Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗЛАРНИНГ ХИЗМАТИ БЕҚИЁСДИР!

УСТОЗЛАРНИНГ ХИЗМАТИ БЕҚИЁСДИР!

Доно халқимиз қадимдан таълим-тарбияга алоҳида эътибор қаратиб, билим-зиё улашувчи устозларга нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келган. Буни замирида пурмаъно ва кўп ҳикматни ўзида акс этган биргина “Устоз отангдек улуғ” деган халқимиз ҳикматидан ҳам билиб олсак бўлади. Ҳақиқатан, бизларнинг комил бўлиб вояга етишимизда ота-онамизнинг тарбияси нечоғлик аҳамиятли бўлган бўлса, бизга илк бор қалам тутқазиб, ўқиш, ёзишни ўргатган ва ҳаётда оқ-қорани ажратиб, тўғри йўл топишимизда муҳтарам устозларимизнинг хизматлари беқиёсдир. Чунки улар бор кучини, ақл-идрокини, билим ва тафаккурини биз учун бахшида этган зотлардир. Буни англаган ота-онамиз бизларни устозга шогирдликка берар чоғида, “эти сизники, суяги бизники”, дейишган. Бу билан бизларнинг келажак тақдиримизни устозга ишониб топшираётганини изҳор этишган.

Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш ва тўғри йўл кўрсатиш учун пайғамбарларини юбориб турган. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммасига ҳам ана шундай вазифа юкланган.

Илм-маърифат тарқатувчи – устоз учун нафақат дунёда балким охиратда ҳам кўп яхшилик ва мартабалар берилади. Бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ:»أَرْبَعَةٌ تَجْرِي عَلَيْهِمْ أُجُورُهُمْ بَعْدَ الْمَوْتِ: مَنْ مَاتَ مُرَابِطًا فِي سَبِيلِ اللَّهِ، وَمَنْ عَلِمَ عِلْمًا أُجْرِيَ لَهُ أَجْرُهُ مَا عَمِلَ بِهِ، وَمَنْ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ فَأَجْرُهَا يَجْرِي لَهُ مَا جَرَتْ، وَرَجُلٌ تَرَكَ وَلَدًا صَالِحًا، فَهُوَ يَدْعُو لَهُ».

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт тоифа кишилар бор, уларга вафотларидан кейин ҳам савоб етиб туради: Аллоҳ йўлида (хизмат ва яхшилик қилишга) бел боғланган  киши. Кимки бирор илмни ўргатса, модомики ўша илмга амал қилинар экан, унинг ажр-савоби етиб туради. Бир кишики доимий фойда келтирадиган нарсани садақа қилган бўлса унинг ажр-савоби етиб туради. Яна бир кишики солиҳ фарзандни қолдирган, у (фарзанд) унинг ҳаққига дуо қилиб турса унинг ажр-савоби етиб туради”[1], – дедилар.

Аждодларимиз аънаналарига содиқ қолган ҳолда мамлакатимизда ҳам устоз ва мураббийларнинг меҳнати қадрланиб, уларга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Малакатимизда ҳар йили 1 октябрни Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида умумхалқ байрами деб эълон қилинишининг ўзи ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, кўз нури ва қалб қўрини, инсоний фазилатларини, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида хизмат қилиб келаётган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунаси десак адашмаган бўламиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Ватан тараққиёти, миллат истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, мустаҳкам имон-эътиқодга эга, мустақил юрт туйғусини теран англайдиган авлодни тарбиялашда устоз ва мураббийларнинг хизмати беқиёсдир.

БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН АЗИЗ УСТОЗЛАР!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи
Йўлдошхон ИСАЕВ

[1] Мазкур ҳадис Имом Аҳмаднинг “Муснад” асарида, Имом Табаронийнинг “ал-Кабир” асарида келтирилган.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …