий Осиёда ислом таълимоти” мавзуидаги қатор маърузаларни ўзида мужассам этган беш кунлик ўқув курслари ташкил этилди.

Курс давомида Марказнинг етакчи илмий ходимлари томонидан “Мовароуннаҳр калом илми тарихида мотуридия таълимоти”, “Марказий Осиё кутубхоналари тарихи”, “Марказий Осиё алломаларининг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси”, “Ҳадис илми ривожида Мовароуннаҳр муҳаддисларининг ўрни”, “Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожланиш тарихи”, “Фиқҳга оид манбалар таҳлили”, “Имом Термизий илмий мероси тадқиқотчилар нигоҳида”, “Алоуддин Усмандий Самарқандий илмий меросининг калом илми ривожида тутган ўрни”, “Иброҳим Саффор Бухорий илмий меросининг Мовароуннаҳр ҳудудида ислом ақидасини кенг ёйилишидаги ўрни”, “Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” шоҳ асари ислом динида муҳим манба” каби мавзуларда маърузалар ўқилди.

Ўқув курсининг якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Булғор ислом академияси раҳбарларининг онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.

Унда сўз олган Булғор ислом академияси ректори Донияр Абдраҳмонов икки муассаса ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбир муқаддас ислом дини ривожида Мовароуннаҳрда камол топган буюк аллома ва муҳаддислар, диний уламолар илмий меросининг ўрни ва аҳамиятини чуқур тадқиқ этишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Бунинг учун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ва жамоасига миннатдорлик билдирди.

Суҳбат давомида икки муассаса ўртасида ҳамкорликка оид имзоланган меморандумда белгиланган вазифаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Унда асосан илмий ходимларнинг мақолаларини нашр этиш, малака ошириш курсларини ташкил қилиш, конференция ва давра суҳбатлари  ўтказиш, бу борада ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …