Home / МАҚОЛАЛАР / КОРОНАВИРУС ҲАМ СИНОВ

КОРОНАВИРУС ҲАМ СИНОВ

Аллоҳ таоло бандаларини яратибдики, уларни турли хил балолар билан синаб туради. Бу синовлар ортида биз эътибор қилмайдиган ҳикматлари бўлади. Шундай синовлардан бири бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатларига тарқаган коронавирус касаллигидир. Аллоҳ таоло бу касаллик билан бутун инсониятни синамоқда. Динимиз бало келганда сабр қилишга чорлайди. Сабр билан ҳар қандай қийинчилик енгиб ўтилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

وَلَنَبْلُوَنَّكُم بِشَيْءٍ مِّنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِّنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ

“Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер” (Бақара сураси, 155-оят).

Араб тилидаги وَلَنَبْلُوَنَّكُم сўзи таъкид бўлиб келган, яъни албатта, шубҳасиз инсониятни ҳар хил балолар билан синашлигини айтган. Бу синов бир шахснинг ўзига катта кўринишда ҳам ёки кичик кўринишда ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, инсониятнинг барчасига катта-ю кичик синов бўлиши ҳам мумкин. Бу синовлардан бири хавф, яъни қўрқинчдир. Қўрқинчнинг кўриниши турличи бўлади. Одамзот дунёда кўп нарсадан хавфга тушади. Биринчи галда ҳамиша ўлим хавфи туради. Касаллик, ўғрилик, хиёнат каби хавфлардан тортиб кичик хавфлар ҳар бир инсонни сергакликка чорлаб туради. Очлик ҳам синовларнинг бир тури бўлиб, унга рўза тутгандаги очликни ҳам муфассирлар айтиб ўтишган. Ундан ташқари, турли сабабларга кўра очарчилик бўлиши мумкин. У оммавий ва шахсий кўринишда ҳам бўлади. Аллоҳ таоло бизни мол-мулкка нуқсон етказиб, жонга касаллик етказиб, меваларга, яъни фарзандларга нуқсон етказиб синайди. Аллоҳ таоло бизни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синайди, бу хусусда Аллоҳ таоло бундай деди: “Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз(Анбиё сураси, 35-оят мазмуни).

Бир одамга яхшилик қилиб ўша одам билан қўшиб бошқаларни ёки бир мусийбат бериб ўша одамни, унга қўшиб бошқаларни ҳам синайди. Демак, ҳар бир кунимиз синовдан иборат.

Ҳозир деярли дунёни ташвишга солган, энг хавфли касаллик эпидемияси ҳар бир кишини хавотирга солмоқда. Бунга эҳтиёт бўлиб сабр қилсак, Аллоҳ таоло айтган фазилатга эришишимиз аниқ. Аллоҳ таоло сабрлиларга башоратни ваъда қилган экан, ҳеч қачон ноумид бўлмаслик керак. Албатта бу балони Аллоҳ таоло кетказади. Бу қийинчилик ортидан шубҳасиз яхшилик келишига ишонамиз. Зеро, Аллоҳ таоло: “Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир(Шарҳ сураси, 5-6 оятлар мазмуни) деб такрор марҳамат қилган.

Тарихда бўлиб ўтган воқеаларга назар ташласак, ҳар бир балонинг ортидан инсонларга ҳикматли катта фойдалар келганини кўрамиз. Ўн саккизинчи ҳижрий йил, Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Мадина ва унинг атрофида “кул йили” номли қирғоқчилик тўққиз ой давом этди. Ёмғирсизлик ва иссиқликдан ер қорайиб кулга айланди. Шу бало туфайли араб қабилалари бирлашди, бир-бирига ёрдам кўрсатиб ўзаро муҳаббатли бўлишди. Бало кўтарилгандан сўнг, Али розияллоҳу анҳу, бу бало кетгани, аммо араб қабилаларининг шу пайтгача бўлмаган бирликларининг қолгани ва бошқа неъматларга эга бўлишганини эътироф этган.   

Худо хоҳласа, бир кун келиб биздан ҳам бу бало кўтарилади. Бу синовни чиройли хулқ ва сабр билан ўтказсак, унинг кейинги ҳикматларининг шоҳидига айланамиз. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларига ёмонликни хоҳламайди. Карантин қоидаларига ва шифокорларнинг тавсияларига қатъий риоя қилиб, бу касалликни дуо қилиб кўтарилишини сўрайлик. 

Қ. Маҳмудов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИНГ КЕНГ ТАРҚАЛИШИГА АСОС БЎЛГАН НУСХАЛАР

Бутун ислом оламида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари етиб бормаган макон йўқ. Имом Бухорийнинг ҳадис …