Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИМИЗ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМНИ ҚОРАЛАЙДИ

ДИНИМИЗ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМНИ ҚОРАЛАЙДИ

«Бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо хушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир».

Ўзбекистон Республикасининг Президенти
 Ш. Мирзиёев

ХХI аср бошида дунё бўйича глобаллашув жараёни содир бўлаётган ҳозирги шароитда бир томонда инсониятнинг муштарак бўлган кўпчилик манфаатларини кўзлаб, янгича ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатлар қарор топаётган бўлса, иккинчи томондан эса инсоният тор доирадаги манфаатлар бўлган диний ва миллий руҳдаги экстремизм, наркобизнес ва халқаро терроризм тушунчалари ва уларнинг мудҳиш ҳодисаларига дуч келмоқда. Шу нуқтаи назардан экстремизм ва терроризмнинг мазмуни ва моҳияти тўғрисида фикр юритилса, айтиш мумкинки, жамиятда қабул қилинган ва фаолият кўрсатаётган қонун-қоидаларга мос келмайдиган ва уларга зид бўлган ғоялар «экстремистик» ва «террористик» ҳисобланади.

Диннинг қандайдир бир йўналишини бузган ҳолда талқин этиб, сиёсий мақсадни кўзловчи ҳаракат экстремизмга олиб келади. Экстремизм ва терроризм қандай номланмасин ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, унинг асосий мақсади жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимиятни қўлга олишдан иборатдир. 

Экстремизм – лотинча (ехtrеmus – ўта, кескин деган мазмунни беради) жамиятдаги ижтимоий-сиёсий характердаги муаммоларни ҳал этишда ўта кескин чора-тадбирлар, фикр ва қарашларни ёқловчи назария ва амалиётдир. 

Терроризм (лот. terror – қўрқинч, дахшат) – сиёсий рақибларни, мухолифларни йўқотиш ёки қўрқитиш, аҳоли ўртасида ваҳима ва тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадидаги зўравонлик ҳаракатлари (таъқиб қилиш, бузиш, гаровга олиш, қотиллик, портлатиш ва бошқалар).

Экстремизм ислом оламида ҳам кенг тарқалган бўлиб, улар қаерда фаолият кўрсатмасин, асосий мақсади ислом диний «халифалик» давлатини барпо қилишдир. Ваҳоланки, бутун исломни пайдо бўлишида Аллоҳ ва бандалар ўртасидаги элчи (пайғамбар) бўлган Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг бир ҳадиси шарифларида: “Халифалик мендан кейин ўттиз йил давом этади, ундан кейин подшоҳликларга бўлиниб кетади” [1] дедилар. Муҳаммад (с.а.в.) айтганларидек, Абу Бакр (р.а.) икки йил, Умар (р.а.) ўн йил, Усмон (р.а.) ўн икки йил, Али (р.а.) олти йил халифалик қилдилар.

Экстремизм ва терроризм домига тушиб қолган кимсалар ўз мақсадларига ўзаро низолар, ихтилофлар келтириб чиқариб қуролли тўқнашувлар орқали яъни қон тўкиш, зўрлик билан эришишни кўзлайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «…ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган каби, ким уни тирилтирса, худдди ҳамма одамларни тирилтирган каби бўлади…»[2]. Моида сураси 32 оят.

Мазкур оятда Исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади.

Афсуски, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суратлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, геосиёсий мақсадларга бўйсиндирилган, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Аксарият ҳолатларда ушбу кураш қуролли тус олиб, кўплаб халқларнинг бошига фожиали кунларни солмоқда.

Энг дахшатлиси, ҳозирги кунда Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудида қарийб 8,5 миллион киши террорчи гуруҳлар тўлиқ назорат ўрнатган ҳудудда, ҳар қандай фуқаровий ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум бўлган ҳолда кун кечиришга мажбур бўлмоқда. Террорчилар ушбу мамлакатларда оммавий қатл, гаровдагиларни қийнаб ўлдириш, хотин-қизларни аёлларни зўрлаш ёки уларни қул қилиб сотиш каби жирканч ва қабиҳ ишларга қўл уриб, ўзларини эътиқоди пуч, имонсиз кимсалар эканликларини намоён этмоқда. Юзлаб зиёратгоҳлар, шиа мусулмонларининг масжидлари, христианларнинг черков ва монастирлари, мактаб ва кутубхоналар вайрон қилинди. Афсуски, шундай ваҳший, онги паст ИШИД фитначилари  орасида ўзбек йигитлари ҳам борлиги ҳеч биримизга сир эмас.

Бугунги кунда дунёда юзлаб террорчилик ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига “ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати)”, “Жабҳа ан-Нусра”, “Ансару аш-Шам” (Сурия), “ал-Қоида”, “ал-Жиҳод ал-Исломий”, “ат-Такфир ва-л-Ҳижра” (Миср), “Абу Сайяф” (Филиппин), “Озод Ачех”, “Лашкари жиҳод” (Индонезия), “Қуролли исломий ҳаракат” (Жазоир), “Боко ҳарам” (Нигерия), “Ислом жиҳоди уюшмаси”, Толбион (Афғонистон, Покистон) каби ташкилотларни киритиш мумкин.

Юқоридаги экстремистик ва террорчилик ташкилотларидан огоҳ бўлиш мақсадида ўсиб келаётган ёш авлоднинг онгига ислом динининг асл инсонпарварлик дини эканлигини етказиш, соф исломнинг моҳиятини  англаб етишига эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлод эканлиги барчамизга аён, чунки улар икки миллиард кишини ташкил этади. Бизнинг келажагимиз ёш авлоднинг қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун уларнинг онгида мафкуравий иммунититни кучайтиришимиз зарурдир. Зеро, ислом дини инсониятни доимо эзгулик чақириб, тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга буюради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими:
Н. Эшмуродов
 

[1] Сунани термизий 436/4 ва Муснад Аҳмад ибн Ҳанбал 5 жуз 221 бет.

[2] Шайх Абдулазиз мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси.

Check Also

АЛИШЕР НАВОИЙ – ЭЗГУЛИК КУЙЧИСИ

Низомиддин Мир Алишер Навоий – буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби. 1441 йил 9 февралда …