Home / МАҚОЛАЛАР / ОЛИМГА ОГОҲНОМА

ОЛИМГА ОГОҲНОМА

Алишер Навоий маънавий меросида илгари сурилган комил инсон концепциясида илму маърифат, таълим-тарбия масалалари тарғиби устувор аҳамият касб этади. Мутафаккир жамият тараққиётида мазкур соҳалар ривожи муҳим ўрин  тутишини яхши англаган ва асарларида бунга кўп бора тўхталган.

Жумладан, «Саодатманд агар олим бўлса, нодонлар сўзи анга мужиби ибрат ва эътибор; бесаодат жоҳил бўлса, олим сўзидин анга ор. Ва филҳақиқат, жоҳиллиқдин бесаодатлиқроқ не бор?!»[1] деб, олимлик ва жоҳиллик каби мураккаб, ўзаро қарама-қарши тушунчалар моҳиятини содда кўринишларда ифодалаб, саодатманд олим ҳатто нодон кишининг сўзларидан ибрат олиб, ҳеч бўлмаганда уни такрорламасликка ҳаракат қилмоғи кераклигини эслатиб, синергетиканинг мураккабликдаги оддийлик тамойилини намоён этади.

Мутафаккир олимларга огоҳнома сифатида “Олимки, жоҳилни муқобалаға келтуруб, илзом қилмоғи ҳавас бўлғай, анинг ўзига ушбу иҳонат-ўқ бас бўлғай. Олим керакки, ўз илмининг поя ва миқдорин асрағай, гавҳарни имтиҳон учун тошқа урмағай”[2] деб ёзади. Яъни, олим киши жоҳилни рўпарасига ўтқизиб олиб, мулзам қилишни истаса, бу иш олимнинг ўз-ўзини таҳқирлашидир. Олим киши ўз илмининг даража ва миқдорини билиб, ҳурматини сақлаши лозим. Гавҳарни текшириш учун уни тошга урмаслик керак, деб таъкидлаб, ўз мавқеига муносиб иш тутиши кераклигини уқтиради:

Жоҳил агар улдурур, олим будур,
Олим эмас, ўзига золим будур.
Илмни ким воситаи жоҳ этар,
Ўзинию халқни гумроҳ этар[3].

Олимликни амал ва мартаба деб билиб, уни бойлик орттириш воситасига айлантирганлар асли жоҳил кишилар эканини айтиб, улар охир-оқибат ўзи ва халқини гумроҳ қилади, деб жоҳил олимнинг тартибсизлик омили эканидан огоҳлантиради. Мутафаккирнинг ушбу қайдлари бугунги жамиятга дахлдорлиги билан аҳамиятлидир.

XIX асрда яшаган рус олими Н.Миклухо-Маклай, “Таассуфки, «олим» деб аталувчиларнинг анчагина қисми фанга ўзларини кундалик харжу тамадди билан таъмин этишга мажбур бўлган соғин сигирдек қарайдиларки, бу олимни косибга, ҳаттоки қаллобга айлантиради”,[4] деб ёзади. Демак, Навоий ночизиқли тафаккур соҳиби сифатида ўз даврида жамият учун хос бўлган мазкур ижтимоий иллатнинг хавфли жиҳатларидан инсонларни огоҳ этиб, «келажакнинг бугунга таъсири» синергетик  тамойилини акс эттиради.

Алишер Навоий наздида мазкур салбий ҳолатнинг ижтимоий хавфли жиҳати шундаки, ушбу тоифага мансуб олимлар илмсизлиги туфайли ўзлари каби жоҳилларнинг кўпайишига сабабчи бўлади. Чунки, одам зоти билиб-билмай тўғри йўлдан оғишга мойил. Ундайлар орасида эса, бошқаларни ҳам ўз томонига етакловчилар чиқиб, бус-бутун жамиятларни залолатга бошлайди. Шунда Аллоҳ таоло ана шу қавмнинг ўзидан қалби тоза, нияти тўғри, тилига ёлғон олмаган, энг муносибини танлаб, вакил қилади. Хусусан, Муҳаммад алайҳиссалом шундай зотлардан бўлган[5].

