Home / МАҚОЛАЛАР / Дунёвийлик – даҳрийлик эмас!

Дунёвийлик – даҳрийлик эмас!

Ўзбекистон заминида диний бағрикенглик ғоялари азалдан ижтимоий меъёр мақомини олган бўлиб, бугунги глобаллашув шароитида у янада яққол кўзга ташланмоқда – юртимизда турли конфессиялар вакиллари ҳамжиҳат яшаб, Ватан равнақи йўлида елкама-елка меҳнат қилиб келяпти. Шундай эса-да, барча мамлакатларда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам дунёвийлик тамойилларини тўғри англаш ва уларга ўзаро англашув руҳида муносабатда бўлиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бу хусусда Ўзбекиcтон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзлари ниҳоятда муҳим эканини таъкидламоқ жоиз: “Дунёвий ва диний қадриятлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтиришимиз лозим. Тарих ва ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб топиш осон бўлмайди. Шу маънода, биз муқаддас динимиз арконлари ва қадриятларини доимо улуғлаб, шу билан бирга, дунёвий ҳаётга ҳам қатъий ишонч билан интилиб яшаган тақдирдагина ўз эзгу мақсадларимизга ета оламиз”.

Дунёвийлик инсоннинг маънавий мезонларни дунёга нисбатан ўлчаб яшашини англатадиган тушунчадир. Шунингдек, барча динлар, турли қарашларни тенг ҳурмат қилиш, қайси динга эътиқод қилишидан қатъий назар ҳар бир инсон қонун олдида тенглиги масалалари ҳам дунёвийликка хосдир.

Дунёвийлик тушунчасини динийлик билан мутлақ қарама-қарши қўйиш тўғри эмас. Булар дунё ва инсон ҳаётининг моҳиятига турлича қараш усуллари, холос.

Дунёвийлик деганда, диний ташкилотларни сиёсий ташкилотлардан ажратиш ва динийликни барча учун асос қилиб олмаслик тамойили туради. Бу ҳеч қандай қарама-қаршилик учун асос бўла олмайди.

Маълумки, ҳар қандай дин фақат ақида ва ибодатларни камраб олиш билан кифояланмай, аввало, ўзига умуминсоний ахлоқ меъёрларини сингдирган ва уларни умуммажбурий хулқ-атвор қоидаларига айлантира олган. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳамжиҳат яшашида, жамият аъзоларида эртанги кунга ишонч ҳиссини мустаҳкамлашда, турли ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишда, энг муҳими, умуминсоний ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, уларни авлоддан-авлодга етказишда диний таълимотларнинг алоҳида ўрни бор.

Дин ўзининг маънавий яқинлик ва руҳий ҳамоҳангликни таъминлаш функциясига кўра, интеграциянинг муҳим омили ҳисобланади. Жамият ва давлат муносабатлари тизимида манфаатлар уйғунлигини таъминлашда ҳам диннинг улкан ижтимоий гуруҳларни уюштира олиши, бирлашишини таъминловчи мафкуравий вазифаси алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган бўлса-да, мамлакатдаги маданий-маънавий анъаналарнинг ажралмас қисми ва инсонлар, айниқса, ёш авлод камолотининг асосларидан бири сифатида қаралади. Дин ҳамиша менталитет, ахлоқ ва маданият билан диалектик алоқа бўлади ва шу сабабли ҳар қандай дунёвий давлатда жамиятнинг бирдамлиги, одамларнинг ўзаро аҳиллиги, жипслиги, тинчлиги ва барқарорлигини сақлашда унинг алоҳида ўрни бор.

Дунёвийлик – даҳрийлик эмас, ибораси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан баён этилган бўлиб, у фоний ва боқий дунёнинг маънавий-руҳий уйғунлигини ифода этади. Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият енгилмас куч” асарида “Дунёвийлик даҳрийлик дегани эмас. Дин ва диний эътиқод бутунлай рад этиладиган ҳаёт қандай ғайриинсоний кўринишга эга эканини биз кечаги тарихимиз мисолида яхши биламиз. Бундай мафкуранинг хатарли томони шундаки, у неча асрлар давомида дин негизида шаклланган, халқ ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетган қадриятлар – бу ёзма ёки оғзаки, моддий ёки маънавий мерос бўладими, ахлоқ ёки анъаналар бўладими, миллий дунёқараш ёки турмуш тарзи бўладими – буларнинг барчасини рад этади”, дея бежиз айтилмаган.

Диний манбаларда нафақат эътиқод ва ибодат масалалари ёритилган, балки аввал яшаб ўтган инсонлар ҳаётидан ибратли ҳикоялар ҳам мужассам бўлиб, уларда оғир синовларни бошидан кечирган пайғамбарлар ҳаёти, бузғунчиликка берилган халқлар, бунинг натижасида улар бошига жазо сифатида тушган фалокатлар намуна қилиб кўрсатилади. Улардан тўғри хулоса чиқарган киши гуноҳлардан тийилишга, кўпроқ савобли ишларга қўл уришга ҳаракат қилади. Албатта, бу ўз навбатида ҳар қандай жамиятда соғлом ижтимоий муҳит қарор топишига замин ҳозирлайди.

Аждодларимиз ҳар доим дунё ва охиратни ўзаро муштарак ҳолда тасаввур этган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Охиратни ўйлаб дунёни, дунёни ўйлаб охиратни эсдан чиқарманглар”, деганлар. Зеро, дунё охират зироатгоҳидир, дунёни обод қилган кишининг охирати ҳам обод бўлади. Баҳоуддин Нақшбанднинг “Даст ба кору дил ба Ёр” (“Қўлинг ишдаю қалбинг Аллоҳ билан бўлсин”) шиорида ҳам айнан шу мазмун, яъни дунё ва охират ишларини баравар, бирга олиб бориш маъноси мужассам.

Барча диний конфессияларда мавжуд бўлган мутаассиблик кайфиятидаги айрим гуруҳлар дунёвийликни даҳрийлик (Худога ишонмаслик), диндан чиқиш деб талқин қилишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг даъволарига кўра, дунёвий шахс гўё Яратганнинг амрини, муқаддас китобларни инкор этади. Бу каби тоифалар дунёвий илм-фан, маданият ва санъатни мутлақ инкор этишни дин кўрсатмаси даражасига кўтаради.

Тарихда дин номидан жаҳолатни тарғиб этишга мисол тариқасида ўрта асрларда Европадаги инквизицияни келтириш мумкин. Ўшанда кўплаб олимлар таъқиб қилинди, катта-катта кашфиётчилар турли жазоларга тортилди. Бундай “йўлга солиш” ҳолатлари бошқа динларда ҳам кузатилган. Аслида эса, соф диний таълимотларда инсонлар манфаатига хизмат қиладиган илмнинг ҳар қандай тури савоб саналади.

Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоиздан кўпроғи эътиқод қиладиган ислом динида ҳам дунёвийлик ва динийлик чегаралари белгиланмаган. Ислом таълимотига кўра, инсонларнинг дини, саломатлиги, насаби, ақли ва молига фойда келтирадиган ҳар қандай амал диний жиҳатдан ҳам маъқулланган, савобли иш ҳисобланади. Масалан, одамларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида техник воситаларни, тиббий ёки кимёвий моддаларни кашф этиш, деҳқончиликда янги услубларни қўллаш каби ишлар учун ҳам киши икки дунё саодатига эришиб, ажр ва мукофотлар олади. Ўз навбатида инсонларга зарар етказадиган ишлар, ғаразли мақсадларда кашфиётларни амалга ошириш гуноҳ саналади. Айни у тамойиллар туфайли ўрта асрларда ислом оламидан илм-фаннинг барча соҳалари бўйича етук қомусий алломалар етишиб чиққан. Дин уламолар уларни куфрда айбламаган.

Исломда дунёвийликка динга ёт тушунча сифатида қаралмайди. Қуръони Карим ва ҳадисларда инсон бу дунёси учун ҳам ҳаракат қилиши кераклиги уқтирилади. Ушбу оятни келтириш ўринлидир: “Яна шундайлари борки, улар: “Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”,-дейдилар” (“Бақара” сураси, 201- оят).

Муқаддас китобимиздаги “Динда (динга) зўрлаш йўқ” (“Бақара” сураси, 256-оят) деган сўзларда дунёвийликнинг энг муҳим асосларидан бири мужассам бўлган. Унга кўра, диний ҳаёт тарзини мажбурлаб сингдириш мумкин эмас.

Қуръони Каримдаги “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (“Қасас” сураси, 77-оят) сўзларини Абу Лайс Самарқандий “Бу дунёдаги насибангни тарк қилмагин, токи охиратинг учун хизмат қилсин”, дея тафсир қилган. Чунки инсонда танаси, оиласи, қўни-қўшниси, жамият ва қўл остингдагиларининг ҳаққи бор, ҳар бир ҳақдорнинг ҳаққини адо этиш керак.

Шу билан бирга, Каломи Шарифдаги кўплаб оятлар дунёвий масалаларни ҳам қамраб олади. Мисол учун, “Бақара” сурасининг 282-ояти қарз олди-бердиси ҳақида бўлиб, унда масаланинг моддий ва маънавий жиҳатларига эътибор қаратилган.

“Сизларнинг яхшиларингиз дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни унутмаганларингиз” деган ҳадисдаги ҳикматнинг мазмун-моҳиятини англаб, ҳаётга татбиқ этиш, дунё ва охират ишини уйғунлаштириш, дунё охират экинзори, охират учун амалиёт манбаи эканини англаш тамойиллари мўътадил йўлдир.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) диний масалаларда барчага муаллим бўлса ҳам, дунёвий ишларда мутахассисларнинг фикрларига қулоқ тутганлар. Расулуллоҳнинг баъзи сўзлари динийдан кўра тажрибавий асосга ёки шахсий фикрга таянган. Шунинг учун ҳам саҳобалар баъзан “Шахсий фикрингизми ёки Аллоҳнинг амрими?” деб сўраб турган. Шахсий фикр бўлса, айрим ҳолларда афзалроқ таклифлар айтилган ва дунёвий соҳалар мутахассисларининг бундай мушоҳадалари инобатга олинган.

Ҳазрати Умар (р.а.) “Сизларнинг яхшиларингиз у дунё ва бу дунё учун ҳаракат қилганларингиздир” деб алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. У зот масжиддан чиқмай, эртаю кеч ибодатга машғул бўлган ёш йигитларни таёқ билан ҳайдаб, дунёвий ишлар билан ҳам шуғулланишга чақиргани ҳақида машҳур ривоятлар бор.

Юқорида таъкидланганидек, барча динларда мутаассиблар бўлади. Афсуски, бугунги кунда айрим бузғунчи кучлар замонавий дунёвий қонунчилик асосида ҳаёт кечириш мусулмонлар учун мақбул эмаслиги ҳақида сохта даъволарни тарқатмоқда. Ваҳоланки, дунёвий қонунлар ҳақида ислом уламоларининг фикрларини қуйидагича умумлаштириш мумкин: замонавий жамият талабларига мувофиқ чиқарилган қонунлар шариатга зид келмаса, ундай қонунлар шариатдандир. Дунёвий ишлар шахс ва жамият манфаатларини кўзлар экан, улар дин таълимотларида доим қўллаб-қувватланган. Қайд этилганидек, дин ҳамиша дунёвий ишларнинг маънавий жиҳатларини тартибга солиб турган. Одамлар бирор ишнинг савоб ёки гуноҳ, маънавий жиҳатдан мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида шулар асосида ҳукм ва хулоса чиқарган.

Динийлик ва дунёвийлик ҳақида сўз борар экан, давлатчилик мавзусини назардан четда қолдирмаслик керак. Ислом дини таълимотида давлат сиёсий тузилмасининг муайян шакли кўрсатилмаган. Фақатгина умумий тамойиллар белгиланган. Уламолар бу тамойиллар тўртта эканини айтади: тенглик, эркинлик, адолат ва машварат. Ушбу тамойиллар топтирилса, давлат қандай шаклга эга эканидан қатъий назар, у ислом динига мувофиқ келади.

Хориждаги ғараз ниятли кучлар юртимиздаги мусулмон аҳоли онгини радикаллаштириш ва исломни сиёсийлаштиришга уринишларни тўхтатмаган бўлса ҳам, шукрки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда шу тўрт тамойил асосига эга фуқаролик жамияти қуриш босқичида динийлик ва дунёвийлик ўртасидаги мувозанатни шакллантиришга эришилди. Дунёвийлик тамойили Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни билан ҳуқуқий кафолатланган. Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўли – дунёвий демократик йўлдир. Халқимиз диний эътиқодни чуқур ҳурмат қилган ҳолда дунёвий тараққиёт йўлидан бормоқда.

Бир сўз билан айтганда, дунёвийлик даҳрийлик ёки аллақандай бир иллат эмас. Бу Аллоҳга имон келтирган ҳолда, инъом этилган ақл-заковат, билим ва тажрибани ишга солиш, эл-юртни обод қилишга ҳисса қўшиш, халқнинг ҳурматини қозонишдир. Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий “Халқ рози бўлса, Холиқ рози бўлади” деб, жуда топиб айтган. Ёшларимиз жамият ва давлат манфаатларига хизмат қилувчи янги-янги инновацион ғоя ва технологияларни кашф этса, илғор илм-фан ютуқларини қўлга киритса, энг муҳими, “портлаш эффекти” сифатида дунёга халқимиз интеллектини тараннум этса, нур устига нурдир. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Халқимизни рози қилсак, уларнинг оғирини енгил қилсак, уларнинг дарду ташвиши билан яшасак, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.

 Маҳмуд МАЖИТОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
 Малака ошириш маркази
Сурхондарё вилояти минтақавий филиали директори

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …