Home / МАҚОЛАЛАР / ХХ АСР БОШЛАРИДА ТУРКИСТОН ХАЛҚ ТАЪЛИМИНИНГ ҲОЛАТИ

ХХ АСР БОШЛАРИДА ТУРКИСТОН ХАЛҚ ТАЪЛИМИНИНГ ҲОЛАТИ

Буюк Турон замини тарих ва тақдирлари туташган турли халқларни бирлаштирган макон. Бунинг замирида ягона иқтисодий манфаат билан бирга, сиёсий ва маданий қарашларнинг муштараклиги туради, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки, Туркистон ўлкаси барча замонларда ҳам савдо маркази, ҳам илм-маърифат ва санъат ўчоғи вазифасини ўтаган. Маориф тизимининг асоси бўлмиш халқ таълими ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида турли зиддиятларга учраган.

Тарихий адабиётларда ХХ аср бошлари Туркистон халқ таълими издан чиққани билан изоҳланиб, бунга маҳаллий мактабларда эскича таълим-тарбиянинг сақланиб қолиши ва саводсизлик сабаб бўлган, деб ҳисоблаб баҳолаб келинган. Бу маълумотнинг қанчалик тўғрилигини архив ҳужжатлари ва адабиётлар асосида таҳлил қилиб, холисона хулоса чиқарсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумки, ХIХ аср охирида Туркистон ўлкасида 3.792.774 киши яшаган бўлиб, мактаблар сони  6.027 тани ташкил этган [1. Б.232]. Мактабда таълим олаётган ўқувчилар сони  64015 нафарни, яъни аҳоли сонига нисбатан ўқувчилар 1,7 фоизни ташкил этгани ҳолда, саводхонлик 19,55 фоиз бўлган. Октябрь инқилобигача Туркистон ўлкасида 70000 ўқувчиси билан 6600 та мактаб ва 9000 талабаси билан 311 та мадраса фаолият юритган. [10. Б.2]  Давлат бюджетидан маблағ ажратилмагани сабабли Ўрта Осиёда маориф тизимининг ривожи учун асосий моддий таъминот халқ ҳисобидан қоплаб борилган. Давлат бу соҳа учун жуда кам маблағ ажратган. Мисол учун, 1914 йил бутун Туркистон халқ таълими учун ҳукумат атиги икки ярим миллион рубль ажратган [8. Б.2]. Бундан келиб чиқадики, бола таълим-тарбияси асосан ота-онасининг иқтисодий имкониятига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган.

ХХ аср бошлари – АҚШ ва Европа давлатлари илм-фан, оғир ва енгил саноат соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритган бир пайтда Россия маданий ва иқтисодий жиҳатдан ортда қолган. Тараққиёт заволига сабаб Чор империяси даврида олиб борилган ҳарбий халқ бошқарув тизими ва мустамлака сиёсати эди. Совет ҳукумати бу иллатдан қутулиш чораларини кўриш мақсадида ислоҳот ўтказишга мажбур бўлган. Аммо режалаштирилган ислоҳот халқларнинг миллий қадрият ва урф-одатларига барҳам бериш орқали амалга оширилган.

Инқилобдан сўнг дастлаб совет ҳукумати чоризм даврида империя корчалонлари рус-тузем мактаблари орқали маҳаллий миллатни руслаштиришни мақсад қилиб қўйганини англаб, конфессионал характердаги ибтидоий мактабларни очишга рухсат берган. Архив маълумотларини кузата бориб, ХХ аср бошлари Туркистон Халқ маорифи вазирлиги маълумотларига кўра, мактаб ёшидаги болалар (8 ёшдан 11 ёшгача) 626 044 нафар бўлгани аниқланди [4. Б.31]. Булардан 1915 йил 1 январигача 40 608 нафари (ҳужжатда 7,4% кўрсатилган, аммо бу 6,5% бўлмоқда – муаллиф) давлат, земство ва бошқа бўлимлар ҳисобидан молиялаштирилиб ўқитилган. Шунингдек, маҳаллий халқлар ҳисобидаги 179 рус-тузем мактабида 3500 ўқувчи таълим олган.

1917 йил 20-23 май кунлари бўлиб ўтган Тошкент мусулмон ўқитувчилари йиғилишида “Мусулмон ўқитувчилар кенгаши” ташкил этилган. Йиғилишда рус-тузем мактабларини миллий мактабларга айлантириш дастури тайёрланган [2. Б.133]. Дума ушбу дастур лойиҳасини узоқ муҳокамадан сўнг тасдиқлаган. 1919 йил 26 декабрда эса барча халқлар масъулиятли вазифаси сифатида саводсизликни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинади [3. Ст. 3].

Давлат ва касаба уюшмалари саводсизликни тугатиш учун “Ҳар бир саводли саводсизни ўргатади” шиори остида “маданий юриш” бошлаган. Бу ўша давр Россия билан бир қаторда унинг таркибидаги қатор давлатларда ҳам саводсизлик иллатлари талайгина эканлигидан далолат беради. Мисол учун, 1920 йилда биргина Туркистон аҳолиси орасида ҳар 1000 кишига нисбатан: ўзбекларнинг – 36, қирғизларнинг – 42, тожикларнинг– 32 ва туркманларнинг – 11 нафари саводли эканлиги белгилаб ўтилган [4. Б-31]. Аммо бу рақамлар қайси кўрсаткичлар асосида ҳисоблаб чиқилгани аниқ белгиланмаган.

Ўша йиллари халқаро муносабатларда рақобатлаша олиш учун билимли кадрлар тайёрлаш  совет ҳукуматининг асосий дастурига айланган эди. Шу боисдан совет мактабларини ташкил этиш масаласи инқилобдан сўнг асосий вазифалардан бўлиб қолган. Маориф халқ комиссарлиги томонидан бу муаммога ечим режалаштирилиб, маълум вақт мактаб тармоқларини бошқаришнинг эски тизими ҳам сақланиб қолган [2. Б.134]. “Ҳамма мактаб она тилида” шиорининг эълон қилиниши маълум даражада маданий қурилиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатган [4. Б.31]. Натижада маданий ва маърифий муассасалар ўсиши кузатилган. 1921 йилга келиб, яҳудийлар учун коммуналар мактаби – 39 та (талабалар — 2800 киши), маҳаллий миллат учун коммуналар мактаби – 15 та (талабалар — 1100 киши), яҳудийлар учун мактаб-интернатлар – 63 та ( 8123 бола), маҳаллий миллат учун мактаб-интернатлар – 94 та (7490 бола), яҳудийлар учун болалар боғчалар — 41 та (4410 ўқувчи), маҳаллий миллат учун болалар боғчалари — 30 та (2630 ўқувчи), яҳудийлар учун болалар уйлари — 2 та (66 талаба), маҳаллий миллат учун болалар уйлари — 10 та (578 талаба), яҳудийларнинг 1-даражали мактаблар — 323 тага (70875 ўқувчи) етган.

Шунингдек, касб-ҳунар мактаблари тармоғи ҳам кенгаяди. Ҳунармандлик мактаби – 1 та, қишлоқ хўжалик техникуми – 6 та, саноат-иқтисод билим юрти – 2 та, техника ва ҳунар билим юрти –  9 та, тиббиёт билим юрти –  7 та, кимё-фармасевтика билим юрти –  1 та, аралаш соҳа билим юртлари – 6 та бўлиб, буларнинг ҳар бирида 200 тагача талаба таҳсил олган. Бундан ташқари, 6 та Инпрос (Таълим институти, педагогика институтига ўхшаш нарса – муаллиф) ҳам мавжуд бўлиб, уларда 1610 та ўқувчи ўқиган. Совет ва партия ишчи-меҳнаткашларининг сиёсий ва умумий таълим мактаби эса 14 та бўлиб, улардаги ўқувчилар 1850 нафарни (бундан 1250 таси маҳаллий миллат вакили) ташкил этган.

Октябрь инқилобидан сўнг Туркистонда мактаб ва мадрасалар қисқариб борганини кузатиш мумкин. Мисол учун, Туркистонда 1908 йил фаолият кўрсатган мактаб ва мадрасалар  ҳамда 1924 йилда мавжуд таълим муассасаларининг рўйхатини таққослаганда, янги услубий дастурлар асосида қайта ташкил этилган таълим муассасаларини қўшганда, мактаблар – 5148 тага, мадрасалар – 21 тага камайганлигида ҳам кузатилади  [9. Б.37, 5. Б.18].

Ҳудудлар кесимида ҳар бир вилоят таълим муассасалари алоҳида таҳлил этилганда, тизимдаги ўзгаришлар янада ойдинлашади. Мисол учун, 1910 йили биргина Самарқанд вилояти маориф тизимида таълим муассасалари 2177 та бўлиб, 2135 таси маҳаллий, 27 таси руслар, 14 та рус-тузем ва 1 таси арманлар мактаби бўлган [6. Б.49]. Маҳаллий мактабларда маҳаллий аҳоли фарзандларининг сони 20493 ни ташкил этган. Шундан 2030 та мактабда – 17970 та, 95 та мадрасада – 2172 та, 10 та яҳудийлар диний бошланғич мактабида – 351 нафар талаба таҳсил олган. Вилоятда мавжуд барча ўқув муассасаларида жами 21932 нафар ўғил бола ва 1929 нафар қиз бола ўқиган. 1909 йилга нисбатан таълим муассасалари 119 тага кўпайган бир пайтда ўқувчилар сони 1409 га камайган. Бир йил давомидаги бу статистик фарқ таълим тизими марказлаштирилмаганидан далолат беради.

Тарихий манбалардан маълумки, илгари Туркистонда маҳаллий халқ ёзиш ва ўқиш учун форс-тожик ва туркий-ўзбек тиллардан кенг фойдаланган. Мактабларда форс-тожик, араб ва туркий-ўзбек тили асосий ўқиш тили бўлган. Аммо руслар ўлкани ўз ҳукмронлиги остига олганидан сўнг барча савдо-саноат ва давлат ишлари рус тилида олиб борилади. Илм-фан ва савдо тили сифатида ҳали тўлиқ шаклланмаган рус тили Туркистон маҳаллий халқи орасида ҳам кенг ёйилмаган эди. Шунингдек, кадрлар таркибида соҳа мутахассисларининг етишмаслиги тил ўрганиш масаласида муаммолар янада оғирлашишига сабаб бўлган.

Шўро ҳукуматининг таназзули арафасида таълим тизими Васий (мутаваллий)лар кенгаши томонидан бошқариб борилган. 1917 йилда Туркистон ўқитувчилар уюшмаси Вилоят кенгаши бўлими йиғилиши бўлиб ўтади. Унда халқ таълимини бошқариш учун муваққат жамият ташкил этиш масаласи кўрилади. Аммо ўша пайтлари бу мақсад йўлида бирлашишга турли-туман тўсиқлар мавжуд бўлган. Чунки, соҳани айрим ҳудудларда Билим юртлари кенгаши, бошқасида – Мактаблар комитети, учинчисида –Комиссарлик, тўртинчисида – ҳуқуқлари чекланган олдинги инспекторлар бошқариб бормоқда эди [7. Б.22]. Шунингдек, 1917-1920 йиллар давомида социалистик жамият қуришга қаршилик доирасида турли тўқнашувлар – контрреволюция, вайронагарчилик, намойишлар юз берган.

Мактаблар сони 1920 йилда 2000 дан зиёд (1919-1921 ўқув йиллари давомида аниқ статистик маълумот олинмаган – муаллиф) деб кўрсатилган бўлса-да, амалда бу қоғозда қайд этилган, холос. Бунга 1919 йилдан моддий етишмовчилик, мактабни сақлаш учун таъминотнинг етарли даражада мавжуд эмаслиги сабаб бўлган. 1922 йилда Туркистон иқтисодий тизимида оғир ҳолат юзага келгани учун мактаб харажатлари аҳоли томонидан қопланган. 1923 йилда мактаблар сони қисқарган бўлса-да, 496 та мактаб давлат бюджети ҳисобидан қопланиши ва аҳоли томонидан таъминланиши ҳисобидан қайта тикланиш даври ҳам бўлган. 1923 йил вилоятлар кесимида давлат бюджетига киритилган таълим муассасалари (илова-2) тартиби қуйидагича эди: [7. Б.34]

илова-2

Вилоятлар

Овул-қишлоқ

мактаби

2 синф

Шаҳар

мактаблари

(30) 2 синф

30 та

интернат

2-босқич мактаблар

Мак

таб

Ўқитувчи

Ўқувчи

Мак

таб

Ўқитувчи

Ўқувчи

Мак

таб

Ўқитувчи

Ўқувчи

Мак

таб

Ўқитувчи

Ўқувчи

Сирдарё

90

180

5400

6

12

480

4

48

360

6

60

1050

Амударё

38

76

2280

2

4

160

6

48

120

1

10

175

Туркман

78

156

4680

6

12

480

2

16

360

4

40

700

Самарқанд

87

174

5220

4

8

320

6

32

240

4

40

700

Еттисув

90

180

5400

5

10

400

5

40

300

5

50

875

Фарғона

104

208

6240

7

14

560

7

56

420

5

50

875

Ўрта Осиё темир йўл

3

6

180

Тошкент темир йўл

2

4

120

Жами

492

984

29520

30

60

2400

30

240

1830

25

250

4375

Хулоса қилиб эътироф этиш лозимки, ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари империя ҳукуматининг Туркистонда олиб борган мустамлака сиёсати маориф тизимига ҳам катта салбий таъсир кўрсатган. Туркистон халқ маорифи издан чиқиши қуйидаги омилларга боғлиқ бўлган: 1) моддий қийинчиликлар, турли солиқ ва ишлаб бериш мажбуриятлари; 2) эски мактаб ўқитувчилари болаларни империя ҳукуматига қарши тайёрламоқда, деган шубҳа-гумонлар; 3) замонавий янги усул мактабларига реформаторлар деб қараб, бу типдаги мактабларнинг ёпилиши; 4) эски мактаб тизимини бутунлай тугатиб, социалистик маориф ва маданиятни тиклашга уринишлар.

ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР
1. Ватан тарихи (ХVI-ХХ аср бошлари). К.2. /Муаллифлар: Р.Шамсуддинов, Ш.Каримов, Ў.Убайдуллаев; масъул муҳаррирлар: Ў.Мавлонов, Қ.Усмонов. Тақризчилар И.Алимов ва бошқ.  – Т.: Шарқ, 2010.
  1. Ўзбекистоннинг янги тарихи. К.2. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. Т.: Шарқ, 2000.
  2. И.М.Богданов, Грамотность и образование в дореволюционной России и в СССР. (историко-статистическое очерки. Москва: Издательство “Статистика”, 1964.
  3. ЎзМА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2167 204 варақ.
  4. Конфессиональная (исламская) школа в Узбекистане (1917-1929)
  5. Обзор Самаркандской области за 1910 год. Издания Самаркандского Областного Статистического Комитета. Самарканд-1912.
  6. П.И.Сербов, А.Д.Никифоров, «Народное просвещение в Узбекистане”. Самарканд-Ташкент: Узбекское государственное издательство, 1927.
  7. Газета Узбекистанская правда. 15 октябрь 1930 г. №236 (498)
  8. Имом Бухорий сабоқлари маънавий-маърифий, илмий-адабий журнал. – Т.: 2020 йил 3 сон.
  9. wikipedia.org/wiki/Медресе_Средней_Азии.
 Сухроб ЭРГАШЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …