Home / МАҚОЛА / ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК ВА ТИНЧЛИККА ТАРҒИБ

ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК ВА ТИНЧЛИККА ТАРҒИБ

Қуръони карим бизга қадимда яшаб ўтган умматлар ва уларнинг ҳолати ҳақида хабар берган. Улар Аллоҳ таоло томонидан ато этилган тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётда яшаган. Сўнгра Парвардигори берган неъматларга ношукрлик қилиб, турли хил азобга дучор бўлган. Яъни, бошларига келган азобга ўзларининг ношукрлиги ва кофирлиги сабаб бўлган.

Қуръони каримдаги Нуҳ алайҳиссаломдан саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган пайғамбарлар тарихини диққат билан ўрганадиган бўлсак, улар ўз қавмини тинч-тотув яшашга даъват этганига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло ўз каломида:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ﴾

“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”[1], деган. Бу оят инсонлардан тинч-тотув яшашни ва шайтоннинг изидан эргашмасликни талаб этаяпти.

Юқорида келган оятдаги “سلم” сўзи турли хил маъноларни англатади. Агар “سلم” [силм] сўзи бирор нарсага қайд қилинмасдан ишлатилса ярашиш, дўстлашиш ва сулҳ тузиш маъноси назарда тутилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

﴿وَإِنْ جَنَحُوا لِلسَّلْمِ فَاجْنَحْ لَهَا وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ﴾

“Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У Эшитувчи ва Билувчидир”[2], деган.

Баъзан бу сўз билан бўйсуниш ва итоат қилиш маъноси ирода қилинади. Бу ҳақида Қуръони каримда:

﴿فَإِنِ اعْتَزَلُوكُمْ فَلَمْ يُقَاتِلُوكُمْ وَأَلْقَوْا إِلَيْكُمُ السَّلَمَ فَمَا جَعَلَ اللَّهُ لَكُمْ عَلَيْهِمْ سَبِيلًا﴾

“Агар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай, сулҳни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга улар узра (қарши чиқишга) йўл бермайди”[3], деган оят бор. Яъни, сизларга итоат этса, дейилган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Албатта, сизларнинг олдингизга асир бўлган одамни олиб келаман”, дейилган. Чунки асир одам бўйсунади ва итоат қилади.

Шунингдек, бу сўз билан нафснинг поклиги ва қалбнинг тозалиги ҳам назарда тутилади. Қуръони каримда:

﴿إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ﴾

“Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”[4], дейилган. Яъни, ширк ва гуноҳлардан пок дил билан келган кишиларгагина фойда берур.

Ҳадиси шарифда “Ҳақиқий мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир”, дейилган. “سلم” [силм] сўзи ишлатилиши нуқтаи назаридан ярашиш, дўстлашиш, сулҳ тузиш, қалбнинг поклиги ва тозалиги, бўйсуниш ва итоат қилиш маъноларини англатади.

“أمن” [амн] – хотиржамлик сўзи хиёнатнинг зидди бўлган омонатдорлик сўзидан чиқариб олинган бўлиб, қалби тинч ва нафси хотиржам деган маънони англатади. У имон сўзидан олинган, деб ҳам айтилган. Бу икки маъно бир-бирига яқин.

“Лисонул араб” китобида “Бу сўз бирор нарсага қайд қилинмасдан ишлатилганда хавфнинг зидди назарда тутилади”, дейилган.

Имом Замахшарий: “Фалончи омонатдор. Яъни, ҳамма одам унга омонат қўяди ва ишонади. Одамлар ундан хотиржам бўлади ва ёмонлик қилишидан қўрқмайди”, деган. Шунга кўра бу сўз икки хил маънони ифодалайди:

✔ Хотиржамлик, хавфу хатарнинг йўқлиги, нафснинг тинч ва сокин бўлиши.

✔ Ишонч, ҳақиқатни тасдиқлаш, қалбнинг роҳатини ҳис қилиш, алдов ва хиёнатнинг йўқлиги.

Демак, ҳақиқий тинчлик – инсоннинг тинч ва хотиржам яшайдиган ҳаётидир. Тинчлик ҳам бир неча қисмга бўлинади. Улар: руҳий тинчлик, ижтимоий тинчлик ва сиёсий тинчлик.

Руҳий тинчлик – инсонлар фикрлари, тасаввурлари, эътиқодлари ва турли хил маданиятларига кўра ўз шаҳарлари ва ватанларида тинч ва хотиржам яшайдиган ҳолатдир.

Тинчликнинг бу тури мусулмон умматини ҳаёти давомида ақидаларига путур етказадиган нарсалардан ҳимоя қилади. Бу эса тинчликнинг энг муҳими ва энг олийси ҳисобланади. Чунки бу фикр ва мақсадлари бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган жамиятларда ҳақиқатга айланади ва ривожланиши учун туртки бўлади. У айни вақтда жамиятни ҳар қандай фикрий ва эътиқодий душманлардан сақлайдиган қўрғондир.

Ижтимоий тинчлик – жамиятдаги одамлар орасида ҳамжиҳатлик, ўзаро мослик ва бир-бирига мувофиқлик ҳолатидир. Шунингдек, бунда жамиятда барча табақалар орасидаги алоқалар барқарор бўлади.

Сиёсий тинчлик – тинчликнинг бу тури ички ва ташқи даражага бўлинади.

Ички даражаси одамлар орасидаги ижобий ҳолатларда кўринади. Бошқа бир тарафдан эса одамлар ва ташкилотлар орасида намоён бўлади. Яна бир тарафдан жамиятдаги турли хил сиёсий ташкилотлар орасида билинади. Бу халқнинг ҳаётини тўрт асосга кўра идора этади. Улар:

✔ Тўғри бошқарувчилар;

✔ Сиёсий ҳаётни ривожлантириш;

✔ Сиёсий ишларда ҳамжиҳат бўлиш;

✔ Шариат ёки қонунларга қатъий амал қилиш.

Ташқи даражаси давлатнинг тинчлигини ҳалокатга олиб борувчи ташқи хатарлар ва таҳдидлардан сақлашда намоён бўлади.

Исломда тинчлик ҳақида турли маълумотлар келган. Албатта, диний матнларнинг асосий мақсади маданиятни ривожлантириш ва бунёдкорликка асос солишдир. Барча пайғамбарларнинг даъвати мана шунга асосланган эди.

Мусо алайҳиссаломнинг даъвати жамиятни сиёсий қуллик ва ақидавий бузилишдан қутқаришга қаратилган эди. Шунингдек, Исо алайҳиссаломнинг даъвати ҳам фасод ишларни ислоҳ қилишни мақсад қилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ҳам тарқалиб кетган қабилаларни бирлаштириш ва ўзаро қон тўкишдан сақлашга қаратилган эди.

Бу илоҳий пайғамбарликлар жамиятдаги одамлар орасида тарқалган қўполлик, шафқатсизлик ва душманчилик ўрнига инсоний биродарликни ва тинчликни тарқатган. Барча динлар инсонни жаҳолат зулматларидан қутқариш, қалбини имон нури ва хотиржамлик билан тўлдириш учун хизмат қилади. Одамларни ислоҳ қилиш ва йўлларини тўғрилаш учун диннинг катта таъсири бор.

Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга олиб келган илоҳий пайғамбарлик тинчлик учун улкан хизмат қилган. Мусо алайҳиссалом Фиръавнни тўғёнга кетган бўлса ҳам ниҳоятда юмшоқлик билан даъват этган. Бу ҳақида Қуръони каримда:

﴿فَقُولَا لَهُ قَوْلًا لَيِّنًا لَعَلَّهُ يَتَذَكَّرُ أَوْ يَخْشَى﴾

“Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса”[5], дейилган.

Исо алайҳиссалом ҳам фасодга учраган ва тўғри йўлдан озган қавмни тўғрилаш учун пайғамбар қилиб юборилган. Жамиятда инсоний алоқаларни мустаҳкамлаган, ўзаро биродарликни ва тинчликни ўрнатган.

Ислом дини тинчликка ва уни мустаҳкамлашга даъват қилган. Лекин ўша динга эргашган кишилар ҳукмларни тўғри тушунмагани сабабли бўлиниб кетган. Ўша динларнинг ўзи одамлар тўғри йўлдан бурилиб кетганига гувоҳлик беради. Чунки барча динларнинг асл мақсади жамиятнинг бирдамлиги ва тинчлиги бўлган.

Ислом тарихи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганларнинг баъзиси тўғри йўлдан бурилгани ҳақида хабар беради. Хаворижлар тўғри йўлдан озиб, мусулмонларнинг қонини тўкишга, шафқатсизликка, динда чуқур кетишга ва ўзларига эргашмаганларга қарши уруш қилишга даъват этган. Бу ишлари билан мусулмонларнинг тинчлигига раҳна солган. Ваҳоланки, барча динларнинг асосий таълимотларидан бири тинчликка чақириш бўлган.

Жамиятда тинчликнинг асосий натижаларидан бири одамларнинг тасаввурлари ва эътиқодлари турлича бўлишига қарамасдан тинч-тотув яшашидир. Улар турли хил фитналардан узоқ бўлган ҳолда ўзаро ишонч ва хотиржамликда ҳаёт кечиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ислом уммати учун намуна бўладиган нарсаларни қолдириб кетдилар. Чунки муҳожир ва ансорларни бир-бирига биродар қилиб қўйишга шошилдилар. Мадина яҳудийларига тинч-тотув яшашлари учун кафил бўладиган мактуб ёзиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия куни мусулмонлар билан қурайшликлар орасидаги уруш оловини ўчиришга шошилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчликни сақлаб қолиш учун қурайшликлар билан сулҳ тузганлар.

Шайх Абдуллоҳ ибн Байя бундай дейди: “Тинчликсиз ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ. Чунки тинчлигини йўқотган одам ўз ҳаётида ҳақли бўлган барча ҳуқуқларини йўқотувчидир. Тинчлик барча ҳуқуқларга тегишли бўлган энг аввалги ҳақ ва энг олий мақсаддир. Ҳаётим давомида тинчликдан кўра олийроқ бирор мақсад йўқ деган хулосага келдим”. Бу сўз Ер юзида тинчликнинг нақадар аҳамиятли эканини англатади.

Барча пайғамбарларнинг даъватлари инсонларнинг ҳуқуқларини тортиб оладиган таъқиб ва қулликка қарши бўлган.

Тарихий воқеалар тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриб турган мусулмон жамиятларида мусулмон бўлмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланганига гувоҳлик беради. Бунга жуда кўп мисоллар бор. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Байтул Мақдисда яшайдиганларга омонлик берган ва уларнинг ҳуқуқларини сақлашга кафил бўлган.

Бу ҳақида келган мисоллардан яна бири: “Мўминлар амири Абдуллоҳ ибн Умарнинг Илё аҳлига омонлик берганидир. У киши уларнинг жонлари ва молларига, ибодатхоналарига, касал ва соғлом кишиларига, у ерда яшайдиган барчасига омонлик берган. Уларнинг ибодатхоналари бузилмаган ва зарар етказилмаган. Молларидан бирор нарсага тегинилмаган. Улар ўз динидан қайтишга мажбурланмаган ва бирортасига зарар берилмаган”.

Демак, инсоннинг ҳуқуқларига риоя қилиши учун тинчлик дастлабки қадам эканлиги аниқдир. Чунки инсон тинчлик ва барқарорлик бўлмаган жойда ҳуқуқларининг қийматини ҳам таъмини ҳам топмайди.

Барча динларда тинчлик Аллоҳ таоло тарафидан одамлар учун берилган улкан неъмат эканлиги таъкидланган. Бу неъматнинг эвазига Аллоҳга шукр қилиш ва ношукрлик қилмаслик талаб этилган. Юқорида келтирилган маълумотларга қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:

✔ Ислом дини жамиятларнинг барқарорлиги ва ривожланиши учун тинчлик асос эканини таъкидлаган. Балки тинчликка бўлган эҳтиёж овқат ва дорига бўлган эҳтиёждан кўра муҳимроқдир.

✔ Тинчликнинг мустаҳкамлиги одамлар орасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ишонч, жамиятда адолатнинг борлигига боғлиқ.

✔ Жамиятда тинчликнинг мустаҳкамлигидан асосий мақсад инсон ўз ҳуқуқларини сақлашга ва илоҳий омонатни адо этишга имкон беришидир.

✔ Кўпинча, диний таълимотлардан узоқлашиш фикрнинг бузилишига олиб боради ва жамиятда фитналар тарқалишига сабабчи бўлади.

✔ Ислом дини тинчликни сақлашга ва уни мустаҳкамлашга катта эътибор берган. Чунки жамиятда тинчликнинг ҳукм суриши инсонларнинг ҳуқуқларини сақлашга хизмат қилади.

Ушбу мақола Марокаш Қироллигидаги Ҳасан II Университетининг адабиёт ва гуманитар фанлар факултети профессори, доктор Шафиқ Ломанинг “Самовий динларда тинчликнинг асоси” номли мақоласи асосида тайёрланди.
[1] Бақара сураси, 208-оят.
[2] Анфол сураси, 61-оят.
[3] Нисо сураси, 90-оят.
[4] Шуаро сураси, 89-оят.
[5] Тоҳа сураси, 44-оят.
Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими

Мақола PDF форматда

Мақола Word форматда

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …