Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом – ақидапарастликни қоралайди

Ислом – ақидапарастликни қоралайди

Инсоният тарихига назар соладиган бўлсак қора кучларнинг моддий бойликлар, сиёсий ҳокимият ва бошқа манфаатлар учун ҳар даврда ўзига хос тарзда кураши кечганлигига гувоҳ бўламиз. Бу курашлар дастлаб қабилалар ўртасида, кейинчалик эса давлатлар ўртасидаги урушларга олиб келди. ХХ асрга келиб инсоннинг хоҳиш истаги ўзининг янги босқичига ўтиб, глобал даражага кўтарилиб, бутун жаҳон давлатларини ўз домига тортган ва миллионлаб кишиларнинг умрига зомин бўлган I ва II “Жаҳон урушлари”нинг юзага келишига сабаб бўлди.

Бугунги кунга келиб, ўзининг кураш турлари ва услубларини такомиллаштириб геосиёсий ўйинларни давом эттираётган қабиҳ ниятли кимсалар энди бирор-бир давлатни босиб олиб, унинг табиий бойликларига эришиш учун аввалгидек миллионлаб маблағ сарфламасдан, қурол яроғ ишлатиб ҳужум қилаётгани йўқ. Балки ўша мамлакатнинг фуқаролари онгини заҳарлаб, уларнинг маънавияти, тарихи ва ўзлигидан айириб, уларни манқуртга айлантириш орқали ўз мақсадларига эришишни кўзламоқдалар. Шу сабабли ҳам ХХI асрни “инсон онги учун кураш асри” деб атасак муболаға бўлмайди. Инсонни бошқа махлуқлардан ажратиб турувчи онгини эгаллашга қаратилган ҳаракатлар турли хил кўринишларда намоён бўлмоқда. Чунки онгини ўғирлатган инсонни хоҳлаган куйга солиш мумкин. Бу кабиларни эса доно халқимиз “манқурт” деб ҳисоблаб келган.

Юртимиздан чиққан буюк бобокалонимиз Абул Муъин Насафий ҳазратлари бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддия ўлароқ ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар. Минг афсуски, бизнинг замонамизда ҳам адашган, эътиқоди бузуқ бўлган бир қанча фирқа ва тоифалар мавжудки, улар ҳамон мўмин-мусулмонларни соф ислом йўлидан чалғитишга, аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бундай экстремистик гуруҳларнинг бузғунчи ғояларининг мақсади бир, у ҳам бўлса тинчлик-осойишталикни бузиш, мавжуд эзгупарвар, бунёдкор ғояларни тан олмаслик, охир-оқибат ўзларининг мудҳиш мақсадларига эришишдан бошқа нарса эмас. Шуниси ачинарлики, динни ниқоб қилиб олган бу гуруҳлар, асосан, ақл-идроки саёз, дунёқараши, тафаккури комил бўлмаган шахсларни, хусусан, ҳаёт тажрибасидан узоқ бўлган ёшларни йўлдан оздиришга уринадилар. Ўзларига эргашмаган, уларга қарши чиққанларни кофирга чиқармоқдалар. Кофир дейишдан мақсад эса, уларга қарши уруш очиш, қонларини тўкиб, молларини талон тарож қилишдир. Ҳолбуки, мусулмонга қарши қурол кўтариш, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: “Учта амал бор, ким шулардан бирортасини қилса, у жиноятчидир: Ким ноҳақлик устига байроқ тикса, ким ота-онасига оқ бўлса ва ким золимга ёрдам берса. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз”. (Сажда сураси, 22-оят).

 

Ҳижрат масаласида

Ҳижрат: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар. Ақидапараст гуруҳлар эса ҳижрат тушунчасини ўз мафкуравий қарашларига мос равишда нотўғри талқин қилмоқда.

Бу кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-еркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зиддир.

 

“Шаҳидлик” масаласида.

Ушбу сўз “ҳозир, гувоҳ, кўрган-билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзининг яна бир маъноси ўзга шахс томонидан ноҳақ ўлдирилган мусулмондир. Кишининг ўзини ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон этилса-да, “ўз жонига суиқасд қилиш” деб баҳоланади.

Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат Парвардигор берган ҳаётга тажовуз қилиш даражасидаги гуноҳи кабира ҳисобланади.

Ҳозир баъзи гуруҳ ва шахслар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз деб топишган.

 

Жиҳод масаласида.

Ушбу сўз араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.

Дастлаб “жиҳод” дейилганида Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан курашишдир”.

Макка даврида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига(динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл, 125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.

Агар “жиҳод” Ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Бироқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар айрим мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишади. Бунга дунёнинг турли чеккаларида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.

 

Мазҳабсизлик.

ХХ аср сўнгида мусулмон оламида Ислом ниқоби остида яна бир янги таҳдид – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифаси намоён бўлди.

Ушбу ҳаракат тарафдорлари даъво қилишларича, Исломда суннийликдаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг бирига эргашиш шарт эмасмиш. Агар мусулмон бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор, мутаассиб ва диндан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашганлардан бўлар эмиш. Бу тоифа кишилари фиқҳий мазҳабларга эргашиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга эргашиш Аллоҳни қўйиб, уларни раб қилиб олишдир, деган иддаони илгари суришади. Афсус, улар ҳар бир мусулмон якка тартибда “ижтиҳод” қилаверадиган бўлса, мазҳабларнинг сони тўртта эмас, мингтадан ҳам кўпайиб кетишини тан олишмайди.

Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва солиҳ кишилар қарашларини рад қилишдир”, деганлар.

 

Такфир.

Бу ибора арабча “куфр” сўзи ўзагидан олинган. Луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “каффорат бериш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.

Қуръонда “куфр” сўзи бир неча ўринларда келган. Бир жойда кофирликни билдирса, бошқа жойда ношукрликни ифода этади.

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини(ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра)сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир” (Нисо, 94).

Хулоса шуки, доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб яшашимиз кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Фахритдин Худайназаров
Денов тумани “Ҳикмат” жоме масжиди имом-хатиби

Check Also

Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида) Ижтимоий ҳаётда одамлар бир-бири билан олди-сотди қилиб, …