Home / ЯНГИЛИКЛАР / Туркиядан Имом Мотуридийнинг 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари олиб келинди

Туркиядан Имом Мотуридийнинг 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари олиб келинди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2018 йил 27 июлда тасдиқланган “Туркия университетлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Марказ билан Туркиядаги университет ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликка оид меморандумларга мувофиқ, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ёш олимлари Отабек Муҳаммадиев ва Тоҳир Эвадуллаев Туркиядаги Фотиҳ Султон вақф университети, Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM) ва Миср Араб қўлёзмалари институти ҳамкорлигида ташкил қилинган “Қўлёзма манбалар таҳқиқи” халқаро ўқув курсида малака ошириб қайтди.

Тингловчиларга ўқув курсини якунлаганлик ҳақидаги сертификатлар топширилди.

Ташриф доирасида тадқиқотчилар Туркиядаги қатор илмий-тадқиқот марказлари, қўлёзма фондлари ва кутубхоналарда бўлиб, ўз илмий-тадқиқот мавзуларига доир манбалар тўплаш билан шуғулланди.

Қувонарлиси шундаки, Туркиядаги Мармара университети Илоҳиёт факультети доктори, профессор Юсуф Шавқий Явуз буюк мутафаккир аждодимиз Имом Мотуридийнинг турк олимлари томонидан таржима қилинган 18 жилдлик «Таъвилотул Қуръон» асарини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхона фондига ҳадя қилди. Бу китоблар жорий йил 3-5 март кунлари Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман олдидан муносиб туҳфа бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Россия мусулмонларига янги нашрлар тақдимот қилинди

Аввал хабар берилганидек, Қозон шаҳридаги Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми” бўлиб ўтмоқда. …