Ҳадисда “Олимлар пайғамбарларнинг вориси” эканлиги таъкидланади (Имом Бухорий ривояти). Шу боис мутафаккир олимлар зиммасига маърифатпарварлик миссиясини юклайди.

Демак, Алишер Навоий ҳам эзгу ғояларга тўла асарлари, саховатли ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳамда ибратли ҳаёт тарзи билан инсониятни тўғри йўлга, маънавий юксакликка даъват этиб келган буюк аттрактордир[6].

Илм ўқуб, қилмағон амали мақбул,
Дона сочиб, кўтармади маҳсул[7].

Мутафаккир илм ўрганмоқ бойлик орттириш учун эмаслигини, саховатсиз бой бамисоли ёмғирсиз булутга ўхшагани каби илмига амал қилмаган олим устига китоб ортилган ҳайвонга ўхшашини[8] кескин тарзда таъкидлайди.

Навоий инсонни такомилга чақирувчи шариат асосларини бадиий услуб ва ўткир тил билан ночизиқли ёндашув воситасида ифодалаб, улардан кучли синергетик тартибот тушунчаларини ясайди. Амал қилинмаган илмнинг бефойдалигини, илм албатта инсоннинг ўзига ва бошқаларга манфаатли бўлиши кераклигини уқтиради:

Илм, Навоий, cанга мақсуд бил,
Эмдики илм ўлди, амал айлагил[9].

Мутафаккир илм олиш, ўқиш ва ўрганишнинг ўз-ўзини ривожлантириш омили эканини қайд этиб, кўп муқобилли синергетик тафаккур воситасида илм олишнинг оддий ва ишончли йўли – бу билиш учун интилиш, сўраш, ўқиш, изланиш, кузатиш эканини назарда тутади. Чунки киши ўзи билмаган нарса, ҳодиса ва жараёнлар ҳақидаги саволларга жавоб қидириб топиш орқали билимини ошириб боради. Орланиб ёки билмаслигини ошкор этишдан ийманиб сўрамаслик жоҳиллик аломати бўлиб, бу ўзига зулм қилиш эканлигидан огоҳ этади:

Илмдин орий улуснинг жоҳили худкомаси,
Ўрганурга жидду жаҳд этган – жаҳон алломаси[10].

Алишер Навоий билиш ва ўрганишнинг узлуксиз давом этадиган заҳматли жараён эканини таъкидлаб, ўрганишга жаҳд қилган кишининг жаҳон алломаси бўлиб етишишини қатъий ишонч билан эътироф этади. Зеро, илм олиш, илм ўқитиш ва илмига амал қилиш кишини маънавий юксакликка, икки дунё саодатига мушарраф қилади.

[1] Навоий А. Маҳбубул қулуб. МАТ: 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998.  –Б.70-71.
[2] Навоий А. Маҳбубул қулуб. МАТ: 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998. –Б. 111.
[3] Навоий А. Хамса: Ҳайратул аброр. МАТ: 20 томлик. 7 т. –Т.: Фан, 1991. –Б. 234.
[4] Тафаккур гулшани. Ватандош ҳамда хорижий алломаларнинг афоризмлари ва ҳикматли сўзлари (В.Воронцов композицияси: Ш.Абдураззоқова таржимаси. –Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989. –Б. 248.
[5] Саъдуллаев Э. Сабр ва тақво – икки дунё саодати [Электрон ресурс] //
https://www.bukhari.uz/?p=17876 (Мурожаат санаси: 22.02.2022)–Б. 8-9.
[6] Бозоров Д. Синергетик парадигма. – Т.: Тафаккур, 2010. – Б. 20.
[7] Навоий А. Маҳбубул қулуб. МАТ: 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998.  –Б 109.
[8] Навоий А. Маҳбубул қулуб. МАТ: 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998. –Б.89-90.
[9] Навоий А. Хамса: Ҳайратул аброр. МАТ: 20 томлик. 7 т. –Т.: Фан, 1991. –Б. 237.
[10] Навоий А. Маҳбубул қулуб. МАТ: 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998.  –Б 115.
Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …