Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ БОШЛАНДИ

ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ БОШЛАНДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Қирғизистон-Туркия Манас университети ректори Алпаслан Жейлан раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов қарши олиб, музей ва кутубхона фаолияти билан таништирди.

Ташриф доирасида Марказ билан университет ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Бишкекда жойлашган Қирғизистон-Туркия Манас университети Марказий Осиёдаги энг нуфузли таълим таълим даргоҳларидан бири бўлиб, унда 6500 дан зиёд талаба таҳсил олади. Ҳозирги кунда мазкур олий таълим муассасаси дунёдаги энг яхши 1000 та университет қаторидан жой олган. Қирғизистон, Туркия ва туркий давлатлар, жами 20 мамлакатдан келган хорижлик талабалар орасида 100 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳам бор. 12 та факультет, 1 та коллеж ва 1 касб-ҳунар коллежига эга Манас университети Туркия ва Қирғизистон давлат университетлари билан бир хил мақомга эга.

Марказ билан университет ўртасида бундан беш йил муқаддам ҳамкорликка оид меморандум имзоланган эди. Ўтган вақт давомида икки илмий муассаса ҳамкорлигида кўплаб тадбирлар ўтказилиб, қўшма лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, 2021 йилнинг 7-9 октябрь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Манас университетининг 25 йиллигига бағишлаб “Халқаро оила ва қадриятлар” мавзусида ташкил қилинган халқаро симпозиум маърузалар тўпламида Маркази директорининг ўринбосари О.Муҳаммадиевнинг “Ислом динида тенглик масаласи” номли мақоласи эълон қилинди. Шунингдек, университет билан ҳамкорликда “Қўлёзмаларни тадқиқ ва таржима қилиш борасида халқаро тажриба” мавзусида халқаро илмий семинар ўтказилди. Бундан ташқари университет тадқиқотчиси Дерйа Идикурт Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури ғолиблигини қўлга киритиб, Марказда илмий амалиёт ўтади. Бундан олдинроқ эса Марказ олимлари университетнинг илоҳиёт факультетида “Ўрта Осиё олимларининг ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди.

Маросимда университет ректори Алпаслан Жейлан имзоланаётган ҳужжат ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга, илмий лойиҳалар самарадорлигини янада оширишга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Марказ директори Шовосил Зиёдов муштарак манфаатлар ҳамкорликда юқори натижаларга эришишда кенг имконият яратишини қайд этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …