Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръон ва суннатнинг мувофиқлиги

Қуръон ва суннатнинг мувофиқлиги

“Суннат” ва “Ҳадис” атамаси бир хил маънони билдиради. Аммо уларни диққат билан ўрганадиган бўлсак, ҳадиснинг хос, суннат умумий эканини биламиз. Ҳадис деганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади.

Суннат сўзи эса, араб тилида “сийрат, тариқат – маънавий йўл”. маъносини англатади. Тариқат ёмонлик ниятида хам, яхшилик ниятида хам бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар ажрига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради”, – дедилар[1].

Пайғамбарнинг суннати деб айтилганда, у зотнинг ҳаётий йўли тушунилади. Муҳаддислар истилоҳида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “Суннат” дейилади.

Суннат икки илоҳий ваҳийнинг бири бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган. Ваҳийнинг бошқаси Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони каримдир. Бунга Қуръон, суннат ва уламоларнинг ижмоъларида аниқ баён этилган:

Қуръони каримда:

وَمَا يَنطِقُ عَنِ الْهَوَىٰ إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَىٰ[2]

“У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас”.

وَأَنزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ [3]

Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар”. Бу оятда зикрдан мақсад Қуръони каримдир. Яъни, Пайғамбарларни ўз қавмларига турли очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар билан юбордик. Сизни эса, эй Муҳаммад, одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикр – Қуръон ила юбордик.

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ ۖ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ[4]

Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир”.

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ ۗ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ [5]

Сиз: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айтинг”.

فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّىٰ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا[6]

Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!”.

فَلْيَحْذَرِ الَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنْ أَمْرِهِ أَن تُصِيبَهُمْ فِتْنَةٌ أَوْ يُصِيبَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар”.

Суннатга эргашишга қизиқтирадиган, уни лозим тутиш вожиб экани ва унга хилоф иш тутиш ҳаром экани ҳақидаги оятлар Қуръонда кўп келади.

Суннатда:

Ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала экани очиқ-ойдин айтилган.

Убайдуллоҳ ибн Абу Рофиъ отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен бирортангизнинг супасида ёнбошлаб ётганида унга мен амр қилган ёки қайтарган нарсалардан бирор иш етса, зинҳор “Буни билмаймиз, бизга Аллоҳнинг Китобида нима келса, шунга эргашамиз”, деганингизга дуч келмайин”, – дедилар”[7]. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръонга амал қилсак бўлди, Суннатнинг кераги йўқ”, дейдиганлар чиқмаслиги зарурлигини баён қилмоқдалар. Бу ҳам келажакда бўладиган нарсалардан ўзига хос огоҳлантиришдир. Шунингдек, Қуръони карим билан бирга суннати набавияга катта эътибор қаратиш кераклигини таъкидладилар, чунки у зотнинг суннатлари Қуръон аҳкомларини баён қиладиган ва изоҳлаб берадиган манбадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қулга бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўплаб ихтилофларни кўради. Шунда менинг Суннатимни ва рошид – ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлашни лозим тутинг. Уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлаб олинг. Ўзингизни янги пайдо қиладиган ишлардан эҳтиёт қилинг, чунки ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолатдир”, – дедилар” [8].

Шунга ўхшаш суннатни лозим тутиш ва уни мукаммал қилишга тарғиб қилувчи ҳадиси шарифдан иборат  далиллар кўпдир.

Буюк алломаларнинг гапларида:

Ҳасан Басрий: “Имрон ибн Ҳусайн биродарлари билан ўтирган эди. Шунда улардан бири: “Бизга фақат қуръон билан гапиринглар” деди. Унга: “Яқин кел” деди. У яқин келди.  Имрон ибн Ҳусайн: “Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Пешин намозини тўрт ракаат эканини, Асрнинг  тўрт ракаат эканини ва Шомнинг уч ракаатлигини топа оласизларми?

Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Тавоф етти марта эканини, Сафо ва Марва тавофи қанчалигини топа оласизми?”, – деди[9]. Яъни Қуръон ҳукмларини суннат билан тўлиқ билиб олишга ишора қилган.

Ҳассон ибн Атийядан ривоят қилинади: “Жаброил суннатни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни нозил қилгани каби нозил қилар эди”[10].

Айюб Сахтиёнийдан ривоят қилинади: “Бир киши Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххирга: “Бизга Қуръондаги нарсасиз бирор сўз гапирма”, деди. Унга Мутарриф: “Аллоҳга қасам, Биз Қуръонга ўзгартиришни хоҳламаймиз. Лекин бизнинг ичимизда ким Қуръонни билувчироқ эканини билишни истаймиз”, – деди”[11].

Авзоъийдан ривоят қилинади: “Айюб Сахтиёний: “Бир кишига суннатни гапирадиган бўлсангиз, у одам: “Буни қўйинглар, бизга фақат Қуръондан гапиринглар”, дейди. Билингки, у адаштирувчи адашган одамдир”, – деди”[12].

Авзоъий, Макҳул, Яҳё ибн Абу Касир ва бошқалар: “Суннатнинг Қуръонга муҳтожлигидан кўра Қуръон суннатга эҳтиёжли. Суннат Қуръонга қараб ҳукм чиқарувчи, Қуръон суннатга қараб ҳукм қилувчи эмасдир”, –дедилар[13].

Фазл ибн Зиёд: “Суннат Қуръонга қараб ҳукм чиқарувчи” деб ривоят қилинган ҳадис ҳақида яъни Аҳмад ибн Ҳанбалдан сўралганида, Абу Абдуллоҳ: “Бунга бирор нарса дея олмайман. Лекин суннат Қуръоннинг тафсири, таърифи ва баёнидир”[14].

Бу ҳақда алломалар жуда кўлаб фикрларини билдиришган.

Қуръон ва суннатда ҳеч қандай бир-бирига хилофлик йўқ. Бугунги кунда бесуннатлар жамоаси суннатни инкор қилиб фақат Қуръондан ҳукм олиш керак деган фитналари билан мусулмонлар орасини бузишга ҳаракат қилмоқда. Юқоридаги далиллар уларнинг тутаётган йўллари нотўғри эканига далолат қилади. Диннинг мукаммаллиги Қуръон ва Суннат билан намоён бўлишини унутмайлик.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими Қ. Маҳмудов

 

[1] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Ж.2. Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий. Байрут. –Б.704.

[2] Нажм сураси: 3-4-оятлар.

[3] Наҳл сураси: 44-оят.

[4] Ҳашр сураси: 7-оят.

[5] Оли Имрон сураси: 31-оят.

[6] Нисо сураси: 65-оят.

[7] Абу Довуд. Сунани Абу Довуд. Ж.4. Байрут. Дору-л-кутуби-л-арабий. –Б.329; Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомиъу-т-Термизий. Ж. 5. – Байрут. Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий. – Б. 37.

[8] Абу Довуд. Сунани Абу Довуд. Ж.4. – Байрут. Дору-л-кутуби-л-арабий. –Б.329.

[9] Хатиб Бағдодий. Ал-кифоя фи илми-р-ривоя. – Мадина. Ал-мактабату-л-илмия. –Б.15.

[10] Имом Доримий. Сунани Доримий. – Байрут. Дору-л-китоби-л-арабий, 1986.  –Б.153.

[11] Қуртубий. Жомиъ баёни-л-илм ва фазлиҳ.Ж.2. – Байрут. Дор ибн Ҳазм, 2003. –Б.368.

[12] Ҳоким Найсабурий. Маърифату улуми-л-ҳадис. – Байрут. Дору-л-кутуби-л-илмия, 1977. –Б.112.

[13] Имом Доримий. Сунани Доримий. – Байрут. Дору-л-китоби-л-арабий, 1986.  –Б.153.

[14] Хатиб Бағдодий. Ал-кифоя фи илми-р-ривоя. – Мадина. Ал-мактабату-л-илмия. –Б.15.

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …