Home / ЯНГИЛИКЛАР / Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси​

Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси​

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
 
Мазкур тадбир АҚШнинг халқаро диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбэк бошчилигидаги делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди. Унда делегация аъзолари, АҚШнинг Глобал ҳамкорлик институти, мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари мутасаддилари, фуқаролик жамияти институтлари, диний конфессиялар вакиллари иштирок этди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу ислоҳотлар негизида сиёсий ва иқтисодий модернизация, яъни Ўзбекистонни замонавий давлатга айлантириш ғояси мужассам эканини таъкидлади.
 
Замонавий давлатга айланиш инсон ҳуқуқларини таъминлашни назарда тутади. Аслида ҳеч бир жамиятда барқарор ривожланишга диний эркинликни таъминламасдан эришиб бўлмайди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликни таъминлаш борасида АҚШ билан тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2017 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг мамлакатимизга ташрифи доирасида диний эркинлик соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар “Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Ушбу анжуман ҳам мазкур ҳужжатга мувофиқ ўтказилди.
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев ва бошқалар мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланаётгани, миллий ва диний қадриятлар эъзозланаётгани самарасида миллатлараро ва диний конфессиялараро бағрикенглик, аҳиллик муҳити қарор топганини алоҳида таъкидлади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилаётгани, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ижроси, зиёрат туризми бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
 
Давра суҳбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Митрополит Викентий, Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи Е.Мацулевич, Яҳудийлар диний жамоаси раҳбари А.Исахаров, Баҳоийлар жамоаси раҳбари Т.Клеменова, Кришнани англаш жамоаси руҳонийси И.Закиров юртимизда барча миллат ва элат вакилларининг диний эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилгани, Ўзбекистонда динга эътиқод қилувчилар Қурбон ва Рамазон ҳайитлари ва бошқа диний байрамларни эмин-эркин нишонлаётганини, диний эркинлик соҳасида ҳеч қандай чекловлар ва низолар йўқлигини қайд этди.
 
– Ўзбекистонда бундан 17 йил аввал бўлганман, – деди АҚШнинг халқаро диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самуэл Браунбэк. – Ўтган даврда мамлакатингиз эришган ютуқларга гувоҳ бўлдим. Ташриф давомида қатор мутасаддилар билан суҳбатлашдим. Юртингиздаги ҳар бир ютуқ АҚШда катта қувонч билан қабул қилинмоқда. Биз Ўзбекистон билан диний эркинлик соҳасида ҳамкорликни изчил ривожлантирамиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи чоғидаги учрашувларнинг мантиқий давоми бўлган музокараларимиз Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида диний эркинликни таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганидан далолат беради.
 
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва АҚШнинг Глобал ҳамкорлик институти ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзоланди.
 
АҚШ делегацияси шу куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида ҳам учрашувлар ўтказди.
 
Манба: ЎзА
Матназар Элмуродов

Check Also

Ҳамкорлик истиқболлари юқори баҳоланди

Куни кеча Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Қозон шаҳрида жойлашган Абдулла Апанаев номидаги мадраса ва …