Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Хорижий ислом тадқиқот марказлари ва университетлари раҳбарлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига катта қизиқиш билдирмоқда

Хорижий ислом тадқиқот марказлари ва университетлари раҳбарлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига катта қизиқиш билдирмоқда

Истиқлолнинг ўтган даври мобайнида юртимизда миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, аждодларимизнинг муборак номларини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва ижоди,  бой тарихий илмий меросини ўрганиш ҳамда тадқиқ этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса бу борадаги эзгу ишлар сўнгги йилларда янада кенг қулоч ёйди. Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида ташкил этилган ул зотнинг муборак номлари билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентдаги Халқаро ислом академияси, айни кунларда қурилиш ишлари жадал суъратларда олиб борилаётган Ўзбекистондаги ислом цвилизацияси маркази фикримизнинг яққол далилидир.

Айтиш жоиз, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қисқа вақт ичида кўплаб ислом-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Марказ илмий-тадқиқотчилари халқаро миқёсда ўтказилаётган  илмий конференциялар, давра суҳбатларида фаол иштирок этиб келмоқда.

Яқиндагина марказ юртимизда “Маданий мерос ҳафталиги” доирасида ўтказилган конференциялардан бирига мезбонлик қилди. “Асрлар қаридан таралаётган нур”. Мазкур конференция 100 га яқин исломшунос олимларни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида жам бўлиш ва ўзаро мулоқот қилиш имконини яратди.

Айни кунларда ҳам марказга хорижий  ислом илмий-тадқиқот марказлари, университетларининг раҳбарлари ташриф буюрмоқда.

Бугун ана шундай меҳмонлардан навбатдагиси Болгария ислом академияси ректори Данияр Абдрахманов ҳамда мазкур олийгоҳнинг проректори Рамиль Адигамов бошчилигидаги   меҳмонлар бўлди.

Меҳмонларни марказ директори Ш.Зиёдов кутиб олиб, бу ерда илмий-тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирди.

Марказ музей фондидан ўрин олган экспонатлар, мусаввирлик ишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Учрашув давомида марказ ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ҳар икки муассаса раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган ташкилот ҳақида иштирокчиларга кенгроқ маълумот беришди. Келажакдаги режалари билан ўртоқлашишди.

Тадбир сўнгида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Болгария ислом академияси ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

 

ИБХИТМ матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …