Home / МАҚОЛАЛАР / БИЗ БУГУН ЎЗИМИЗНИ ҚИЙНАМАСАК, ЭРТАГА ҲАЁТ БИЗНИ ҚИЙНАЙДИ

БИЗ БУГУН ЎЗИМИЗНИ ҚИЙНАМАСАК, ЭРТАГА ҲАЁТ БИЗНИ ҚИЙНАЙДИ

Одамзод йўқотмай туриб қадрига етиши қийин бўлган нарсалар ҳақида кўплаб мақолу нақллар бор. Уларнинг ҳаммасида соғлиқ алоҳида қайд этилади. Шифокорларнинг ҳазилнамо гапи бор: “Қайси аъзоинг қаерда эканини билмайсанми, демак, саломатсан”. Ҳақиқатан ҳам, юраги оғримаган одам бу аъзо кўкракнинг айнан қаерида жойлашганини билмайди, ошқозони соғлом киши қорин соҳасидан унинг ўрнини аниқ кўрсатиб бера олмайди.

Шифокорларнинг бу фикрини ривожлантириб, кўп гап айтиш мумкин. Шунинг учун жиддийроқ мулоҳазага ўтайлик — қайси аъзо қаерда эканини билмаслик яхши. Лекин буни “сабабли”, яъни “узрли” ҳолда ё “онгли” равишда билмаслик — яна ҳам яхши.

Тушунарлироқ қилиб айтганда, қайси аъзо қаерда эканини имкон қадар узоқ вақт билмасликка интилиш керак. Бу эса аъзоларни соғлом тутишни тақозо қилади. Ҳеч қаерингиздан шикоятингиз йўқми, кўпчиликнинг олдида ўзингизни нима биландир чеклаб, изза бўлмаяпсизми, демак, соғломсиз!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, аввало, мана шу соғломликни имкон қадар узайтиришни, саломатликни йўқотмай туриб, унинг қадрини билиш маданиятини кенг кўламда жорий қилишни назарда тутади.

Соғлом одамнинг ҳеч кимга оғирлиги тушмайди, ишлари оқсамайди, хаёли ортиқча ташвишлардан холи бўлади. Иқтисодий жиҳатига қарасак, ҳамёни ҳам вазнини йўқотмайди. Соғлиғига қараб юрган одам хушсурат бўлади. Оғриқдан азоб чекаётган ё фарзандининг қийналаётганини кўриб, эзилиб турган киши эса теваракдаги воқеа-ҳодисаларни тўлиқ идрок эта олмайди. Унга иқтисодий фаровонлик, кишилик ҳаётининг мунаввар дамлари, умуман, дунё неъматлари татимайди. Шу боис, ижтимоий барқарорликнинг энг муҳим шартларидан бири ҳам инсон саломатлигидир,

Соғлом турмуш тарзи тушунчаси кенг кўламли тафаккур ва тадбирлар мажмуи бўлиб, бугунги кунда ўз саломатлигини сақлаш, мустаҳкамлаш ниятида бўлган ҳар қандай инсоннинг ҳаётий мезонига айланиши керак. Илгари бунинг учун бадантарбия ҳамда тўғри овқатланиш кифоя, деб қаралган бўлса, энди тиббиёт, социология, психология соҳаларидаги сўнгги ишланмалар, эришилган натижалар бу мажмуа доирасини бирмунча кенгайтирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) қоидасига биноан, бугунги кунда саломатлик деганда, фақат касалликлар ва жисмоний нуқсонлардан фориғ бўлишгина эмас, балки жисмоний, маънавий ва ижтимоий нуқтаи назардан тўлиқ фаровонликка эришиш англашилади. Соғлом турмуш тарзи эса, шунга мувофиқ равишда, ўзини ўраб турган муҳитда — табиий ва ижтимоий омиллар таъсир қилиб турган шароитда онгли равишда саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган хатти-ҳаракатлар орқали ҳаётнинг оптимал сифатини таъминлашга интилишдир.

Бу эса ёш, иқлим ва жуғрофий шароитга кўра, рационал овқатланиш, шунга яраша жисмоний фаолият, комил уйқу, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри дам олиш каби омилларни ўз ичига олади. Арзимасдек саналган бу омиллар аслида инсон танасига жуда катта таъсир кўрсатади. Соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган одам рангининг тиниқлиги, яхши кайфияти, руҳий тетиклиги, қадди-қоматининг тиклиги, назари ҳушёрлиги, жисмидан қувват уфуриб туриши, ҳар қандай ишга уннашга доим тайёрлиги билан ажралиб туради. Соғ танда — соғлом ақл, деган гапнинг ҳаётий белгилари ҳам шу.

Мазкур омилларнинг барчаси асосий бўлиб, улардан бирига қолганларидан устувор мақом берилмайди. Масалан, фақат зарарли одатларни ташлаш ёки фақат мунтазам бадантарбияни йўлга қўйиш билан ҳаётни ўзгартириб бўлмайди. Одамлар табиати бир хил эмас — кимнингдир иродаси барча ортиқча юкларни елкадан ағдариб ташлашга етади, баъзи бировни эса комиллик сари йўлнинг оғирлиги чўчитади. Лекин начораки, мутлақ ўзгариш учун мутлақ чоралар кўришга тўғри келади ва инсон, ҳеч бўлмаса, вақт ўтиб, буни англаб етиши ва тўғри қарор қабул қилиши керак. Психологлар бундай вазиятда бирданига бутун комплексни қамрашга уринмасдан, босқичма-босқич равишда ёндашишни тавсия қилади.

Хўш, нимадан бошламоқ керак?

Мутахассислар фикрича, соғлом турмуш тарзи инсон ўзининг нотўғри ҳаёт кечираётганини англашидан бошланади. Бу ҳаммада ҳар хил кечади: кимнидир тарозидаги бирмунча каттароқ рақам ҳушёр торттиради, кимдир ҳаётда ҳеч нарсадан қониқмайдиган бўлиб қолганини ўйлай бошлайди, баъзиларни тез чарчаш, яна баъзиларни сал нарсага касал бўлавериш бошқача фикрлашга йўналтиради.

Кўп ҳолларда мана шундай ибтидога келиш учун йиллар ўтиши керак бўлади. Одамлар парҳезнинг ўзи ёки шамоллашга ўхшаган касалликлар профилактикаси, ичиш ва чекишни ташлаш ё спортзалга қатнашнинг ўзи масалага тўлиқ ечим бўла олмаслигини тушуниб олгунча анча вақтини бой беради.

Соғлом турмуш тарзи “майли, шундай бўлса бўлақолсин”, деган енгил ёндашувни қабул қилмайди, аксинча, комплекс тарзда риёзат чекишни тақозо этади. Комиллик сари дадил одимлаш кўпчилигимиз учун осон эмас экан, кичик-кичик қадамлар билан бўлса-да, бошлаб олишимиз зарур. Муҳими, онгли равишда заруратни идрок этиб, бошлаб олишда. Кейингиси — меъёрни билиш ва чалғимаслик. Чалғимаслик деганда, мутахассислар қилаётган ишининг жисмоний жиҳатдан оғирлигини баҳона қилиб, бадантарбиядан воз кечиш ёки меҳнатининг оғирлигини пеш қилиб, “бақувват” овқатланиш кабиларни назарда тутади. Бу худди овқат шўр бўлиб кетса, шакар билан ўзига келтиришга уринишдек гап.

Келинг, тўғри овқатланяпмизми, йўқми — шуни таҳлил қилиб кўрайлик. Телевизорда уй бекаларимиз, келинлар мусобақасини, унда сархил таомлар дастурхонга тортилишини кўряпти. “Таомнома” рукнида кўрсатув қилмаган канал, материал тайёрламаган газета-журнални топиш амри маҳол. Бутун дунё парҳез ҳақида гапираётган пайтда бу қанчалик тўғри, деган савол туғилади. Сабоқ – бошқа, иштиёқ – бошқа. Сабоқ оламан, деганларда иштиёқ қўзғалиб кетиши ҳеч гап эмас.

Унинг ўрнига барча озуқа моддалари, витаминлар, микроэлементларни қабул қила оляпмизми, деб ўйласак, ўзимизга кўпроқ фойда қилган бўламиз. Қази-қарта, қўй ёғидан ош, думбали сомса, калла-поча ейиш билан одам соғлом бўлганда, биз узоқ умр кўриш бўйича дунёда биринчи ўринга чиқар эдик. Мева еймизми, овқатга кўкат қўшамизми, кундалик таомномамизда сутли маҳсулотлар, балиқ, дуккакли ўсимликларнинг улуши қанчалигини ўйлаб кўрамизми? ЖССТ кунига

200 грамм мева, 300 грамм сабзавот истеъмол қилишни тавсия этади. Бу меъёрга ҳаммамиз жавоб берамизми? Фарзандларимиз ширинлик еганидан кўзимиз қувонади, лекин унинг ҳам меъёри борлигини англаб етишимиз қийин. Ваҳоланки, тўғри овқатланиш орқали фақат танани керакли озуқа моддалар билан таъминлаш эмас, гастрит, атеросклероз, гипертония, остеопороз, ичак саратони, геморрой ва кўплаб бошқа касалликларни профилактика қилиш мумкин.

Энди жисмоний фаолликка тўхталайлик. Шунчаликка борганмизки, машинага ўрганиб қолганимиз учун тўрт қадамлик новвойхонага ҳам пиёда боришга эринамиз. Ички интизомимиз йўқ — мушакларни зўриқтиргимиз келмайди, уларни пишитмаймиз ҳам, чиниқтирмаймиз ҳам. Шунинг учун ногаҳонда сал тезроқ ҳаракатлансак ё юқорига бир-икки қават пиёда чиқсак, ҳансираймиз. Космонавтлар фазода мунтазам жисмоний машқларни бажаради, лекин Ерга қайтиб тушгач, барибир мушаклар атрофияси уларга азоб беради. Шунинг ўзи ишламаган аъзо борган сари эринчоқ бўлиб кетаверишига яхши мисол эканини ўйлаб кўрайлик.

Танани пишитган, чиниқтирган одам ташқи қиёфасидан хижолат чекмайди, аксинча, кўзгу олдида ўзини кўриб аллақандай ҳузур ҳис қилади. Жисмоний тарбия унинг кайфиятига ҳам, иштаҳасига ҳам, ишига ҳам фақат ижобий таъсир кўрсатади. Бундай одамнинг танасида қон яхши айланади, бўғинлар маромида ишлайди, гормонлар ишлаб чиқарилиши меъёрида, умуман, организм ҳолати ҳар томонлама қониқарли бўлади. Модда алмашуви жойида бўлса, иммунитет ҳам мустаҳкамланади, холестерин миқдори камаяди. Ёшнинг аҳамияти йўқ. Ҳозир 7 яшардан 70 яшаргача, ҳамма учун ўзига мос инвертарлар, комплекс машқ усуллари ва услублари бор. Яъни ният бўлса, ҳеч қандай баҳонага ўрин қолмайди.

Дам олишни ҳам унутмаслик керак. Мутахассислар инсон ҳар куни, ҳар ҳафта ва ҳар йили дам олиши зарурлигини таъкидлайди. Қандай дам олиш, албатта, фаолият турига боғлиқ: оғир меҳнат қилган одам ўтиради, ётади, ўтириб ишлайдиган одам тоза ҳавода сайр қилади. Буни ҳар ким касби, ёши, яшаш ва ишлаш жойи каби омилларга қараб, керакли меъёрда белгилаб олади.

Табиийки, инсон тўғри овқатланиб, жисмонан фаоллашиб, вақтида яхши дам олгани билан тўлиқ соғлом бўлиб қолмайди. Бунинг учун организм ҳолатига патологик таъсир этадиган, соғлом турмуш тарзини тўғридан-тўғри бузадиган ва унинг таркибий қисмларини йўққа чиқарадиган зарарли одатларни ташлаш ҳам керак. Алкоголь, тамаки ва наркотикнинг ўткинчи лаззати аъзолар фаолиятини ишдан чиқариш баробарида инсон руҳиятини барбод қилиб, тақдирини ўзгартириб юборади.

Тамаки улар орасида энг кам зарар келтирадигани саналади. Қарангки, мутахассислар бу хусусда ҳам янглиш фикр мавжудлигини аниқлади: кашандалар сигарета стрессни енгишга ёрдам беради, деб ҳисоблар экан. Ҳолбуки, ўзлари аслида чекмайдиган одам эътибор бермайдиган нарсалардан сиқилар экан.

Кейинги йилларда пайдо бўлган компьютер ўйинларига берилиш касаллигининг хавфи ҳам кам эмас. ЖССТ компьютер ўйинларига тобеликни Халқаро касалликларнинг 11-таснифига киритди (ҳужжат 2021 йилдан кучга киради, қабул қилган давлат ўзида ЖССТ қоидаларини жорий қилади). Бу иллат хулқ бузилиши категориясида қиморбозлик ва ароқхўрлик ўртасидаги ўринга қўйилди. Ҳаётидан мулоқот, овқатланиш, маиший эҳтиёжлар четга сурилиб, ўйин биринчи ўринга чиқиб қолганларга “Gaming disorder” ташхиси қўйилмоқда. Айрим давлатларда бундай одамлар ҳозирданоқ ҳарбий хизматга қабул қилинмаяпти. Чунки алкоголь ва наркотиклар каби компьютер ўйинлари ҳам мияда бир хил жараённи қўзғар — ҳузур бахш этадиган дофамин моддаси ишлаб чиқарар экан. Тобе одам ўйин ўйнамай қўйса, жиззаки, асабий бўлиб қолиши, уйқусизлик касалига учраши аниқланган.

Мавзу ҳис-туйғуларга келиб тақалди. Бу ҳам соғлом турмуш тарзининг таркибий қисмидир. Кўп йиллик тадқиқотлар натижасида узоқ умр кўрган инсонлар хулқида тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар бажариш, зарарли одатлардан узоқлашиш баробарида ҳаётга ижобий қараш, оптимист бўлиш, кундалик майда воқеалардан завқланиб, қувонч билан яшаш ҳам борлиги аниқланган.

Масалан, мутахассисларнинг кулгу ҳақидаги фикрини келтирайлик. “Кулаётган” танада ўртача саксонта мушак ҳаракатга келади. Бунда елка, кўкрак, диафрагма, пресс машқ қилади, бош оғриғи ва асаб таранглиги юмшайди, иммунитет мустаҳкамланади, нафас олишнинг, тўқима ва органлардаги қон айланишининг сифати ошади, холестерин камаяди.

Инсоннинг маънавий дунёси ҳам муҳим ўрин тутади. Динда, сиёсатда, оилавий муносабатларда, ижтимоий соҳада, маданият ва санъат каби бошқа жабҳаларда киши тайин эътиқодга эга бўлмаса, ҳали у жамоа, ҳали бу жамоага аралашаверса, ўз қадриятларини аниқлаб ололмаса ва қимматини билмаса тушкунликка тушиб қолиши муқаррар. Хроник стресс инсонни ҳар кўйга солиши мумкин.

Кўриниб турибдики, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш унчалик ҳам оғир эмас. Бошлаб олинса, бир таркибий қисмни иккинчисига улаб, бутун мажмуани ҳосил қилиш мумкин. Бунга —ибтидога онгли равишда етиб келиш, кечикмаслик муҳимдир. Кечикканлар ҳам кўнгли бузилмасин, ҳечдан кўра, кеч яхши. Катта йўл биринчи қадамдан бошлангани сингари соғлом турмуш тарзи ҳам онгли танловдан бошланади. Хулқимиз бизни бузадими ё яшнатадими — бу ҳамманинг ўз қўлида. Донишлар айтганидек, “Ҳамма ҳам адашади, лекин бу хато эмас, яккаю ягона хато адашганини тан олмасликдир”.

Бошқача айтганда, биз бугун ўзимизни қийнамасак, эртага ҳаёт бизни қийнайди. Танлов ихтиёрини эса ҳеч ким биздан тортиб ололмайди.

Яна Президентимиз фармонига қайтайлик. Соғлом турмуш тарзини ўйлаб юриб, амалда бундай ишга киришишни бирор сабаб туфайли ортга суриб юрганлар учун бу фармон яхши туртки бўлади. Ҳужжат шу пайтгача ўйламаганларни энди ўз ҳаёти, саломатлиги ҳақида кенгроқ фикр юритишга ҳам ундаши аниқ.

Фармоннинг биз, фуқроларга кўплаб имкониятлар яратиб беришга қаратилгани эътиборга молик. Ўғил болалар, эркаклар “саломатлик йўлаги” бўлмаса ҳам югуриши, велосипед ҳайдаши, бошқа жисмоний машқлар билан шуғулланиши мумкин, лекин бу борада хотин-қизлар нима қилишини ҳеч ким ўйлаб кўрмаган эди. Соғлом турмуш тарзини ривожлантириш бўйича оилалараро, маҳаллалараро, муассасалараро мусобақаларни ўтказишга ҳам шу чоққача давлат аҳамиятига молик ғоя сифатида қаралмаган. Фармон билан яна ўнлаб спорт мажмуалари қурилиши, мактабгача ва умумтаълим муассасаларини бирламчи спорт инвентарлари билан жиҳозлаш, таълим муассасалари, хусусан, мактабгача таълим, умумтаълим ва спорт муассасаларини тоза ичимлик сув билан таъминлаш каби чоралар белгиланганки, бу саломатлик учун фақат фойдали бўлади.

Президентимиз фармонида қайд этилган кунига 10 минг қадам юриш ҳақида ҳам мутахассислар анчадан буён гапиради. Масалан, Японияда кўпчилик учун бу кундалик одатга айланган. Фармондаги иш жойида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари Хитойда жуда кенг тарқалган. Эрталаб кўчага чиққан одам қарийб ҳар бир муассаса ҳовлисида оммавий ушу машқларига гувоҳ бўлади. Япония ва Хитойда ортиқча вазнли одамлар камлиги, узоқ умр кўрувчилар кўплигининг сабабларидан бири ҳам соғлом турмуш тарзидир.

“Соғлом турмуш тарзи” (www.1hls.uz) платформаси юртимизда бу борада салмоқли юксалишга олиб келиши ҳам муқаррар. Бирни кўриб фикр қиладиган одам борки, бунга беэътибор бўлмайди ва соғлом турмуш тарзини ўзи учун ҳаётий меъёр этиб белгилайди.

Таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори меъёридан ортиқ бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликлар, нон маҳсулотлари истеъмолини камайтириш бўйича тарғибот ишлари кўплаб ҳамюртларимизни хасталик йўлидан саломатлик йўлига бошлашига ҳам шубҳа йўқ. Чунки энди ниманинг зарару ниманинг фойда эканини одамлар яна ҳам яхшироқ била бошлайди.

Албатта, соғлом турмуш тарзи ҳамма нарсада чеклов жорий қилиш, дегани эмас. Истеъмол қилиш керак, лекин меъёр билан. Тасдиқ тариқасида EPIC-Oxford тадқиқотлари натижаларига мурожаат қиламиз: вегетарианлар ва пескатарианларда (балиқ истеъмол қиладиган, лекин гўшт емайдиганлар) суяк синиши эҳтимоли

43 фоиз юқори бўлади. Бунга асосий сабаб мушак кучининг камайиши, кальций ва оқсилнинг нисбатан кам қабул қилинишидир.

“Ролтончи авлод”, “Бургерчи авлод” атамаларига хос бўлишдан узоқ юра оламизми? Таркибида меваси бор-йўқлиги шубҳали бўлса ҳам “мева шарбати” ичамиз. Меванинг ўзини истеъмол қилмаймиз. Фарзандлар биздан ўрнак олади.

Фармонга кўра, тайёрланиб, нашр этиладиган “Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси” тарғибот ишларини фаоллаштиришга хизмат қилади. Фарзандларимиз қўшни хонадаги одам билан телефон орқали гаплашмасин, уларга бекинмачоқ ва қувлашмачоқ каби ажойиб ўйинларимиз борлигини ўргатайлик.

Ҳужжатда тозалик ва гигиена қоидаларига ҳам алоҳида эътибор берилади. ЖССТ маълумотларига қараганда, агар ҳамма овқатланишдан олдин қўлини ювганида йилига 1 миллион одамнинг ҳаётини қутқариб қолиш мумкин бўларди. Чунки инсон кафти ва бармоқларида юз миллионлаб бактерия бўлиб, улар соатлаб сақланиб туради. Соат ва билагузук, узуклар остидаги бактериялар сони ҳам кам эмас.

Ҳар бир даврнинг ўз атрибути бўлади. Бизнинг даврда ортиқча вазнлилар ва ҳозирги кунда коронавирус туфайли ҳаммани бир хил қиёфага солган ниқоблар атрибут бўлди. Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этсак, биринчисидан, коронавирусга қарши самарали вакцина пайдо бўлиши билан иккинчисидан фориғ бўламиз. Замонамиз атрибути кўзлари чарақлаб турган, соғлом инсонлар бўлсин.

Музайяна МАШРАБХОН,
журналист
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,
2020 йил 14 декабрь, 242-сон

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …