Home / АЛЛОМАЛАР / МОТУРИДИЙЛИКНИ ҚАЙТА ТИРИЛТИРГАН АЛЛОМА

МОТУРИДИЙЛИКНИ ҚАЙТА ТИРИЛТИРГАН АЛЛОМА

Манбаларда тўлиқ исми Абул Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид Насафий Макҳулий шаклида келтирилади. Баъзи муаллифларнинг келтиришича, куняси “Абул Маъин” шаклида ўқилса-да, одатда тўғри ўқилиши “Абул Муъин” шаклида эканлиги таъкидланади. Турли манбаларда бобоси ва отасининг ҳанафий мазҳабига хизмат қилган олимлардан бўлганликлари келтирилади. Шогирдлари орасида “Ақоидун Насафий” номли асари билан шуҳрат қозонган Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 537/1142 й.) ва “Таъвилотул Қуръон”нинг шориҳи сифатида танилган Алоуддин Самарқандий (ваф. 539/1144 й.) каби исмлар ўрин олган.

Абул Муъин Насафий Имом Мотуридий томонидан асос солинган мотуридийлик мазҳабининг тўлиқ бир мактаб ҳолида шаклланишига ўзининг беназир ҳиссасини қўшган, бир неча машҳур диний олимларни етиштирган бир оилага мансубдир[1]. Баъзи манбаларда “ар-Радд ъала аҳлил бидаъ” (Ношир Мари Бернард. “Le Kitab al-radd ‘ala’1-bida’ D’Abû Muti’ Makhul al-Nasafi”, Annales Islamologiques [AIsl.], XVI таркибида Le Caire 1980, –Б. 8-126)[2] ва “ал-Луълуъиёт” номли асарларининг мавжудлиги таъкидланган Макҳул ибн Фазл Насафий (ваф. 318/930 й.) Абул Муъиннинг бобоси бўлганлиги маълум[3]. Манбаларда Абул Муъин Насафийнинг ҳижрий 508 йил  Зулҳижжа ойининг 25-си (1115 йил 22 май)да катта эҳтимол билан Бухорода вафот этганлиги келтирилган[4].

         Асарлари:

  1. “Табсиратул адилла фи усулид дин”. Муаллифнинг каломга оид энг ҳажмли асари бўлиб, унда илм назарияси, оламнинг яратилиши, Аллоҳнинг борлиги ва сифатлари, нубувват ва рисолат, самъийёт масалалари ёритилган. Бу асар Имом Мотуридийнинг жаҳонда ягона бир нусхаси мавжуд бўлган “Китобут Тавҳид”ини топиш жуда узоқ вақт давом этган даврда мотуридийлик мазҳабининг қарашларини акс эттирган асосий манба вазифасини ўтаган. Мазкур асар ҳам муаллифнинг, ҳам мотуридийлик таълимотининг калом соҳасида ёзилган энг ҳажмдор асардир. Асарда Мотуридийдан бошлаб, турли мазҳабларга мансуб олимлар, уларнинг қарашлари ва асарлари ҳақидаги маълумотлар, калом тарихи ва каломшунослар (рижол) жиҳатидан, айниқса, бугунги кундаги тадқиқотларимизга ойдинлик киритиши катта аҳамиятга эга[5]. Худди ашъарийлик мактаби ривожи учун Қози Абу Бакр Боқиллоний хизмат қилгани каби, Абул Муъин ҳам бу асари билан мотуридийлик таълимоти ривожига ўз ҳиссасини қўшди. Унинг мотуридийликка оид ақидавий қарашлари у яшаган даврга кўра батамом бошқача ва янги усул бўлиб, ҳозирги замон тилида айтиладиган бўлса, “семантик усул” деб аталиши мумкин бўлган бир услубни тақдим этиши[6], бу мактабнинг тизимли бир ҳолга келтирилиб, чуқурлаштирилишида ҳал этувчи роль ўйнаганлигини, аммо, ундан кейин бундай услуб давом эттирилмаганлигини таъкидлаш жоиз.

“Табсиратул адилла”нинг Истанбул ва бошқа турли ўлкалардаги кутубхонларда қўлёзма нусхалари мавжуд. Ушбу нусхалар асосида илк бор Муҳаммад Анвар Ҳамид Исо Абдуззоҳир томонидан Мисрда таҳқиқ шаклидаги докторлик иши олиб борилган (Жомеъатул Азҳар, Куллияту Усулид дин. Қоҳира, 1397/1977 й.). Кейинчалик асар Клауд Салама томонидан икки жилд ҳолида (Дамашқ 1-2, 1990-1993 йй.) нашр қилинган. Асарнинг бошқа бир нашри эса 1-жилди Ҳусайн Атай томонидан (Анқара, 1993), 2-жилди эса Ҳусайн Атай ва Чабан Али Дузгун ҳаммуаллифлигида (Анқара, 2003) амалга оширилган. Асар бўйича Туркияда Меҳмет Саид Узерварли (Ebü’l-Muîn en-Nesefiye ait Tebsıratul-edille’nin Kaynaklari, MÜSBE, Yüksek Lisans Tezi, İstanbul 1988) ва Ҳ. Сабрий Эрдем (Tabsiraya Semantik yaklaşım, AÜSBE, Doktora Tezi, Ankara 1988)лар томонидан икки аспирантлик тадқиқот ишлари олиб борилган.

  1. “ат-Тамҳид”. Асарнинг тўлиқ номи, унинг кунимизгача етиб келган турли қўлёзма нусхаларида бир-биридан фарқли кўринишда қайд этилиши билан бир қаторда, одатда бу асарнинг “ат-Тамҳид” шаклида бошланган номининг давомида бир хил маънони англатадиган турли сўзлар билан тугатилгани кузатилади. Дарҳақиқат, бу хил фарқли сарлавҳалар асарнинг шу кунгача қилинган турли нашрларида ўз аксини топган. Асарнинг Ҳабибуллоҳ Ҳасан Аҳмад томонидан ҳажмдор бир муқаддима илова қилинган ҳолдаги нашрида “Китобут Тамҳид ли қоваъидит Тавҳид” (Қоҳира, 1406/1986, “Муқаддима”, 112 саҳифа, “Матн” –Б. 113-411+Библиография-индекс, –Б. 412-432) шаклида номланган бўлса, Абдулҳай Қобил томонидан амалган оширилган нашрда “ат-Тамҳид фи усулид дин” кўринишда номланганлигини кўришимиз мумкин (Қоҳира, 1987). Асарнинг мазкур икки нашридан сўнг Муҳаммад Абдурраҳмон Шағул Шофиъий Ашъарий томонидан амалга оширилган нашрда эса, ҳар икки номнинг ҳам “ат-Тамҳид фи усулид дин ав ат-Тамҳид ли қоваъидит Тавҳид” қўлланганлигини кўриш мумкин (Қоҳира, Мактабатул Азҳарийя лит турос). Асарнинг Истанбулдаги турли кутубхоналарда сақланаётган турли қўлёзма нусхаларини қайд этган Мустафо Саид Язижи ўғли Анқара университети Илоҳиёт факультетини битириш арафасида диплом иши сифатида “ат-Тамҳид”нинг қўлёзма нусхасига таянган ҳолда уни турк тилига таржима қилганлиги маълум (Анқара, 1971)[7]. Бундан ташқари, асар Ҳуля Алпер томонидан 18 саҳифалик Муқаддима илова қилинган ҳолда “Тавҳиднинг асослари – Ктобут Тамҳид ли қоваъидит тавҳид” номи остида турк тилига таржима қилиниб, нашр этилган (Истанбул, 2007. Iz Yayıncılık).

Асарга машҳур ҳанафий фақиҳи Ҳусомиддин Ҳусайн ибн Али ибн Ҳажжож Бухорий Сиғнакий (ваф. 714/1314 й.)[8] томонидан “ат-Тасдид шарҳут Тамҳид фи қоваъидит Тавҳид” номли шарҳ амалга оширилган[9].

Абу Мансур Мотуридийнинг хоҳ тафсир, хоҳ калом соҳаларида энг кучли издоши ва унинг билвосита шогирди, шубҳасиз, ундан икки аср кейин яшаб ўтган Абул Муъин Насафийдир. Насафий имом Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” номли ҳажмдор тафсирини шарҳлагани каби, яна бу буюк имомнинг “Китобут Тавҳид” асари асосида асар ҳажмини икки баравар ҳажмга орттириб, “Табсиратул адилла” асарини ёзган ва жаҳонда ягона нусхаси топилган бу муҳим асарнинг тўғри тушунилиши ва қўлланилишини таъминлаган. Унинг “ат-Тамҳид” асари эса, катта ҳажмли бўлган “Табсиратул адилла”нинг ёзув услубига мос равишда таълиф этилган ва китобнинг хулосаси кўринишида бўлган мухтасар бир асардир[10]. Ислом оламида айни шу ном билан бошланган (ат-Тамҳид) бошқа намуналарининг шоҳиди бўлганимиз бу китоблар ҳар қандай илм-фаннинг асосий масалаларини тартибли равишда тақдим этиш орқали у илмнинг масалаларини каттароқ ҳажмдаги китоблар орқали муҳокама қилишга тайёргарлик кўришни мақсад қилган асарлар эканлигига гувоҳ бўламиз. Аммо “ат-Тамҳид”нинг: “Усулид диннинг тушунилиши (идрок этилиши) мақсадида юриладиган йўлнинг очилиб, кенгайтирилиши” маъносини ўзида акс эттирган сарлавҳа бизга бу китобнинг асосий мақсади нима эканлигини кўрсатади[11].

  1. “Баҳрул калом”. Тўлиқ номи “Баҳрул калом фи ақоиди аҳлил ислом” шаклида бўлган бу асар баъзи қўлёзма нусхаларида “Баҳрул афкор, Ақоиди Абул Муъин ан-Насафий”, баъзиларида эса мунозара услубида ёзилган бир асар эканлигини акс эттирган “Мубаҳасату Аҳлис сунна вал жамоа маъал фирақиз золла вал мубтадиъа” шаклида номланган[12]. Манбаларда ушбу асарга Ҳасан ибн Абу Бакр Мақдисий (ваф. 836/1432 й.) томонидан “Ғоятул маром фи шарҳи Баҳрул калом” номи билан бир шарҳ ёзилганлиги[13], шарҳнинг баъзи нусхалари Истанбулдаги турли кутубхоналарда (Қаранг: Нуру Усмония кутубхонаси №1690/3; Сулаймония кутубхонаси, Ҳасан Ҳусни Пошо бўлими, №1154; Қора Чалабийзода, №159, 723, 724) сақланаётганлиги маълум[14]. Бундан ташқари, асарга Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорий номли муаллиф томонидан “Шарҳу Баҳрил калом” номи билан бошқа бир шарҳ ҳам ёзилганлиги таъкидланади[15]. Мавзуларнинг жойлашиш тартиби ва ёритилганлини нуқтаи назаридан муаллифнинг каломга доир бошқа икки асаридан (ат-Тамҳид ва Табсира) фарқли бир кўринишга эга бўлган ва улардан кичикроқ ҳажмдаги “Баҳрул калом”нинг қўлёзма нусхалари турли кутубхоналарда сақланаётганлиги маълум. Ўрта бўйли, 58 саҳифа атрофидаги ҳажмга эга бўлган Қоҳира (1329 й.) ва Коняда (1329 й.) босилган бу асарнинг Монастирли Лали Ҳасан Афанди томонидан 1022/1613 йилда турк тилига таржима қилинганлиги таъкидланади[16].

“Баҳрул калом”нинг Жамил Акпинар томонидан “İslâm İnançları ve Mezhepler Arasındaki Görüş Farkları” (Ислом ақидалари ва мазҳаблар орасидаги фарқли қарашлар) номи билан нашр этилган (Конья, 1977) яна бошқа бир турк тилига қилинган таржимаси ҳам мавжуд.

  1. “ал-Ифсод ли будаъи аҳлил илҳад”. Муаллифнинг “Табсира” асарида келтирган изоҳига кўра, бу асар ботинийларнинг суҳбатдошларига таъсир ўтказиш учун қўлланадиган усулларини (хиял) фош қилиб, уларга раддия тариқасида ёзилган асардир[17].
  2. “Шарҳу Таъвилотул Қуръон”. Маълум бўлганидек, шахсан Имом Мотуридий томонидан ёзилмай, унинг шогирдлари билан бирга ўтган дарс ҳалқалари жараёнида унинг маъруза (тақрир)лари давомида шогирдлари томонидан қайд этилган ёзувлардан иборат “Таъвилотул Қуръон” Мотуридий шогирдларининг шогирди бўлган Абул Муъин Насафий томонидан ҳам ўз навбатида шогирдларига дарс қилиб ўқитилган, унинг бу дарслар асносида берган изоҳлари эса шогирди Алоуддин Самарқандий (ваф. 539/1144 й.) томонидан устозидан кейин йўқолиб кетишининг олдини олиш мақсадида “Шарҳу Таъвилотул Қуръон” номли бир жойга жамлаб, тартибга келтиргани ва уларни ўзига нисбат бериб, бир китоб ҳолига келтирганини таъкидлайди[18]. Аслида таркиби Абул Муъин Насафий берган изоҳлардан ташкил топган, манбаларда эса Алоуддин Самарқандийга нисбат берилган бу шарҳнинг таркиб жиҳатидан Насафийга оидлиги таъкидланади. “Шарҳу Таъвилотул Қуръон” асарининг Истанбул ва жаҳоннинг турли кутубхоналарида бир неча қўлёзма нусхаси сақланаётганлиги маълум[19].

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи
 
[1] Қаранг: Yusuf Şevki Yavuz. Nesefi. Ebü’l-Muîn. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси). Ж.XXXII. –Б. 568.
[2] Асар ҳақида маълумот учун қаранг: Keith Lewinstein. Doğu Firak Geleneği üzerine Mülahazalar. (Sönmez Kutlu-Muzaffer Tan таржимаси) Imam Maturidi ve Maturidilik. Ankara, 2003. –Б. 93-96.
[3] Қаранг: Ilyas Üzüm. Nesefi, Mekhûl b. Fazl. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси). Ж.XXXII. – Б. 570.
[4] Батафсил маълумот учун қаранг: Metin Yurdagür. Kurucusundan Sonra Matüridiyye Mezhebinin En önemli Kelâmcısı Ebü’l-Muîn en-Nesefi’nin Hayati ve Eserleri. Diyanet Dergisi. XXI/4. Ankara, 1985. –Б. 27-43.
[5] Қаранг: Muhammed Aruçi. Tebsıratii’l-edille. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси). Ж.XL. –Б. 225.
[6] Қаранг: Фахриддин Розий. Каломга кириш [el-Muhassal]. “Таржимон Муқаддимаси”, (Hüseyin Atay таржимаси) Ankara, 1978. –Б. 2; Mustafa Said Yazicioglu. Mâtürîdî ve Nesefi’ye Göre insan Hürriyeti Kavrami. Istanbul, 1992. –Б. 14-17; H. Sabri Erdem. Tabsira’ya Semantik Yaklaşım (AÜSBE, нашр этилмаган докторлик тезиси), Ankara 1988. –Б. 74.
[7] Қаранг: Mustafa Sait Yazıcıoglu. Mâtüridî Kelam Ekolunun iki Büyük Siması: Ebû Man Mâtürîdî ve Ebû’l Mu’în en-Nesefi. Imam Maturidi ve Maturidilik. Ankara, 2003. –Б. 169-170. Ат-Тамҳиднинг хориждаги нусхалари учун қаранг: Habibullah Hasan Ahmed. Mukaddime. Китобут Тамҳид ли қоваъидит Тавҳид. –Б. 55-61.
[8] Батафсил маълумот учун қаранг: Rahmi Yaran. Siğnâkî. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси), Ж. XXXVII. – Б.164-166.
[9] Қаранг: Котиб Чалабий. Кашфуз зунун. Ж.1. –Б. 403; Rahmi Yaran. Siğnâkî. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси), Ж. XXXVII. – Б.164; Ahmet Özel. Hanefi Fıkıh Alimleri. Ankara, 2013. –Б. 127.
[10] Асар Hülya Alper томонидан турк тилига таржима қилиниб, нашр этилган (İstanbul 2007). Қаранг: Hülya Alper. Tevhidin Esasları. Таржимон Муқаддимаси. –Б. 17.
[11] Қаранг: Bekir Topaloğlu. Mâtürîdî Ekolunun Anlaşılmasına Doğru. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси). –Б. 11.
[12] Қаранг: Котиб Чалабий. Кашфуз зунун. Ж.1. –Б. 225; Brockelmann. GAL. Ж.1. –Б. 547; Suppl. Ж.1. –Б. 757; Metin Yurdagur. Bibliyografik Bir Kelam Tarihi Denemesi. İstanbul, 1989. –Б. 85-86; A. Jf. Wensinck. Nesefi [Ebü’l-Muin]. İA. Ж.IX. –Б. 199; Yusuf Şevki Yavuz. Bahrü’1-kelâm. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси), Ж.IV. –Б. 516.
[13] Қаранг: Исмоил Пошо Бағдодий. Ийзоҳул макнун. Ж.II. –Б. 141.
[14] Қаранг: Metin Yurdagur, a.g. e., s. 86; Yusuf Şevki Yavuz, DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси), IV, 516.
[15] Қаранг: Murteza az-Zebidi. Ithafus sadetil muttekin bi şerhi esrari İhyai ulumid din. Қоҳира, 1311. Ж.II. –Б. 3.
[16] Қаранг: Сулаймония кутубхонаси, Hamidiye бўлими, № 176, в. 1b; Yusuf Şevki Yavuz. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси), Ж. IV. –Б. 516.
[17] Қаранг: Абул Муъин Насафий. Табсиратул адилла. (Claude Salame нашри). Ж.II. –Б. 837; Yusuf Şevki Yavuz. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси), Ж. XXXII. –Б. 570.
[18] Қаранг: Yusuf Şevki Yavuz. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси). Ж. XXXII. –Б. 569.
[19] Қаранг: Hacı Mehmet Gunay. Semerkandi, Alaeddin. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси). Ж. XXXVI. –Б. 471; Bekir Topaloglu. Te’vîlâtü’l-Kur’ân. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси). Ж.XLI. –Б. 33; Yusuf Şevki Yavuz. DİA (Туркия дин ишлари ислом Энциклопедияси). Ж. XXXII. –Б. 570.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …