Home / КИТОБЛАР / САМАРҚАНДДАГИ ВА БАҒДОДДАГИ ИМТИҲОН

САМАРҚАНДДАГИ ВА БАҒДОДДАГИ ИМТИҲОН

САМАРҚАНДДАГИ ИМТИҲОН

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим ўз санади ила Абул Азҳардан ривоят қилади:
«Самарқандда ҳадис эшитадиганлардан тўрт юзтаси етти кун жам бўлиб, Бухорийни адаштиришга ҳаракат қилди. Шом иснодини Ироқ иснодига киритдилар. Ироқ иснодини Шом иснодига киритдилар. Ҳарам иснодини Яман иснодига киритдилар. Яман иснодини Ҳарам иснодига киритдилар. Аммо у кишини иснодда ҳам, матнда ҳам бирор оғиз сўзга адаштира олмадилар».

БАҒДОДДАГИ ИМТИҲОН

«Вафаётул-аъён» ва бошқа китобларда қуйидагилар ёзилган:
«Бағдоднинг ҳадис соҳиблари унинг келганини эшитганларида жамланишди. Юзта ҳадисни олиб, матнлари ва санадларини алмаштирдилар. Бир исноднинг матнини бошқа иснодга, бир матннинг иснодини бошқа матнга қўйишди.
Сўнг ўн кишига ўнтадан бўлиб беришди ва имом Бухорий ҳозир бўлганда унга айтиб беришни амр қилдилар.
Мажлисга вақт тайин қилинди. Мазкур мажлисга Хуросон ва бошқа тарафлардан келган муҳаддислар ҳам ҳозир бўлдилар.
Мажлис бошланиши билан ҳалиги ўн кишидан бири мазкур ҳадислардан бири ҳақида сўради. Бухорий «Буни билмайман», деди. Кейин бошқа ҳадис ҳақида сўради. Бухорий «Буни билмайман», деди. У бирин-кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Бухорий «Буни билмайман», дейишда давом этди.
Мажлисда ҳозир бўлганлардан гапнинг фаҳмига етганлари «Бу одам билиб турибди», дейишарди. Бошқалари эса имом Бухорийга ожизлик, нуқсон ва калтафаҳмлик нисбатини беришар эди.
Сўнгра ҳалиги ўн кишидан яна бири туриб, мазкур алмаштириб қўйилган ҳадислардан бири ҳақида сўради. Бухорий «Буни билмайман», деди. Бошқаси ҳақида сўради. Бухорий «Буни билмайман», деди. Бошқаси ҳақида сўради. Бухорий «Буни билмайман», деди. У бирин-кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Бухорий «Буни билмайман», дейишда давом этди.
Кейин учинчи, тўртинчи бўлиб, ўн кишининг ҳаммаси ўзларининг алмаштирилган ҳадислари ҳақида сўрадилар. Бухорий «Буни билмайман», дейишдан бошқани зиёда қилмади.
Бухорий уларнинг саволи тамом бўлганини билганидан кейин биринчи одамга қараб:
«Аммо сенинг биринчи ҳадисинг бундай, иккинчи ҳадисинг бундай, учинчиси, тўртинчиси…» деб, ўнтанинг барчасини айтиб берди.
Ҳар бир матнни ўз иснодига, иснодни ўз матнига тўғри ҳолда қўйиб чиқди. Бошқалар билан ҳам шундай қилди. Барча матнларни ўз иснодига, иснодларни ўз матнига қўйиб чиқди. Бас, одамлар унинг ҳифзига тан бердилар ва фазлини эътироф қилдилар».
Али ибн Ҳусайн ибн Осим Пойкандий айтади:
«Ҳузуримизга Муҳаммад ибн Исмоил келди. Унинг ҳузурида жамландик. Унинг суҳбатидан машойихлардан ҳеч ким четда қолмас эди. Биз унинг олдида баъзи нарсаларни эсладик. Соҳибларимиздан бири:
«Мен Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг «Мен ўз китобимда етмиш минг ҳадисни кўряпман», деганини эшитганман», деди.
Шунда Муҳаммад ибн Исмоил:
«Шундан ҳам ажабланасанми?! Эҳтимол, бу замонда ўз китобида икки юз минг ҳадисни кўрадиганлар хам бордир», деди ўзига шама қилиб».
Имом Бухорий бир марта:
«Мен юз мингта саҳиҳ ва икки юз мингта саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёддан биламан», деди.
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Самарқандий:
«Мен Ҳарамайни, Ҳижоз, Шом ва Ироқда кўп уламоларни кўрганман. Уларнинг ичида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдек жамловчисини кўрганим йўқ», дейди.
Имом Бухорий ҳадисларни қуруқ ёд олиш билангина эмас, балки уларни яхши билиши билан ҳам шуҳрат қозонган эдилар.
Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Асадийдан Бухорий, Абу Заръа ва Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ҳақида сўралганда:
«Уларнинг ичида ҳадисни энг яхши биладигани Муҳаммад ибн Исмоилдир. Мен ундан кўра фаҳми зўрроқ хуросонликни кўрмадим», деб жавоб берган.
Икки юз қирқ еттинчи йили Муҳаммад ибн Идрис Розий ўз шерикларига:
«Ҳузурингизга Хуросондан бир киши келади. У ердан ундан кўра ҳофизаси кучлироқ одам чиқмаган ва Ироққа ундан кўра илмлироқ одам келмаган», деди. Ўшандан бир неча ой кейин ҳузурларига Муҳаммад ибн Исмоил келди.
Иброҳим Хаввос айтади:
«Абу Заръанинг Муҳаммад ибн Исмоилнинг олдида худди ёш болага ўхшаб ўтириб, ҳадиснинг иллати ҳақида сўраётганини кўрдим».
Имом Бухорий айтадилар:
«Муҳаммад ибн Салом менга:
«Китобларимга назар солиб, хатоларини белгилаб бер. Токи кейин уларни ривоят қилмай», деди. Айтганини қилиб бердим».
Муҳаммад ибн Салом Муҳаммад ибн Исмоил яхши, деган ҳадисни «Йигит рози бўлди» деб, заиф ҳадисларни «Йигит рози бўлмади» деб белгилаб қўйган эди. Баъзи шериклари:
«Бу йигит ким?» деб сўраганда, у:
«Мисли йўқ киши, Муҳаммад ибн Исмоил», деб жавоб берар эди.

Абу Ҳомид Аъмаший айтади:
«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни Абу Усмон Саъийд ибн Марвоннинг жанозасида кўрдим. Муҳаммад ибн Яҳё ундан исмлар, кунялар ва ҳадиснинг иллатлари ҳақида сўрар эди. Муҳаммад ибн Исмоил у саволларга ўқдек тез, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқигандек жавоб берар эди».
«Тарихи Бағдод» китобида қуйидагилар келтирилади:
«Ражо ибн Муражжий Марвазий Бухорийни зиёрат қилганда ундан Айюбнинг ҳадисларидан сўради. Абу Абдуллоҳ жавоб берди. Ҳаттоки Ражо савол сўрашдан тўхтади ва Абу Абдуллоҳга:
«Зикр қилмаган нарсамиз қолдими?» деди.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ҳадис айта бошлади. Ражо:
«Буни ким ривоят қилган?» дер эди. Абу Абдуллоҳ унинг иснодини келтирарди. Ўнтадан кўп ҳадисни айтгандан кейин Ражода шиддатли ўзгариш пайдо бўлди. Абу Абдуллоҳ унинг юзига назар солиб, ўзгаришни сезди ва гапни тўхтатди.
Ражо чиқиб кетгандан кейин Абу Абдуллоҳ:
«Мен унга айтганимдан бир неча марта кўпини айтмоқчи эдим. Аммо унга бир нарса бўлиб қолмасин, деб гапдан тўхтадим», деди».
«Тарихи Бағдод» китобида келтирилади:
«Бир киши Бухорийдан:
«Ёдлаш қобилиятига дори борми?» деб сўради.
«Билмайман, деди у ва сўровчига қараб: – Ёдлаш учун кишига илмга чанқоқлик ва доимий изланишдан кўра манфаатлироқ нарсани билмайман», деди».
Имом Бухорий:
«Менда иснодини билмайдиган ҳадис йўқ. Тарихдаги ҳар бир исмнинг менда қиссаси бор», дер эдилар.
Бир куни Бухорий Найсабурда Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг мажлисида ҳозир бўлди. Исҳоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирини зикр қилди. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан кейин Ато Кайхароний зикр қилинган эди. Бас, Исҳоқ:
«Эй Абу Абдуллоҳ! Кайхарон нима?» деди.
«Ямандаги бир қишлоқ. Муовия ибн Абу Суфён Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан шу кишини Яманга юборган ва Ато ундан иккита ҳадис эшитган эди», деди Бухорий.
«Эй Абу Абдуллоҳ! Худди қавмнинг орасида бўлгандексан-а!» деди Исҳоқ.
Абу Ийсо Термизий айтадилар:
«Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам иллатлар маъносини, тарих ва иснодларни билишда Муҳаммад ибн Исмоилдек бирор кишини кўрмадим».

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ БУХОРИЙ (810-870)2-қисм

Манбаларда Имом Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устозлардан ҳадис ривоят қилгани кўрсатилган. …