Home / МАҚОЛАЛАР / Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва фаолияти

Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва фаолияти

Муовия (р.а.)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[1] деб, айтадилар.

Ислом динимизни пок сақлашда, бегона ёд ақидалардан тозалашда мужтаҳид уламоларимиз, хусусан мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа (р.а.) кўп жонкуярлик билан умрларини ва вақтларини ушбу масалага бағишлаганлар. Шулар жумласидан мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа саъй ҳаракатлари билан динни, усулни, фиқҳни, ақидани тушунишга тўғри ва ишончли йўналиш юзага келди. Ушбу ишда динни нотўғри талқин қилувчилар, хилоф қиладиган одамларга тўғри, саҳиҳ жавоблар бериб, зарба берганлар.

Тўлиқ исмлари – Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий бўлиб, “Абу Ҳанифа” у кишининг кунялари, “Имоми Аъзам” (“Улуғ Имом”) улуғлигининг эътирофи ўлароқ, берилган унвон.

Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси, илоҳиятчи, фақиҳ, муҳаддис, улуғ имом. Имом Абу Ҳанифанинг калом илми, фиқҳ, ҳадис, сарф илмларидан бир неча китоблар ёзганлар.

Муҳаққиқ фақиҳ, фазилатли олим Собит ўғли Нўъмон ҳижратнинг 80-йилида Куфа шаҳрида (Ироқ) дунёга келди[2].

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг оталари Собит ибн Зутий асли форс бўлган. Оталари Термиз, Наса ва Анбор шаҳарларида яшаб охири Куфада қарор топган ҳамда Абу Ҳанифа айни шу шаҳарда дунёга келганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг оталари Али розияллоҳу анҳу билан учрашган ва ўзи ҳамда келажакда дунёга келадиган ўғли ва зурриёти ҳақига барака тилаб, дуоларини олган.

Кўпчилик тарихчилар, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳини тобиъийнлардан кейинги авлод мусулмонларидан, дейдилар. Аммо баъзилар у кишининг тобиъийн бўлганлари, саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан “Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир” ҳадисини ривоят қилганларини таъкидлайдилар.

Шунингдек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн ал-Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлар. Аммо уларнинг суҳбатларида бўлмаганлар. Саҳобани кўрган шахс тобиъийн бўлади, деган уломалар “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тобиъийн”, дейдилар. Саҳобани кўрса-ю, суҳбатини топмаса тобиъийн бўлмайди, дейдиган уломалар “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тобиъийн бўлмаган”, дейдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўша вақтнинг катта шаҳри бўлган Куфада ўсдилар. Кичикликларида Қуръони каримни ёдлаган. Манбаларда қироатни етти машҳур қорилардан бири сифатида танилган ва қироат устозларининг бошлиғи имом Осимдан олгани ривоят қилинади[3].

Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилар эдилар. Ипак сотар эдилар. Илм мажлисларидан кўра бозорда кўп бўлардилар. Кўпчилик эса, у кишидаги ақл-заковат ва ўткир зеҳн ила илмга уриниш лозимлигини таъкидлар эди. Охири, бу фикр Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзларига етказилди.

Дастлаб у киши ақоид илмини ўргандилар. Калом илмида донг таратдилар.

Яҳё ибн Шайбондан қилинган ривоятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтганлар: “Мен каломда тортишиш қобилияти берилган одам эдим. Бир муддат унга аралашиб юрдим, талашдим, тортишдим. Хусумат ва мужодала соҳибларининг кўплари Басрада эди. Бас, Басрага йигирма мартадан ортиқроқ бордим. Бир йилдан кўп ёки озроқ турдим. Хаворижларниг Абозия, Суфрия деган тоифалари ва бошқалар билан низолашдим. Ўша пайтда каломни илмларнинг афзали деб билар эдим. Бу калом дийннинг аслидир, дер эдим. Унда бир муддат умрим ўтганидан кейин ўзимни ўзим тергадим ва тадаббур қилдим”.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари Зуфар ибн Ҳузайл у кишидан қуйидагиларни ривоят қилади:

“Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтганини эшитдим: “Каломга назар солар эдим. Ҳатто, бунда менг бармоқ ила ишора қилинадиган даражага етдим. Биз Ҳаммод ибн Сулаймоннинг ҳалқаси яқинида ўтирар эдик. Кунлардан бир кун бир аёл келиб:

“Бир кишининг чўри хотини бор. Суннатга мувофиқ талоқ қилмоқчи бўлди. Неча талоқ қилади?” деди.

Ҳаммоддан сўрашга ва қайтиб келиб менга хабарини беришга амр қилдим. У Ҳаммоддан сўради. Бас, у: “Ҳайздан ва жинсий яқинликдан пок бўлганда бир талоқ қўяди. Сўнг икки марта ҳайз кўргунча тек қўяди. Қачон ғусл қилса, бошқа эркаклар учун ҳалол бўлади”, деди. Аёл қайтиб кетди.

Мен, каломга ҳожатим йўқ, дедим-да. Кавушимни олиб Ҳаммоднинг олдига ўтирдим. Мен унинг масалаларини эшитар ва гапини ёдлаб олар эдим. Эртасига қайтарса, мен ёдлаб олган бўлардим. Бошқалар хато қилишар эди. Бас, у: “Ҳалқанинг бошида. Менинг рўпарамда Абу Ҳанифадан бошқа ўтирмасин” деди”.

Абу Ҳанифанинг устозлари. Юқоридаги сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик роҳиялоҳу анҳуни кўриб, у кишидан “Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир” ҳадисини ривоят қилганларини, шунингдек, у киши Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн ал-Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлари ва кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осим ибн Абу Нажжуддан Қуръони каримни ёд олганлари зикр қилиб ўтилган эди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобиъийнлардан илм олгани ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. у киши қуйидаги зотлардан илм олганлар:

  1. Шаъбий. Асарга кўп эътибор берган зот эди.
  2. Икрима розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.
  3. Нофеъ розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.
  4. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу. Ибн Аббоснинг илми ўша кишида эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ у киши билан Маккада учрашган ва илм олиб, муноқашалар қилган.

Кейинчалик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳга ружуъ қўйдилар. Ўша вақтнинг катта машойихларидан дарс олдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар:

“Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим”.

  1. Ўша фақиҳ, аввал айтиб ўтилганидек, Ҳаммод ибн Сулаймон эди. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ у кишидан фиқҳни тўла эгалладилар. Устозлари вафот этгунча бирга бўлдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўн саккиз йил давомида Ҳаммод ибн Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар.

“Тарихи Боғдод” китобида имом Зуфардан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг Ҳаммод ҳақидаги қуйидаги хотиралар ривоят қилинади:

“Унинг суҳбатида ўн йил бўлганимдан кейин нафсим риёсатни тилаб қолди. Ундан ажраб ўзим учун алоҳида ҳалқа қурмоқчи бўлдим. Ўша ишни қилиш мақсадида бир куни кечқурун масжидга чиқдим. Масжидга кириб унга кўзим тушганида. Ундан ажрашни кўнглим кўтармади. Бориб, олдига ўтирдим.

Ўша куни Басрада унинг қариндоши вафот этгани ҳақида хабар келди. Ўша кишининг ундан бошқа меросхўри йўқ экан. Менга ўзининг ўрнига ўтиришимни амр қилди. Мен саволларга берган жавобларимни ёзиб бордим. У қайтиб келганида масалаларни кўрсатдим. Уларнинг сони олмишта эди. У қирқтасини тўғри, йигирматасини нотўғри деди. Шунда, ўлгунича ундан айрилмасликка қасам ичдим ва ўлгунича ундан айрилмадим”.

Шу билан бирга, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бошқа устозлардан ҳам дарс олар эди. У киши жуда кўп ҳаж қилар. Макка ва мадийнада кўплаб уломалар билан илм мажлислари қурар эдилар. Айниқса, тобиъийнлардан ҳадис ривоят қилар ва фиқҳ музокарасини олиб борар эдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Зайд ибн Али ибн Ҳусайн, Жаъфар Содиқ, Абдуллоҳ ибн Ҳасан Нафсуззакия ва бошқа улуғ кишилардан ҳам илм олганлар.

  1. Зайд ибн Али ибн Ҳусайн Зайнулобидийн розияллоҳу анҳу. У киши қироатлар ва улумул Қуръон илмлари, фиқҳ ва ақоид илмларида кўзга кўринган аллома эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ у кишидан икки йил дарс олганлар.
  2. Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳу. Бу зот Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан тенгдош бўлганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Аллоҳга қасамки, Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқдек фақиҳни кўрмаганман”, деганлар.
  3. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бу зотга шогирд тушганларини Маккий, Ибн Баззозий ва бошқалар таъкидлаганлар. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эдилар.
  4. Муҳаммад Боқир ибн Зайнулобидийн. Бу зот чуқур илмга эга бўлганлари учун “Боқир” лақабини олган эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ у зот билан Мадийнаи Мунавварада учрашганлар.

Устозлари Ҳаммод ибн Сулаймон вафот этганида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қирқ ёшда эдилар. Устознинг ҳалқадаги ўрнини эгалладилар. У кишининг дарслари, илмий баҳслари бора-бора фиқҳий мазҳабга айланди.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг 300 га яқин устозлари мавжуд. Шунингдек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган ва унинг асҳоблари жуда кўплиги манбаларда кўрсатилган[4].

Абу Ҳанифанинг шогирдлари: Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб ал-Ансорий бўлиб, Абу Юсуф куняси билан машҳурдирлар, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи, Абул Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Куфий раҳматуллоҳи алайҳи (204 ҳ.с.да вафот этган), Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий (204 ҳ.с.да вафот этган).

Абу Ҳанифанинг асарлари: Бутун Ислом оламига таълимоти ёйилган шундай етук фақиҳ, ишончли имом, буюк аллома Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ёзган китоблари ноёб илмий асарлар бўлиб. Замонлар оша мусулмонлар таянадиган илмий манба ва асос бўлиб қолиши табиийдир.

“Мўъжамул мусаннифин”, яъни “Мусаннифлар қомуси” китобининг муаллифи айтадики: Имом Абу Ҳанифанинг калом илми, фиқҳ, ҳадис, сарф илмларида бир неча китоблари мавжуддир, шулар жумласидан: “Китоб-с-солати” (“Намоз аҳкомлари китоби”), “Китобу-л-Маносик” (“Ҳаж китоби”), “Китобу-ш-шурут” (“Шартномалар ҳақида китоб”), “Китобу-л-фароиз” (“Мерос илми ҳақида китоб”), “Китобу-л-олим ва-л-мутааллим” (“Устоз ва шогирд ҳақида китоб”), “Китобу-л-фиқҳи-л-акбар” (“Катта фиқҳ китоби”), “Китобу-ал-васият” (“Васиятнома китоби”) ва бошқалар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[5].

Албатта ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Ушбу оятдаги ҳикматдан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар. Шундан келиб чиқиб имом Баздавий ушбу оятдаги: “Эй Муҳаммад!) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гузал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билгувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир”[6]. Ҳикматни фиқҳ ва шариат деб айтдилар. Аслида “ҳикмат” луғатда илм ва амалдир.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёт йўли, сермаҳсул фаолияти, ёзган асари ҳамма замон ва ҳамма маконларда кенг тадқиқ этилиб, кўплаб китоблар рисолалар яратган.

Шундай олимлардан бири Муҳаммад Абу Заҳв бир китобида ёзишича: Афсуски, баъзилар Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ “Оз ҳадис билган” деб ҳисоблашади ҳолбуки, бутун мусулмонлар Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг мужтаҳидлигини эътироф этган. Муждаҳидликнинг шартларидан бири эса Қуръони каримни ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини уларнинг маъноларини тўла чуқир билишдир.

Имом Бухорий ва Имом Муслим “Саҳиҳ”ларида Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳдан ҳадис келтирмагани у зотнинг ҳадис борасида заифлигини билдирмайди. Зеро биринчидан, Имом Бухорий ва Имом Муслим китобларида барча саҳиҳ ҳадисларни мўътабар имомларни қамраб олишмаган. Иккинчидан, кишининг фазилати зикр этилиши билан белгиланмайди. Чунки жуда кўп саҳобийлар ва Имом Шофиъий роҳматуллоҳи алайҳ каби мужтаҳидларнинг номлари ҳам икки китобда қайд этилмаган.

Каломшунослик шўъбаси раҳбари:
А.Муҳиддинов

[1] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

[2] Имоми Аъзам. “Асарлар”, Т.: Мовароуннаҳр, 2003 й.Б.9.

[3] Абу Бакр Розийнинг “Туҳфату-л-мулук” асари, Самарқанд – 2016. Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдуҳалим Муҳиддинов. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016 й. -Б.10.

[4] Жузжоний А. Ш. “Ислом ҳуқуқшунослиги Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари”. Т.: Тошкент ислом университети” нашрёти, 2002 й. -Б.110.

[5] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.

[6] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Наҳл сураси, 125-оят. –Б. 281.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …