Home / ЯНГИЛИКЛАР / Юртимиз алломаларининг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқаро конференция

Юртимиз алломаларининг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқаро конференция

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 10-12 октябр кунлари Қирғизистоннинг Қирғиз-Турк Манас университетининг Илоҳиёт факультети томонидан “Марказий Осиё мусулмон олимларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия ва АҚШ давлатларидан 100 га яқин олимлар иштирок этиб, Марказий Осиё ҳудудидан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий мероси ҳақида маъруза қилишди.

Мазкур конференцияда ИБХИТМ илмий ходимларидан уч нафари – Ш. Умаров – “Марказий Осиёлик муҳаддислар ва улар ўртасидаги илмий алоқалар” (“Muhaddiths of Central Asia and scientific relations between them”, О. Юсупов – “Абдуллоҳ ибн Муборак – дунёда ўхшаши бўлмаган зот” (“Abdullah b. Mubarak – is the person who has what on earth like him”), О. Муҳаммадиев – “Сирожиддин ал-Ўшийнинг буюк устози Алоуддин Усмандий Самарқандий Мовароуннаҳр калом мактабининг йирик намояндаси” (“The great teacher (Master) of Sırajıddın al-Ushi – Alauddin Usmandi Samarkandi – is a great representative of the Movarounnahr kalam School”) ўз илмий мавзулари билан иштирок этишди.

Бундан ташқари, сафар давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари ИБХИТМ ва Қирғиз-Турк Манас университетининг ректори Сабоҳиддин Балжи билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик меморандуми келишуви имзоланди. Ректор жанобларига Имом Бухорий халқаро маркази Нашриёти томонидан нашр қилинган “Имом Бухорий таърифи”, “Самарқанд алломалари”, “Муснад” китоблари совға қилинди.

Шунингдек, Манас университети ректори томонидан ҳам “Ўрхон ёзма эсдаликлари”, “Қирғиз-Турк тили луғат” китоби ва “Туркий қавмларнинг машҳур шахслари” номли китоблари Марказ фондига берилди.

Ректор ўзбекистонлик делегациянинг мазкур конференцияда иштирок этганлигидан мамнун эканлигини, келажакда ўзбекистонлик тадқиқотчи ва талабаларнинг Манас университетида магистр йўналишлари бўйича таҳсил олиши ҳамда илмий тадқиқот ишларини олиб боришда шароит яратишини таъкидлаб ўтди.

Марказ ва Манас илмий тадқиқотчилари ҳамкорликда қўлёзмаларни тадқиқ этиш, илмий ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда Мовароуннаҳр алломаларининг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, илмий изланишлар олиб бориш бўйича ҳам икки томонлама келишувлар муҳокама этилди.

Конференция иши том маънода мовароуннаҳрлик алломалар, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бағишланганлиги билан аҳамиятли бўлди. Марказ вакиллари томонидан қилинган илмий маърузалар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.  Мазкур анжуман илмий тадқиқот ишларини олиб боришда халқаро ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайишида асос бўлди. 

О. Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими 

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …