Home / МАҚОЛАЛАР / ФАХРИДДИН РОЗИЙНИНГ ХОРАЗМШОҲ БИЛАН УЧРАШУВИ

ФАХРИДДИН РОЗИЙНИНГ ХОРАЗМШОҲ БИЛАН УЧРАШУВИ

Фахриддин Розий ўз илмий фаолиятида, хусусан, фалсафий рисолаларида қадимги юнон олимлари Аристотель, Гераклит, Эпикур, Демокритдан, шунингдек шарқнинг машҳур мутафаккирлари Форобий ва Ибн Сино асарларидан кенг фойдаланган ва уларга шарҳлар ёзган. Олимнинг “Мифтоҳ ал-улум”, “Ниҳоят ал-улум”, “Илм ал-ахлоқ” асарларида оламни билишнинг турли йўл ва усуллари, инсон доимо ўз билимини орттира бориши зарурлиги, уни ҳиссиёт, ақл ва тафаккур орқали қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида муҳим ғоялар олға сурилган.

Фахриддин Розий “Имамул-аимма” (Барча имомлар имоми), “Ал-Хатиб (Хитоб қилувчи)”, “ал-Мудаъвий (Даъватчи)”, “Зиёуддин (Диннинг зиёси)” каби унвонларга эга бўлган. “Фахриддин (Диннинг фахри) нисбаси унга дин соҳасида қилган хизматлари учун берилган. “Розий” атамаси эса, унинг асли Рай шаҳридан эканини билдирган.

Райдаги диний-сиёсий низолар сабаб ва илм-фан билан шуғулланиши учун бехавотир жой зарурати, қолаверса, бир гуруҳ олимларнинг Гурганжда жамлангани ва у ердаги эътиқод эркинлиги Розийни Хоразмга етаклаб келди. Тарихий манбаларнинг хабар беришича, Хоразмда ўша даврларда ва ундан кейин ҳам диний мутаассиблик ва радикал ҳаракатлар кўп кузатилмаган. Гурганжда жуҳуд маҳаллалари, мўътазилийлар, бундан ташқари шиалар, шофеъийлар, настуро (христиан ва монийликнинг уйғунлашгани) эътиқодидаги кишилар бир-бирлари билан тинч-тотув яшашган.

Ўн иккинчи асрда Хоразм империяси катта сиёсий мавқега эга бўлган. Унинг иқтисодий юксалишига – ирригация алоқалари ва экин майдонларининг кенгайиши, Хуросон, Мовароуннаҳр ва Дашти Қипчоқ билан бўлган савдо-сотиқ, янги ва эски қалъалардаги турмуш тараққиёти катта туртки берган. Бир сўз билан айтганда, бу давр – “Хоразмшоҳлар” даври эди. Худди мана шу шароитда илм-фан ва маданият гуллаб яшнади, архитектура ва ҳунармандчилик ривожланди. Бу даврда Маъмун Академияси давомчиларининг бутун бир авлоди етишиб чиқди. Фан оламида танилган Фахриддин Розийнинг замондошлари хоразмлик Абу Фазл Абул Қосим Баққолий Хоразмий (ваф. 1160 й.), Абу Али Ҳасан ибн Ҳорис Хоразмий (12аср), Шайх Нажмиддин Кубро номи билан машҳур Аҳмад ибн Умар Хивақий (ваф. 1221 й.), илк ўрта асрда Берунийдан кейин машҳур “Хоразм тарихи” асарини ёзган Муҳаммад ибн Арслон Аббос Хоразмий (ваф. 1172 й.)ни номини эсга олиш билан Хоразмда илм-фан ва маданиятга қизиқиш ниҳоятда кучли бўлганини билиш мумкин.

Фахриддин Розий 12 асрнинг тахминан 70 йилларида Хоразмга келади. Хоразмга келиш сабабини Розий ўзининг “Жомиъ ал-улум” асарининг муқаддимасида: “Хоразмшоҳ Алоуддин Такаш (1172-1200)нинг фан билан шуғулланиш учун тайёрлаган, дилларга хуш ёқувчи шароити”, деб ёзган.

Хоразмга келгач, Хоразмшоҳ билан бўлган учрашуви Алишер Навоийнинг “Ҳайратул-аброр” асарида мажозан шундай тасвирланган:

“Имом Фахриддин Розий билан Султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ҳаммомда ошнолик шамъин ёрутғони ва Имом сўзидин Султоннинг истиғнодин илик ювғони.

Зумраи роз аҳлинга маснад нишин,

Даҳр имамул – умами Фахри дин.

Қилди чу Хоразмни оромгоҳ,

Кўрмагига келмади Хоразмшоҳ.

Сўрголи ул гулки қадам қўймади,

Илм шукуҳи муни ҳам қўймади.

Шоҳни пушаймон килиб эрди уёт,

Лек имом айламади илтифот …

… Имом Фахриддин Хоразмни ўзига оромгоҳ қилганида, уни кўришга Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ келмади. Илмнинг қадр-қимматини сақлаб, бу ҳам бормади. Шоҳ қилмишидан уялиб, пушаймон бўлди. Лекин Имом бунга парво қилмади. Орада кўп пардали гап сўзлар ўтди. Бир куни Имом билан Шоҳ ҳаммомда кўришиб, шоҳ унга очилиб шундай савол берди:

– “Эй ўз илми билан элни баҳраманд этган, қиёмат ишларидан бир хабар берчи. У куни қандай машаққатлар юз беради? Ҳар бир кишининг аҳволи нима бўлади?

– Эй киёмат кунини билишни хоҳлаган одам. Қиёмат ҳақидаги саволга энг монанд жой шу ҳаммомдир. У ерда шоҳ билан гадо бир хил аҳволга тушиб, шоҳу гадо барчаси яланғоч юради. Амалдорлар, катталар ҳаммаси сенга ўхшаб, ичкарига киргач, уларнинг бору йўғи ташқарида қолади. Илму ҳунар эгалари эса менга ўхшаб нима йиққан бўлса, ўзи билан олиб киради. Султонликдан сенга у куни кўп фойда йўқ. Лекин менга илмим туфайли яхшилик кўп бўлади”.

Шундан сўнг Розий Хоразмшоҳ Такаш томонидан ҳурмат ва шараф топади ва Хоразмда муқим қолади. Имом Фахриддин Такашнинг ўғли Алоуддин Муҳаммаднинг йўлбошчи ва раҳбарига айланади. У Хоразмшоҳнинг илтимосига кўра, ўша давр мусулмон оламига маълум бўлган илмлар тахланган ва соф ҳолатда ихчамлаштириб қомус тузади.

Муҳаммад Арабий ва Ибн Касир ўзининг “ал-Бидоя ван-Ниҳоя” асарида Фахриддин Розий ҳақида шундай ёзади: “У киши юздан ортиқ асарлар муаллифидир. Шофиъий мазҳабида унинг асарлари муҳим аҳамият касб этади. Хоразм, Бухоро, Самарқандда яшаган. Ғазнада (1185 йилгача), Ҳиндистоннинг Панжоб ўлкасида ва Ҳиротда фаолият олиб борган. Ҳиротда катта мадраса қурдириб унда мударрислик ҳам қилган. У киши Хоразмда ва кўплаб шаҳарларда мадрасалар бунёд қилади. Соф олтиндан 80 минг (баъзи манбаларда юз минг) динор пули, кўчмас мулклари, чорвалари ва 50 дан зиёд турк қуллари бўлган. Доимо камбағалларни, етим-есирларни йўқлаб, уларни молиявий таъминлаб турган. Шу билан бирга фалсафа, эътиқод ва ақида борасидаги қарашлари ва ўткир воизлиги (икки тилда ваъз қилар эди) билан машҳур эди. Маърузасига шоҳлар, вазирлар, амирлар ва минглаб халқлар тўпланар эди. Маърузаларида исмоилийлар ва карромийларни қаттиқ қоралаб, уларнинг бузуқ ақидаларидан одамларни огоҳ этарди. Шу сабаб унинг шиалар, исмоилийлар ва карромийлардан кўплаб мухолифлари бўлган. Аллома Ҳиротда 1209 йили карромийлар томонидан заҳарлаб ўлдирилган”.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Фахриддин Розий. “Мафотиҳул ғайб”. –Байрут. Дорул фикр нашриёти. 1981 й.
  2. Доктор Муҳаммад Ҳусайн Заҳабий. “Ат-тафсиру вал-муфассирувн”. –Қоҳира. Мактабату Ваҳба нашриёти.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Қуръон илмлари”. Ҳилол-нашр нашриёти. 2013 й.
  4. Алишер Навоий. “Ҳайратул-аброр”. –Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1989 й.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …