Home / МАҚОЛАЛАР / Ақидапараст оқимларнинг ислом бирлигига таҳдиди

Ақидапараст оқимларнинг ислом бирлигига таҳдиди

Барчамизга маълумки, муқаддас ислом дини бутун башариятни доимо эзгу ишларни қилишга, инсонларни бир-бирлари билан чиройли муомалада бўлишга, гўзал одоб-ахлоқли ҳамда инсонни маънавий комиллик сари етаклашга хизмат қилувчи энг гўзал диндир. “Ислом” сўзининг луғавий маъноси ҳам тинчлик-осойишталик маъноларни ўзида мужассам қилган. Ислом дини инсонларни ҳамжиҳатлик ва иноқликка чорлаб, фирқаларга бўлинишни, миллатчилик ва хунрезликларни қаттиқ қоралайди.

Мустақиллигимиз шарофати ила ватанимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, юртимиз янада чирой оча бошлади. Юртимиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқиб, асосий қонунимизда эътиқод эркинлиги кафолатлаб қўйилди. “Виждон эркинлиги тўғрисида”ги Қонунда эътиқод қилувчиларнинг ҳақ ва ҳуқуқлари белгилаб берилди. Диний адабиётлар нашри йўлга қўйилиб, бир қанча алломаларимизнинг китоблари нашрдан чиқди ва уларнинг илмий мерослари ўрганилиб келинмоқда.

Афсуски, ҳозирги кунда ислом динидан турли ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиб, унинг таълимотларини бузиб, ўзлари билганича талқин қилиб ислом динига доғ тушириб, турли миллатлар тинчлигига раҳна солаётган ҳар-хил оқимларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Экстремистик кайфиятдаги оқимларнинг олиб бораётган ишлари, аввало, мусулмонларни кофирга чиқариш ва ислом дини арконларини инкор қилиш ҳамда одоб-ахлоққа, миллатлараро ва динлараро муносабатларни барқарорлашишига халақит беришдан иборат бўлди.

Ачинарлиси шундаки, тинчлик неъматининг қадрига етмасдан ношукурлик қиладиган, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас.

Ислом дини номидан айтилган кескин фикрлар жиддий можароларни, зиддиятларни келтириб чиқариб, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги нафақт мусулмон бўлмаганларни, аксинча, биринчи навбатда мусулмон аҳолини жиддий ташвишга қўймоқда.

Тарихда соф ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган бир қанча уламолар етишиб чиққанлар. Улар Қуръони карим ва суннат таълимотлари асосида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақида масалаларини ёрита бошладилар. Уларга “Аҳли сунна ва жамоа” номи берилди.

Кейинроқ одамларга тушунарли бўлишлиги учун, матнларни таъвийл қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Ниҳоят, ақидавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига эга бўлди.

Бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни 92, 5 фоизи “Аҳли сунна ва жамоа” га мансубдир. Бу жамоани қисқартириб “суннийлик йўналиши” деб ҳам айтилади. У ақида борасида Мотуридия ва Ашъария таълимотига бўлинади.

Оқим сўзи араб тилидаги “фирқа” сўзига маънодош бўлиб, ажралиб чиқувчи деган маънода қўлланилади.  Исломда оқим-фирқаларга бўлиниш ман қилинган. Қуръони каримда ҳам Аллоҳ таоло бандаларини тафриқа, яъни фирқа-гуруҳларга бўлинишдан қайтарган. Эътиборли жиҳати-мусулмонлар жамоасидан ажралиб чиққан оқимларнинг ўзи ҳам яхлит эмас. Балки, ҳар бир оқим ўз ичидан яна турли тоифа ва гуруҳларга бўлинишини кўриш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўпгина ҳадиси шарифларида мусулмонларни иттифоқликка, ҳамжиҳатликка, бир-бирларига нисбатан меҳру-оқибатли, кечиримли бўлишга даъват этиб, турли тафриқаларга бўлиниш, кишилар орасида адоват уруғини сочишдан қайтарганлар. Шунингдек, мусулмонлар орасида ҳар бир даврда ҳам бузғунчи оқимлар чиқиб туришидан огоҳлантириб, мусулмонларни бундай оқим ва гуруҳларга эргашиб кетмасликларини уқтириб, шундай деганлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар билан ўтирган ҳолларида ерга узун чизиқ тортиб, бу Аллоҳнинг йўлидир, деб айтдилар. Кейин унинг ўнг тарафига 36 та ва чап тарафига яна 36 та чизиқлар тортиб, “Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида биттадан шу йўлга чақирадиган шайтон бордир”, дедилар-да, сўнг қуйидаги ояти каримани ўқийдилар: “Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу (лар)дир”[1].

Айни маънони Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Яҳудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага бўлиниб кетган эдилар. Менинг умматим 73 фирқага бўлингай. Улардан биттасигина нажот топиб омон қолур, қолганлари эса дўзах аҳлидир”, – деди.

Шунда саҳобалар: “Жаннатга борадиган битта фирқа қайси?”, – деб сўрадилар. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мен билан саҳобаларим тутган йўлдагиси”, – деб жавоб бердилар. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Мазкур ҳадисларда баён этилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “дўзахга боради”, “ҳалок бўлади”, деб огоҳлантирган фирқалар “Аҳли сунна ва жамоа” нинг ақида усулларидан ажраган ва уларга хилоф йўл тутганлардир. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар умматни нажотга элтувчи ягона ақида йўлини кўрсатиб кетганлар.

Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари ақидаларидан четга чиққан ёки юз ўгирган фирқалар, гарчи улар ҳам ўз йўли ва ақидасини тўғри деб ҳисобласа-да адашган фирқалардир.

Аллоҳ таоло: “Динларини тафриқа қилиб, ўзларини гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Сўнгра, қилган ишларининг хабарини берур”[2] деб марҳамат қилади.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа деб, ҳидоят йўлига тескари йўл деб ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига ярашмаслигини қаттиқ таъкидлаган.

Экстремизм ўз моҳиятига кўра сиёсий ҳодиса бўлиб, у амалдаги сиёсий ҳокимият тизимини кескин ўзгартиришга йўналтирилган. Шу нуқтаи назардан, исломий шиорлар остида фаолият кўрсатаётган экстремистик оқимларнинг асосий мақсади дунёвий давлатларда конституцион тузумни ағдариб ташлаш, шариат тизимига асосланган давлат барпо этиш ҳисобланади.

Ўзини ислом номи билан боғлайдиган экстремистик ташкилотларнинг хусусий жиҳатлари қуйдагилардан иборат:

  • дунёвий давлат ва жамиятга муросасиз муносабатда бўлиш ва уни шариатга асосланган тузумга айлантиришга ҳаракат қилиш.
  • диннинг давлатдан ажратилишини рад этиш ва жамиятнинг барча аъзоларини мажбуран шариат талаблари асосида ҳаёт кечиришини таъминлаш.
  • ислом динини дунёнинг бошқа жамиятларига қарши қўйиш.
  • мамлакатларнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини тан олмаслик, ягона давлат “халифалик” қуриш ғоясини илгари суриш.
  • ўз ғояларига эргашмаган мусулмонларни диндан чиққанликда, “кофир” ликда айблаш, анъанавий ислом тарафдори бўлган уламоларни обрўсизлантириш, уларга тазйиқ ўтказиш ва ҳаттоки ўлдириш кабилар.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан аён бўладики, ҳар қандай ном остидаги зулм вa зўрaвoнлик, турли кўринишдаги жиноятлар, гарчи у ислом номидан содир бўлаётган бўлса ҳам, Ислoм aқидaси ва таълимотига мутлақо зиддир. Мусулмoн бoшқa oдaмлaрни ёмон ишларни қилишдан қaйтaриши керак. Унинг ўзи ҳам жинoят саналган амалларни сoдир этишдан қайтарилган. У катта бўладими, кичик бўладими – гуноҳларнинг ҳар қандай кўринишидан нафақат тийилиши, балки бошқаларни ҳам ундан қайтариши лозим.

Машраб Хидиров
Фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Қуръони карим. Анъом сураси, 153 оят.
[2] Қуръони карим. Анъом сураси, 159 оят.

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …