Home / МАҚОЛАЛАР / САБР ВА ТАҚВО – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ

САБР ВА ТАҚВО – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ

Аллоҳ таоло барча маҳлуқотлар орасида инсонни энг азиз ва мукаррам қилиб яратди. Инсонлар орасидан имонли, тақволи, сабрли ва солиҳ бандаларини ҳидоят сари йўллади.

Эй имон келтирганлар, сабр қилинглар, сабрда устун бўлинглар ва доимо курашга шай бўлиб туринглар, Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар (Оли Имрон сураси, 200оят).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятлари орқали бандаларини сабрга чорлайди. Хусусан, «Бақара” сурасининг 153-оятида бундай дейди: “Эй имон келтирганлар, сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”.

Сабр инсонни комилликка элтувчи энг яхши хислатлардандир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Бош тана учун қанчалик керак бўлса, сабр ҳам имон учун шунчалик кераклидир”, деганлар (Дайламий ривояти). Яна бир ҳадисда “Сабр ёруғликдир”, дейилган.

Дарҳақиқат, сабр Аллоҳнинг бандаларига буюк иноятидир. Ҳеч бир инсон ҳаётини фақат шоду хуррамлик билан ўтказмайди. Умр йўли паст-баландликлардан, тўғрилик ва эгриликлардан иборат бўлади. Инсон тўқликка ҳам, очликка ҳам, ғалаба ва мағлубиятга ҳам, ғам-ташвишга ҳам – барчасига дуч келади. Булар синов бўлиб, улардан асло ранжимаслик керак.

Одамзот бу каби синовларга сабр қилиши, бошидан кечирадиган қувончу ташвишларига доимо тайёр туриши керак. Албатта, биз мўмин-мусулмон бўлиб туриб, сабрли бўлмасак, комил имон эгаси бўла олмаймиз.

Барча яхшиликларга сабр билан эришилади. Шунинг учун араблар сабрни “шодлик калити” деб атайди.

Сабр шундай кучли фазилатки, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳилмга, катталикни тавозега, ёмонликни яхшиликка айлантиради. Баъзан сабр инсонга жуда оғир ва имконсиздек туюлади. Лекин, шубҳа йўқки, Яратгандан астойдил ёрдам сўраса, Аллоҳ таоло ҳар қандай ишни осонлаштириб қўяди.

Инсон ҳар қандай қийинчиликка бардош бериб, сабр қилса, қалбида зиё пайдо бўлиб, зулматдан нурга чиқади. Сабрли инсон доимо яхшиликка интилади. Сабрсиз инсон тоқатсизлиги туфайли ўзини ҳар томонга уради ва оқибатда боши берк кўчага кириб қолади. Кейин ўз-ўзидан муаммолар пайдо бўлаверади. Турли хасталиклар, кўнгилсиз оқибатлар келиб чиқади.

Сабр деганда аламларга, туҳмату бўхтонларга бардош қилиш тушунилади. У нафсни қайғудан, тилни шикоятдан, аъзоларни ташвишдан сақлаш учун ҳимоя вазифасини бажаради. Инсон изтиробда қолиб, сабр қилса, албатта, муваффақиятга эришади.

Тақво ҳақида, “Ҳужурот” сурасининг 13-оятида бундай дейилади: Аллоҳ наздида, албатта, (энг азиз) мукаррамроғингиз тақводорларингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.

Бу хусусда Абдуллоҳ Шибравий “Оқилларнинг зийнати тақво либосидир”, дейди.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда: Аллоҳ суратингизга ва мол дунёингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалларингизга қарайди, дейилади (Муслим ривояти).

Инсон сабр ва тақво либосини кийиб, қалбида яхшилик ва меҳрибонлик туйғулари билан яшаса, етук фозиллар сафидан жой олади. Аксинча, бағритош, қаҳри қаттиқ, зўравон, фосиқ, бузғунчи, ман-ман, худбин феълли бўлса, элнинг назаридан қолади.

Аллоҳ таоло барчамизни сабр ва тақволи мўмин-мусулмонлардан қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин.

Элмиддин САЪДУЛЛАЕВ,
Шаҳрисабз тумани Авазмалик масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …