Home / МАҚОЛАЛАР / ҲИЖРИЙ ИЛК УЧ АСРДА МОВАРОУННАҲРДАГИ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ҲИЖРИЙ ИЛК УЧ АСРДА МОВАРОУННАҲРДАГИ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келиши билан диний таълим ва у билан боғлиқ илмлар ҳам ривожлана бошлади. Айниқса, диний ва дунёвий илмлар узвий ҳолда тараққий этди. Айнан шу даврдан бошлаб ҳудудларда мактаблар ва мадрасалар пайдо бўла бошлади. Мадрасалар қадимдан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида алоҳида нуфузга эга ўқув маскани сифатида катта обрў-эътибор қозонган. Кўҳна Бухоро ҳам ўзининг кўп сонли мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланган. Бу анъана кейинги асрларда ҳам давом этган. Шу сабабли аксарият муаллифлар Бухоро ҳақида сўз кетганда аввало унинг шу жиҳати билан таърифлаганлар. Хусусан аштархонийлар даври муаррихи Маҳмуд ибн Вали (XVII аср) Бухоронинг илм тарқатувчи марказ сифатидаги хизматини шундай баҳолайди: “Олимларнинг кўплигидан, уни олимлар ва илм-фан булоғи деб атайдилар”. 

Мовароуннаҳр диёридаги дастлабки ҳижрий илк уч асрда таълим масканлари сифатида куттоб (мактаб)лар, масжидлар, мадрасалар, мунозара мажлислари, работлар ва хонақоҳлар фаолият юритган.

Куттоб (мактаб)лар

Ислом оламида болаларга аввал ўқиш, сўнг ёзиш ўргатилган, илк ўқиш китоби сифатида Қуръони карим танланган, ҳозирги кунда бошланғич таълим муассасаларига тенг бўлган таълим маскани куттоб деб аталарди. Ўқиш ва ёзиш баробарида Араб тили грамматикаси, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳақларида қиссалар, енгил ҳисоб-китоб ва баъзи шеърлар ўргатиларди. Бутун таълим жараёнида хотирада сақлаш ва ёд олишга алоҳида эътибор бериларди[1]. Ислом динининг ёйилиши жараёнида мусулмонларнинг бошланғич таълим маскани ҳисобланган мактабларда таълим берувчи устозларнинг кўпчилигини мусулмон бўлмаган кишилар, насроний ва яҳудий ўқитувчилар ташкил этарди[2].

Турк олими Зиё Казижи мактабларни икки турга ажратиб, бири – болалар ўқиш ва ёзишни ўрганган мактаблар бўлса, иккинчиси, Қуръон ва дастлабки диний илмлардан сабоқ берилган мактаблар мавжуд бўлганини таъкидлайди. Шунингдек, мусулмон бўлмаган устозларнинг болаларга ўқиш ва ёзиш ўргатиладиган мактабларда фаолият олиб борганини, диний таълим бериладиган муассасаларда ғайри мусулмонларнинг таълим бериши ақлга сиғмаслигини алоҳида таъкидлайди[3]. Қишлоқ, туман ва шаҳарлардаги деярли ҳар бир маҳаллада эҳтиёжга кўра мавжуд бўлган бир ёки бир нечта мактаблар бир масжид биносига ёпишган ҳолда қурилгани боис баъзи дарслар масжид ичида ҳам ўтказиларди. Аксарият ҳолларда ўғил болалар таълим олган бу муассасаларда қиз болалар ҳам таълим олишарди[4]. Мактабларда маълум бир ёш чеклови бўлмагани учун кўпинча турли ёшдаги ўқувчилар бир синфда, баъзан эса ёшларига кўра синфларга ажратилган ҳолда дарс бериларди. 5-7 ёшларида таълим олишни бошлаган ва 4-6 йил давомида таълим олган ўқувчилар жума кунидан ташқари ҳафтанинг олти кунида қуёш чиққанидан ботгунига қадар таълим олиш билан шуғулланар эди[5].

Куттоблардаги ўқитувчиларни муаллим ёки “муктиб” деб чақиришарди[6]. Бу ўқитувчилар дастлаб болаларга ёдланиши ва тушунилиши осон ва қулай бўлган кичик ва енгил китоблар­ни танлашарди[7]. Мактаблардаги таълим услуби ўқитув­чи­нинг сўзларини кўп бора такрорлаш асосига таянган ёд олишдан иборат эди[8].

Мовароуннаҳр диёрида Бухоро ва Самарқанд шаҳар­лари­да ҳам болаларнинг дастлабки таълим олиш масканлари куттоб­лардан иборат эди[9]. Тарихчи Шамсиддан Заҳабий таъкид­лаши­ча, буюк ватандошимиз – ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари ҳам таълим фаолиятини ўн ёши­да Бухородаги бир куттобда бошлаган[10]. Бироқ Бухорода фаолият олиб борган куттоблар сони ва дарс программаси ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Самарқандлик оилалар шаҳар марказида фаолият олиб борган бундай таълим муассасаларидан фарзандлари фойдаланишлари учун турли фидокорликлар қилганликларини алоҳида таъ­кид­лаш жоиз. 233/547 йилда Самарқанднинг Абгор ноҳиясида жойлашган Ҳаръун қишлоғида яшаган икки ака-укани отаси таълим олишлари учун онасига қўшиб шаҳарга жўнатади. Онаси эса уларни боқиш учун уч йил давомида жун тўқиб тирикчилик қилади[11].

Мактабни тугатган ўқувчилар баъзи олимлар­нинг уйлари­да бериладиган таълимда иштирок этганлари каби масжидларда бериладиган дарсларга ҳам қатнаша оларди[12]. Уйларида алоҳида дарс берувчи устозларни “муаддиб” деб аташарди[13]. Имом Бухорий куттобдаги таҳсилини тамомлагач, устози ад-Дохилий ва бошқа олимларнинг уйларига бориб дарс ола бошлаганди[14]. У Бухорода “Сиккатуд деҳқон” (Деҳқон кўчаси) деб номланган мавзеда яшаб, у ерда, унинг уйида дарслар ташкил этиларди[15]. Имом Бухорий таҳсилини тамомлаб, дарс беришни бошлаганида Бухоро волийси Холид ибн Аҳмад унинг ҳузурига бир элчи жўнатиб, ёзган асарларини унинг ўзидан эшитиш истагида эканлигини билдиради. Бухорий эса илмни камсита олмаслигини, кишиларнинг уйига бориб дарс бермаслигини, агар волий илм олиш истагида бўлса, Бухорий ҳозир бўлиб турган масжид ёки уйига келиши шартлигини айтади[16].

Сомонийлар даврида сарой маъмурлари фарзандларига хусусий, алоҳида таълим ташкил этишарди. Сомоний ҳукм­дор­­ларидан Исмоил ибн Аҳмад (295/907) ўғли Аҳмад­нинг таҳсили учун алоҳида бир муаддиб тайинлаганди. Муад­диб дарс асносида болани ҳақоратлайди, кейинчалик муаддиб пушаймон бўлишига қарамасдан Исмоил ибн Аҳмад томони­дан унга ҳадялар юбориб, ҳурмат кўрсатади[17]. Сомонийлар даврида наҳв (араб тили грамматикаси) ва луғат соҳасида муваффақият қозонган шоир Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Али ал-Форисий Бухорода сарой амалдорлари фарзандларига дарс берарди. Шу даврнинг шоирларидан бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Аббос ал-Хоразмий шеър, наҳв ва луғат китобларидан дарс берарди[18]. Самарқанд ва Бухорода муаддиб унвони билан кўплаб олимлар фаолият кўрсатган эди[19].

Жомеъ-Масжидлар

Ислом маданияти ва санъатининг кенг ёйилишида жуда муҳим рол ўйнайдиган масжидлар ҳам таълим-тарбия фаолияти тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Исломнинг дастлабки йилларидан бошлаб масжидларда дарс ҳалқа­ларини яратиш орқали таълим-тарбия ишлари олиб борилди. Масжидлар деярли барча маълум фанлар босқичма-босқич ривожланиб борадиган жойларга айланди[20]. Ислом динида масжид мактаб вазифасини бажарган. Масжидларда илм олиш учун ўқитувчи атрофида тўпланган талабалар илм ҳалқаси деб номланарди[21]. Катталар таълими учун масжидларда яратилган ушбу дарс ҳалқаларида ҳар ким эркин иштирок этиш ҳуқуқига эга эди[22]. Дарс ҳалқалари маълум қоидалар доирасида ташкил этиларди. Дарсни ўтаётган олимга ёрдам берувчи киши – мустамлий (имлочи, ассистент) бор эди. Ибн Ҳиббоннинг ассистентлигини Ҳаким Нишопурий ўн уч ёшидаёқ амалга оширган эди[23].

Мовароуннаҳр ҳудудида Бухоро ва Самарқанд масжидлари таълим ва тарбия олиб бориладиган илм марказларига айланган эди. Уйлари масжидга яқин бўлган олим­лар масжидда ҳар қандай илмий мажлис қурилса, албатта унда иштирок этишга ҳаракат қиларди. Олимлар ва илмий суҳбатларни эшитишга келганлар баъзида масжидга сиғмас, ҳатто, масжид ҳовлиси ва йўллар тўлиб кетарди[24]. Бухородан Бағдодга бориб, Муҳаммад ибн Ҳусайн Шайбонийга шогирд тушган Абу Ҳафс Кабир Бухорий Бухорода кўп инсонларга таълим берган тақволи ва илмли кишилардан эди. Бухородаги масжидлардан бирида ҳар куни бомдод намозидан кейин толиби илмларга дарс бериш учун кутиб турарди. Бу ҳақда тарихчи Наршахий батафсил маълумот берган[25].

Бухоро ва Самарқанд масжидларида фаолият юритган имом ва муаззинлардан айримлари илм-фан билан шуғулла­нув­чи олимлардан иборат эканлиги масжидларда ҳам илмий фаолият ҳукм сурганлигидан далолатдир. Зуҳд ва илм соҳиби бўлмиш Абул Муғийра Бухорода ўттиз йил давомида муаззинлик билан шуғулланган[26] бўлса, Абу Саҳл Сарий ибн Саҳл[27] ва Абу Саҳл Сурайж ибн Мусо ҳам Бухорода муаззинлик фаолияти билан шуғулланган олимлардан эди[28]. Абу Ҳафс Умар ибн Ҳаннод Бухородаги Суфр масжиди муаззини эди[29]. Абу Бакр Муҳаммад ибн Собир ибн Котиб ибн Абдурраҳмон[30] ва Абу Али Ҳусайн ибн Масъуд ибн Абдуллоҳ ҳам муаззинлик билан шуғулланган олимлардан эди[31]. Самарқандлик олим Аҳмад ибн Абу Абдуллоҳ эса Самарқанд масжидларидан бирида имомлик қиларди[32]. Бундан ташқари, самарқандлик олим ва зоҳид Абд ибн Амбар Барқиййин масжиди муаззини[33], Аббос ибн Иброҳим Муаззин Самарқандий[34] ва Абу Наср ибн Жаъфар ибн Осим Самарқандийлар ҳам муаззинлик фаолияти билан шуғулланган олимлар сирасидан эди[35].

Мовароуннаҳр масжидларида дарс берган олимлар дарс вақтларини ўзлари белгилашарди. Дарс вақтлари асосан, бомдод[36] ва пешин намозларидан сўнг[37] бўлгани каби баъзи олимлар дарсларини намоздан олдин беришарди[38].

Бухоронинг энг кўзга кўринган масжидлари орасида Масжидул Жомеъ[39], Масжиди Моҳ[40] ва Бухоро жомеси[41] алоҳида ўрин тутади. Самарқанддаги масжидлардан эса “Сиккатул Муқотил”[42], “Сиккатул Аббод”[43], “Шаҳуя”[44], “Бакриййин”[45], “Ал-Манора”[46], “Рас”[47], “Изза”[48], “Абул Аббос Қоид”[49] ва “Фузайл”[50] масжидлари машҳур эди. Бундан ташқари, Бухородаги Сикижкас қишлоғида бир масжид қурилиб, унда жума намози адо этилди[51]. Шунингдек, Бухорода Шом масжиди мавжуд бўлиб, унинг фақиҳлари шомийлар деб аталарди[52].

Мадрасалар

Илк мадрасалар вужудга келган географик ҳудуд милодий тўққизинчи аср охирларидаги Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудига тўғри келади. Мазкур ҳудудда мадрасаларнинг пайдо бўлишига будда монастирлари (вихара)нинг салмоқли таъсир кўрсатгани тахмин қилинади. Бу ҳудудда Баддавийлик таъсири ортиб, бу динга эътиқод қилувчилар азалий анъаналарга эга бўлди. Монастирлар Ўрта Осиёнинг исломий анъаналарига икки жиҳатдан таъсир кўрсатган деб ҳисобланади: биринчиси, буддавийлик анъанаси илк ислом тасаввуфи учун намуна ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилди, иккинчиси эса, будда монастир ва мажмуаларда қўлланиладиган таълим тизимининг илк мусулмонлар учун намуна бўлганидир. Мусулмон дин аҳли ёки буддавийликдан мусулмонликни қабул қилган олимлар олдинги таълим тизимини тарк этмасдан, уларни исломийлаштириб, илк мадрасаларни ташкил этганлар[53]. Ислом оламида мадраса даражасидаги ўқув муассасаларининг энг қадимгилари Бухорода бўлгани тахмин қилинади. Низомулмулк Бағдодда машҳур Низомия мадрасасини таъсис этаркан, буюк эҳтимол билан у Шарқда мавжуд бўлган таълим муассасасидан нусха олган эди. Шарқ минтақасидаги бу муассаса айнан Бухорода эди. Шу билан бирга, кучли эҳтимолга кўра, Бухоро мадрасаларнинг ватани бўлиши мумкин[54].

Низомулмулк Бағдодда Низомия мадрасасини милодий XI асрнинг охирларида қурдирган. Ҳолбуки, Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудида мадрасалар ушбу санадан илгари мавжуд бўлиб, хуросонлик Низомулмулк бу мадрасаларни кўрган эди[55]. Низомулмулк Бағдодда Низомия мадрасасини қурдирмасидан олдин ҳам Макка, ҳам Мадинада дарслар бергани учун Имомул Ҳарамайн номи билан машҳур бўлган шофиъий фиқҳи олими Абул Маъолий Абдулмалик ибн Шайх Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Ҳаййуна учун Султон Алпарслон ҳукмронлиги даврида Нишопурда Низомия мадрасасини қурдирган эди[56]. Низомулмулкнинг мадраса қурдиргани ҳақидаги шуҳрати Бағдодда ҳам илк буюк мадрасани қуришига сабаб бўлганди[57].

Сомонийлар даврида ҳам Мовароуннаҳр ҳудудида жойлашган Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида мадрасалар мавжуд бўлгани ва уларда таълим ва тарбия ишлари олиб борилганини кўришимиз мумкин. Бухоронинг Сарғ[58] мавзесидаги масжидни Туғрулбей буздириб, масжид ёғочларидан Сувайкатул Баққолин номли жойда бир мадраса қурдирган. Кейинчалик бу мадраса Гулар Текин номи билан аталди[59]. Сомоний ҳукмдорларидан Музаффар ибн Аҳмад ибн Наср ибн Аҳмад Самарқандда диний илмлар билан бир қаторда тиббиёт, астрономия, табиий фанлар ва тарих соҳасидаги олим Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон Бустий (ваф. 354/965) учун бир таълим муассасаси қурдирган[60]. Мазкур бино айниқса, ҳадис илми аҳли учун кўкаламзор бир мадраса бўлгани таърифланади[61].

Сомонийлар амири Саид Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил даврида 325/936 йилда Бухорода катта бир ёнғин юз берган. Бу ёнғинда Бикор маҳалласидаги Фаржек мадрасаси ҳам ёниб кетганди[62]. Бухоронинг Жаъжония қишлоғидан бўлган фақиҳ Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорис, Имом Абу Бакр ибн Фазл Киморий мадрасасида истиқомат қилар эди[63]. Бундан ташқари, Бухорода Абу Ҳафс мадрасаси ҳам мавжуд бўлиб, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Шоҳувайҳ (ваф. 361/965) Бухорога келса, шу мадрасада қолиб, дарс берарди[64]. Самарқанддаги Дорул Жузжонияда қози Абу Наср ибн Абдуллоҳ ибн Ашъас Кушоний таҳсил олди. Абу Наср юз ўн ёшида 443/1051 йилда вафот этди[65]. 502/1108 йилда вафот этган Абу Яъқуб Юсуф ибн Муҳаммад Соғаржий Самарқанддаги Сиккату Ҳаити Ҳайён мадрасасида таълим берган[66]. Бу мадраса Сомонийлар томонидан қурдирилган деб тахмин қилинади[67]. Шунингдек, Самарқандда Раъсу Сиккати Амир мадрасаси[68] ва Қусам ибн Аббос номи билан аталган Қусам мадрасаси фаолият олиб борган[69].

Сомонийлар даврида мавжуд бўлган мадрасалар билан кейинги даврдаги мадрасалар орасидаги асосий фарқлар уларнинг даврнинг машҳур олимлари томонидан маъруза қилишлари учун ташкил этилгани ва фаннинг маълум бир соҳаси бўйича таълим бериш мақсадида қурилганида дейиш мумкин. Шу билан бирга бошқа мадрасаларда бўлгани каби Сомонийлар даври мадрасалари ҳам бир тартиб ва тизимга эга бўлганини кўриш мумкин[70]. Абул Қосим Қураший талабалар мадраса дарсларига ғусл, таҳорат олган ва рўзадор ҳолида қатнашганини алоҳида таъкидлаган. Шу билан бирга, талабалар устозларига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлгани ҳақида келтирган[71].

Бухоро ва Самарқанд мадрасалари эҳтиёжларини таъмин­лаш ва талабаларнинг харажатларини қоплаш мақсадида Вақф муассасаси мавжуд бўлганини кўриш мумкин. Бухоро қишлоқларидан бири Афшонанинг ерлари толиби илмларга вақф қилиб берилган эди[72]. 390/1000 йилда вафот этган Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Ҳусайн Самарқандий ҳам қийматли мол-мулкини вақф қилган эди[73]. Бухорода вақф қилинган ерлар масжид, мадраса ёки касалхоналарнинг эҳтиёжларини қоплаш учун сарфланар эди[74].

Аксар мадрасалар ичида кутубхоналар мавжуд эди. Бундан ташқари, кутубхоналар султонлар томонидан жамоат манфаатлари учун ҳам қурилган эди. Бухоро амири Нуҳ ибн Мансурга оид бир кутубхона ҳам мавжуд бўлганини кўриш мумкин. Ибн Сино бу кутубхона ҳақида олдин учратмаган китобларини мазкур кутубхонада кўрганини таъкидлаган. У сарой кутубхонасининг бир неча хонадан иборат бўлгани, ҳар бир хонанинг маълум бир илм ёки санъат соҳасига доир қўлёзмалар билан бойитилгани, кутубхонадаги қўлёзма асарлар сандиқларда сақлангани ҳақида келтиради[75]

Мунозара мажлислари, работлар ва хонақоҳлар

Мовароуннаҳр ҳудудида фаолият олиб борган таълим-тарбия муассасалари сирасига илм ва мунозара мажлис­ларини ҳам киритиш мумкин. Бундай мажлислар асосан олимларнинг уйлари ёки Сомоний амирлари саройларида ўтказиларди. Рамазон ойи кечаларида эса олимлар мунозара учун султоннинг ҳузурида тўпланар эди. Амир бир масалани ўртага ташлар, олимлар эса бу масала юзасидан баҳс-мунозара олиб борарди[76]. Жумладан, Сомоний ҳукмдорларидан Наср ибн Аҳмад ибн Асад саройида ҳам илм мажлислари бўлиб ўтар, бу мажлис олимлар, бошқарувчилар ва шаҳардаги устозлар билан тўлиб тошарди[77].

Бухоро ва Самарқандда ҳам мунозара мажлислари мавжуд бўлиб, баъзи олимлар мунозарачилиги билан шуҳрат қозонган эди. 323/935 йилда вафот этган Бухоро йўлида жойлашган мустаҳкам қалъа Паздага нисбат берилган Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Исо Паздавий Мовароуннаҳр­нинг фақиҳ олимларидан бири эди. Унга мунозарачилар устози деб мурожаат қилишарди[78]. Абу Аҳмад Бакр ибн Абдуллоҳ Варасниний 352/963 йилда Самарқандда вафот этган фақиҳ ва машҳур мунозарачи олимлардан эди[79]. Илм мажлисларидаги мунозараларнинг маълум бир одоб ва тартиби бор эди. Мунозарада иштирок этадиган олимларнинг илмий жиҳатдан бир-бирига тенг даражада бўлишига алоҳида эътибор қаратиларди. Мовароуннаҳр ҳудудида қозилик фаолияти билан шуғулланиб, 370/980 йилда Бухорода вафот этган Абу Жаъфар Зузаний билан Абу Наср Уданий ўртасида мунозара бўлиб ўтган эди. Бу икки олим ҳам илм даражаси жиҳатидан тенг, ҳам дўстона муносабатда эдилар[80].

Илм-мунозара мажлислари катта шаҳарларда янада кўпроқ ташкил этиларди. Бундай шаҳарлардан бири албатта, Бухоро эди. Самарқандлик олимлардан толиби илмлар қаерга бориб илм талаб қилиш мақсадга мувофиқ эканлиги ҳақида сўралганида албатта Бухорони тавсия этарди[81]. Абу Бакр ибн Абдуллоҳ Вараснинийнинг Самарқандда имло мажлиси ва мунозара ҳалқаси мавжуд эди[82].

Бир олимнинг атрофдагиларга ёддан ёки китобидан бир нарсани ёздириши – имло, устознинг сўзларини ёзган киши – мустамлий деб номланарди[83]. 393/1003 йилда Бухорода вафот этган Ҳасан ибн Абдулмалик ибн Аҳмад Мустамлий Бухоро олимларининг асарларини кўчирувчиси эди[84]. Абу Тоҳир Иброҳим ибн Исҳоқ Мустамлий эса бухоролик олимларнинг мустамлийлигини амалга оширган бир доктор эди[85]. Мустамлий нисбатига эга олимлардан яна бири Абу Иброҳим Исмоил ибн Суҳайл Мустамлий (ваф. 434/1042) бўлиб, Бухоронинг машҳур муфассирларидан бири бўлган[86].

VIII асрда Варроқ деб аталган касб юзага келган. Варроқлар – қироат ва имло қоидаларига мос, хатосиз ўқиладиган мусҳафларни, кейинчалик эса турли мавзуларда таълиф этилган асарларни маълум ҳақ эвазига кўчириб берган кишилардир. Варроқлар дўконларида хат (ёзув) қуроллари ҳам сотилар эди[87]. Ибн Синонинг ёшлиги Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Бухорода кечди. У Бухорода жуда ҳам муҳим бир китоб бозори мавжуд бўлгани, китоб дўконларининг бирида Форобий қаламига мансуб асарнинг қўлёзма нусхасини учратганини таъкидлайди. Мовароуннаҳрда китоб сотувчилари ҳам олим кишилар бўлиб, уларнинг дўконлари илм аҳли баҳс-мунозара юритиш мақсадида тўпланадиган жойлар эди[88]. Самарқанд ва Бухорода фаолият олиб борган варроқ нисбасига эга бўлган жуда кўп олимлар мавжуд[89].

Мовароуннаҳрда фаолият юритган илмий муассасалардан яна бири работлар эди. Чегара бўйлари ва стратегик ҳудудларда ҳарбий мақсадда барпо этилган бинолар работ, бу ерда тўпланган кўнгилли аскарлар эса муробитлар деб аталарди. Бундан ташқари, бу ҳудудда тижорат йўллари ёқасида ҳам работлар қурилган эди. Работларда ҳарбий таълимдан ташқари илмий фаолиятга ҳам аҳамият берилар эди. Бу ҳудуддаги работлар IX аср охирларига келиб ҳарбий йўналишдаги фаолиятини аста-секин камайтириб, диний ва тасаввуфий йўналишга йўналтирилди. Кейинчалик эса работлар карвонларнинг йўл хавфсизлигини таъминлайдиган ва йўловчилар тунайдиган карвонсаройга айланди[90].

Мовароуннаҳр халқининг давлатманд кишилари мол-дунёларининг кўпчилик қисмини работларга, йўллар қурилишига, жиҳод йўлида бўлган вақфларга сарфлайдиган аҳли илм инсонлар эди. Ҳар бир қишлоқда мусофирларнинг эҳтиёжларини қоплаш мақсадида қурилган работлар мавжуд эди. Мовароуннаҳрдаги жами работлар сони ўн мингдан зиёд эди[91]. Сомонийлар даврида олимлар работларда дарс бериш билан шуғулланишарди. Бу ҳудуднинг чегара бўйларидаги работлар уруш мақсадида тўпланган ғозийларнинг ҳарбий истеҳкомлари (қалъа) эди. Вақт ўтиши билан чегараларнинг кенгаши натижасида работлар асосий вазифасидан четлашиб, диний таълим муассасасига айланди[92]. Самарқанднинг Жаҳзан қишлоғидан етишиб чиққан Абул Ҳасан Ашъас Жаҳзаний (ваф. 354/965) Қиш йўли ёқасида бир работ қурдириб, бор мол-мулкини вақф қилдирди. Ўзи эса шу работда дарс бериш билан шуғулланди[93].

Бухоронинг аҳоли кўп истиқомат қиладиган Нур қишлоғида кўплаб работлар бор эди[94]. Сомонийлар амири Исмоил ибн Аҳмад Бухоронинг Искижкас қишлоғининг бутун ерини Бухоро шаҳри ичидаги Самарқанд эшигида қурдирган работ учун сотиб олган эди[95]. Бухоро ҳудудига тегишли Пойканд шаҳри аҳолиси Хитойга денгиз йўли орқали қилган тижорати сабаб жуда ҳам бой эди. Шу сабабли 240/854 йилга қадар Бухородаги барча қишлоқларни қўшиб ҳисоблаганда Пойкандда мингдан ортиқ работ мавжуд эди[96]

Работларда ёш болалар ҳам таълим-тарбия оларди. Фақиҳ ва зуҳд эгаси бўлган олим Соҳиб ибн Салм Балхий Самарқандга келиб, атрофидагиларга агар вафот этса, Самарқанддаги Нукемин работига боришларини, у ердаги таълим олаётган болаларга унинг ҳақига дуо қилишларини сўрашларини истаганди[97]. 271/884 йилда Самарқандда Мураббий работи[98], 334/945 йилда Касурағ[99], Нукемин[100], Амир[101] каби работлар мавжуд эди. Бухорода эса Фирабрий работи мавжуд эди[102].

Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган илмий муассасалардан яна бири хонақоҳлардир. Дарвишларнинг суҳбат ва зикр учун жамланадиган, бир муддат истиқомат қилган, муайян вақтларда узлатга чекинган жойлари – хонақоҳ деб аталар эди. Бу ерда сўфийлик таълимидан ташқари, бошқа диний фанлар бўйича дарслар ҳам ўтказилар эди. Хонақоҳларда китоблар ёзилар ва бу китоблар кўп нусхаларда кўчириларди[103]. Бухоро ва Самарқандда аксар олимларнинг ўз хонақоҳлари мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми шу хонақоҳларда истиқомат қилар эди. Самарқандда хонақоҳга эга бўлган олимлар орасида Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Сижзий[104], Абу Мусо Имрон ибн Абу Имрон Самарқандий[105]ни келтириш мумкин. Абдулжалил ибн Ҳайён Хузоъий Самарқанднинг Бобудастон маҳалласидаги хонақоҳда истиқомат қилар эди[106]. Бухоронинг Займун қишлоғига нисбати берилган Абу Муҳаммад ибн Али Займуний 416/1025 йилда Бухорода вафот этди ва шу жойдаги хонақоҳга дафн этилди[107]. Бухоро атрофи ва Самарқандда карромийларга оид хонақоҳлар ҳам мавжуд эди[108].

ОТАБЕК МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тад­қиқот маркази директори ўринбосари, 
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори PhD

 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Abdullah Aydınlı. İmla. T.D.V. İslam Ansiklopedisi. Ж. XXII. 
  2. Aydınlı, Osman. Semerkant Tarihi. 
  3. Demirci. Orta Asyada gelişen bilim ve düşüncenin dinamikleri. 
  4. Frye. Bukhara. 
  5. Hitti, Philip K. History of the Arabs: from the earliest times to the present. тарж. Salih Tuğ. – Istanbul: Boğaziçi Yayınları, 1980-1981. Ж. II. 
  6. İsmail Yiğit. Ribat. T.D.V. İslam Ansiklopedisi. Ж. XXXV. 
  7. Ismet Kayaoğlu. Islam Kurumları Tarihi. Ankara Üniversitesi Ilahiyat Fakültesi Yayınları, Ankara, 1985. 
  8. Jacop Landav. Küttab. Islam Ansiklopedisi. Ж. XXVII. Ankara 2003. 
  9. Kazıcı. İslam Müesseseleri Tarihi. 
  10. Kurt. Orta Asya‟nın İslamlaşma Süreci. 
  11. Landav. Küttab. Ж. XXVII. 
  12. M. Uğur Derman. Hattat. T.D.V. İslam Ansiklopedisi. Ж. XVI. 
  13. Mehmet Ali Sönmez. İbn Hıbban. T.D.V. İslam Ansiklopedisi. Ж. XX.
  14. Roux, Jean Paul. L’Asie Centrale-Histoire et civilisations. 
  15. Süleyman Uludağ. Hankah. T.D.V. Islam Ansiklopedisi. Ж. XVI. 
  16. Usta. Türklerin islamlaşma serüveni. 
  17. Ziya Kazıcı. Islam Müesseseleri Tarihi. Kayıhan Yayınları, Istanbul 1991. 
  18. Абу Нуъайм Исфаҳоний, Аҳмад ибн Абдуллоҳ. Ҳулйатул авлиё ва табақатул асфиё.  –Байрут: Дорул фикр, 1996. Ж. IV. 
  19. Бартольд. Туркистон. 
  20. Бартольд. Ўрта Осиё турклари тарихи. 
  21. Бурҳонулислом Зарнужий. Таълимул мутаъаллим. Марвон Кабаний таҳқиқи. –Байрут: Мактубатул исломийя, 1981. 
  22. Бухорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Тарихул кабир. –Байрут: Дорул кутубил илмийя. Ж. IX. 
  23. Журжи Зайдон. İslam Medeniyeti Tarihi. Zeki Meğamiz тарж. –İstanbul: Üçdal Neşriyat, 1974. Ж. III. 
  24. Заҳабий, Шамсиддин. Сияру аъламин нубала. Ж. XII. 
  25. Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ ват таҳдил. Ж. IX. 
  26. Ибн Асокир. Тариху Димашқ. Ж. LII. 
  27. Ибн Мақула, Абу Наср Али. ал-Икмал фи рафъил иртийаб анил муъталиф вал мухталиф фил асма вал куна вал ансоб. Абдураҳмон  Яҳё Муаллимий таҳқиқи.–Ҳайдаробод: Дорул кутубил исламийя, 1962. Ж. VII. 
  28. Ибн Халликон. Вафаётул аъён… Эҳсон Аббос таҳқиқи. –Байрут: Дору Садир, 1978. Ж. III. 
  29. Ибнул Асир. ал-Комил. Ж. VI. 
  30. Ибнул Асир. ал-Лубоб. Ж. III. 
  31. Ибнул Имод. Шажаротуз заҳаб. Ж. IV. 
  32. Истахрий. Масоликул мамолик. 
  33. Қазвиний. Осорул билад. 
  34. Қураший, Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Муҳаммад Ҳанафий. ал-Жавоҳирул музийя фи табақотил ҳанафийя. –Ҳайдаробод: Мажлису даиротул маъорифин низомийя, 1914. 
  35. Қушайрий, Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Нишопурий. ар-Рисолатул Қушайрийя. Абдулҳалим Маҳмуд Шариф таҳқиқи. –Қоҳира: Доруш шуъаб, 1989. 
  36. Муқаддасий. Аҳсанут тақосим.
  37. Наршахий. Бухоро тарихи. 
  38. Насафий, Нажмиддин. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. 
  39. Самъоний, Абдулкарим. Ал-Ансоб. 
  40. Саъолибий Абу Мансур Абдулмалик. Йатийматуд даҳр фи маҳосини аҳлил аср. Муйит Кумайҳа таҳқиқи. –Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1983. Ж. IV. 
  41. Субукий, Тожуддин. Табақотуш шофиъийя. Ж. III. 
  42. Ҳавансарий, Муҳаммад Бакир Исфаҳоний. Равзатул жаннот фи аҳволил уламои вас садат. Асадуллоҳ Исмоилиён таҳқиқи. –Теҳрон: Мактабатул Исмоилиён, 1390. Ж. IV. 
  43. Ҳамавий, Ёқут. Муъжамул булдон. Ж. III.
 
[1] Hitti, Philip K. History of the Arabs: from the earliest times to the present. тарж. Salih Tuğ. (кейинги ўринларда Hitti. History of the Arabs) – Istanbul: Boğaziçi Yayınları, 1980-1981. Ж. II. –Б. 627-628.
[2] Ismet Kayaoğlu. Islam Kurumları Tarihi. Ankara Üniversitesi Ilahiyat Fakültesi Yayınları, Ankara, 1985. –Б. 123.
[3] Ziya Kazıcı. Islam Müesseseleri Tarihi. Kayıhan Yayınları, Istanbul 1991. –Б. 222-223.
[4] Jacop Landav. Küttab. Islam Ansiklopedisi. Ж. XXVII. Ankara 2003. –Б. 3.
[5] Landav. Küttab. Ж. XXVII.  –Б. 3.
[6] Ибнул Асир. ал-Лубоб. Ж. III. –Б. 173.
[7] Бурҳонулислом Зарнужий. Таълимул мутаъаллим. Марвон Кабаний таҳқиқи. –Байрут: Мактубатул исломийя, 1981. –Б. 101.
[8] Landav. Küttab. Ж. XXVII.  –Б. 4.
[9] Насафий, Нажмиддин. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. (кейинги ўринларда Насафий. Қанд.) –Б. 371, 438; Самъоний. Ансоб. Ж. II. –Б. 327.
[10] Заҳабий, Шамсиддин. Сияру аъламин нубала. (кейинги ўринларда Заҳабий. Сияр.) Ж. XII. –Б. 393.
[11] Самъоний, Абдулкарим. Ал-Ансоб. (кейинги ўринларда Самъоний. Ансоб) –Б. 346-347.
[12] Kurt. Orta Asya‟nın İslamlaşma Süreci. –Б. 283.
[13] Ибнул Асир. ал-Лубоб. Ж. III. –Б. 187; Frye. Bukhara. –Б. 132.
[14] Заҳабий. Сияр. Ж. XII. –Б. 393.
[15] Заҳабий. Сияр. Ж. XII. –Б. 465.
[16] Заҳабий. Сияр. Ж. XII. –Б. 464.
[17] Заҳабий. Сияр. XIV, 154; Ибнул Асир. ал-Комил. Ж. VI.  –Б. 436.
[18] Саъолибий Абу Мансур Абдулмалик. Йатийматуд даҳр фи маҳосини аҳлил аср. Муйит Кумайҳа таҳқиқи. –Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1983. Ж. IV. –Б. 223.
[19] Насафий. Қанд. –Б. 22, 76, 125, 373, 510; Самъоний. Ансоб. I, 161
[20] Kazıcı. İslam Müesseseleri Tarihi. –Б. 225-229.
[21] Журжи Зайдон. İslam Medeniyeti Tarihi. Zeki Meğamiz тарж. , –İstanbul: Üçdal Neşriyat, 1974. Ж. III. –Б. 424-425.
[22] Hitti. History of the Arabs. Ж. II. –Б. 635.
[23] Mehmet Ali Sönmez. İbn Hıbban. T.D.V. İslam Ansiklopedisi. Ж. XX.–Б. 63.
[24] Насафий. Қанд. –Б. 495-496
[25] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 86-87
[26] Бухорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Тарихул кабир. –Байрут: Дорул кутубил илмийя. Ж. IX. –Б. 70; Ибн Абу Ҳотим. Жарҳ ват таҳдил. Ж. IX. –Б. 440.
[27] Ибн Мақула, Абу Наср Али. ал-Икмал фи рафъил иртийаб анил муъталиф вал мухталиф фил асма вал куна вал ансоб. Абдураҳмон  Яҳё Муаллимий таҳқиқи. (кейинги ўринларда Ибн Мақула. ал-Икмал) –Ҳайдаробод: Дорул кутубил исламийя, 1962. Ж. VII. –Б. 324. 
[28] Ибн Мақула. ал-Икмал. Ж. IV. –Б. 272.
[29] Ибн Мақула. ал-Икмал. Ж. VII. –Б. 404.
[30] Ибн Мақула. ал-Икмал. Ж. V. –Б. 155.
[31] Ибн Мақула. ал-Икмал. Ж. VII. –Б. 194.
[32] Абу Нуъайм Исфаҳоний, Аҳмад ибн Абдуллоҳ. Ҳулйатул авлиё ва табақатул асфиё.  –Байрут: Дорул фикр, 1996. Ж. IV.  –Б. 110.
[33] Насафий. Қанд. –Б. 318.
[34] Насафий. Қанд. –Б. 445.
[35] Насафий. Қанд. –Б. 324.
[36] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 86-87.
[37] Самъоний. Ансоб. Ж. I. –Б. 131.
[38] Самъоний. Ансоб. Ж. IV. –Б. 312.
[39] Насафий. Қанд. –Б. 484.
[40] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 40; Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 159.
[41] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 78-79.
[42] Насафий. Қанд. –Б. 238.
[43] Насафий. Қанд. –Б. 260.
[44] Насафий. Қанд. –Б. 288.
[45] Насафий. Қанд. –Б. 318.
[46] Насафий. Қанд. –Б. 409.
[47] Насафий. Қанд. –Б. 420.
[48] Насафий. Қанд. –Б. 404.
[49] Насафий. Қанд. –Б. 408.
[50] Насафий. Қанд. –Б. 483.
[51] Насафий. Қанд. –Б. 29.
[52] Самъоний. Ансоб. Ж. III. –Б. 387.
[53] Demirci. Orta Asyada gelişen bilim ve düşüncenin dinamikleri. –Б. 83-84; Бартольд. Ўрта Осиё турклари тарихи. –Б. 56; Kazıcı. İslam Müesseseleri Tarihi. –Б. 231.
[54] Frye. Bukhara. –Б. 189; Ҳавансарий, Муҳаммад Бакир Исфаҳоний. Равзатул жаннот фи аҳволил уламои вас садат. Асадуллоҳ Исмоилиён таҳқиқи. –Теҳрон: Мактабатул Исмоилиён, 1390. Ж. IV. –Б. 184.
[55] Roux, Jean Paul. L’Asie Centrale-Histoire et civilisations. –Б. 286.
[56] Ибн Халликон. Вафаётул аъён… Эҳсон Аббос таҳқиқи. –Байрут: Дору Садир, 1978. Ж. III. –Б. 168.
[57] Зайдон. Ж. III. –Б. 427.
[58] Ҳамавий, Ёқут. Муъжамул булдон. Ж. III. –Б. 335.
[59] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 30
[60] Ибн Асокир. Тариху Димашқ. Ж. LII. –Б. 251.
[61] Aydınlı, Osman. Semerkant Tarihi. –Б. 373.
[62] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 133-134.
[63] Самъоний. Ансоб. Ж. II. –Б. 6.
[64] Самъоний. Ансоб. Ж. III. –Б. 394.
[65] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 73.
[66] Самъоний. Ансоб. Ж. III. –Б. 199.
[67] Aydınlı. Semerkant Tarihi. –Б. 373.
[68] Самъоний. Ансоб. Ж. II. –Б. 348.
[69] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 73; Бартольд. Туркистон. –Б. 96-97.
[70] Usta. Türklerin islamlaşma serüveni. –Б. 511.
[71] Қушайрий, Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Нишопурий. ар-Рисолатул Қушайрийя. thk. Абдулҳалим Маҳмуд Шариф таҳқиқи. –Қоҳира: Доруш шуъаб, 1989. –Б. 489-490.
[72] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 31.
[73] Қураший, Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Муҳаммад Ҳанафий. ал-Жавоҳирул музийя фи табақотил ҳанафийя. –Ҳайдаробод: Мажлису даиротул маъорифин низомийя, 1914. –Б. 37.
[74] Frye. Bukhara. –Б. 158.
[75] Зайдон. Ислом маданияти тарихи. Ж. III. –Б. 448-449.
[76] Муқаддасий. Аҳсанут тақосим. –Б. 259.
[77] Насафий. Қанд. –Б. 446.
[78] Самъоний. Ансоб. Ж. I. –Б. 339.
[79] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 590.
[80] Субукий, Тожуддин. Табақотуш шофиъийя. Ж. III. –Б. 143.
[81] Зарнужий. Таълимул мутаъаллим. –Б. 72.
[82] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 590.
[83] Abdullah Aydınlı. İmla. T.D.V. İslam Ansiklopedisi. Ж. XXII. –Б. 225; Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 287.
[84] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б.288.
[85] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 289.
[86] Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 289.
[87] M. Uğur Derman. Hattat. T.D.V. İslam Ansiklopedisi. Ж. XVI. –Б. 493.
[88] Frye. Bukhara. –Б. 58, 69.
[89] Бухоролик Варроқ нисбали олимлар: Самъоний. Ансоб. IV, 311; Ибн Мақула. Икмал. IV, 158, 563; II, 280; Самъоний. Ансоб. IV, 371. Самарқандлик Варроқ нисбали олимлар: Насафий. Қанд. –Б. 28, 196
[90]  İsmail Yiğit. Ribat. T.D.V. İslam Ansiklopedisi. Ж. XXXV. –Б. 76-79; Самъоний. Ансоб. Ж. V. –Б. 247.
[91] Ибн Ҳавқал. –Б. 467; Истахрий. Масоликул мамолик. –Б. 290; Қазвиний. Осорул билад. –Б. 557.
[92] Frye. Bukhara. –Б. 131.
[93] Самъоний. Ансоб. Ж. II. –Б. 27.
[94] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 28.
[95] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 31.
[96] Наршахий. Бухоро тарихи. –Б. 36.
[97] Насафий. Қанд. –Б. 143-144.
[98] Насафий. Қанд. –Б. 90, 179, 270, 425.
[99] Насафий. Қанд. –Б. 181.
[100] Насафий. Қанд. –Б. 144.
[101] Самъоний. Ансоб. Ж. I. 239.
[102] Ибнул Имод. Шажаротуз заҳаб. Ж. IV. –Б. 101.
[103] Süleyman Uludağ. Hankah. T.D.V. Islam Ansiklopedisi. Ж. XVI. –Б. 42-43; Самъоний. Ансоб. Ж. II. –Б. 313; Қазвиний. Осорул билад. –Б.  465.
[104] Насафий. Қанд. –Б. 186.
[105] Насафий. Қанд. –Б. 465.
[106] Насафий. Қанд. –Б. 265.
[107] Самъоний. Ансоб. Ж. III. –Б. 19-20.
[108] Муқаддасий. –Б. 249.

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …