Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом динида оила мустаҳкамлигига эътибор

Ислом динида оила мустаҳкамлигига эътибор

Инсон ҳамиша эзгу ниятлар, орзу-умидлар билан яшайди. Бахтли ҳаётга эришиш одамзотнинг олий мақомидир. Инсон ана шу бахтни ота-онада, умр йўлдошида, фарзандида, бир сўз билан айтганда, оиласининг мустаҳкамлиги, тинчлиги, аҳил-иноқлигида кўради.

Муқаддас динимиз таълимотларида ҳам оила масаласига катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, ота-она, эр-хотин ва оила аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда фарзандлар тарбияси каби муҳим масалаларга тегишли жавоблар берилган.

Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам[1] ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда никоҳланиб оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди: “Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз”[2].

Аллоҳ таоло Қуръони каримда оиланинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади: “Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир”[3].

Шунингдек, оила қуриб яшаш жаноб Пайғамбаримизнинг суннатларидан бўлиб, у зот ўз ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб этганлар: “Никоҳланинглар, кўпайинглар, чунки қиёмат кунида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман”[4].

Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Чуқур ўйлаб қарасак, оила дарёсининг тубида қанчалик ҳикмат, барака борлигини, юзлаб ҳақиқатни тўлқинлантирувчи қадриятлар тилсимоти турганини аниқ кўрамиз.

Ислом таълимотидаги оила муқаддаслиги тўғрисидаги ғоялар оилавий муносабатларни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Исломга кўра, никоҳ фарзанд туғилишини қонунлаштириш мақсадида тузилган ўзига хос хусусий битимдир[5]. Шунга кўра, ислом ҳуқуқида ҳар бир инсоннинг никоҳга кириш ва оила қуриш ҳуқуқи эътироф этилган ва кафолатланган.

Ислом динининг муқаддас манбааларидан бўлмиш Қуръон ва ҳадисларда ҳам одоб-ахлоқ, оилада эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар, болалар тарбияси, оила юритиш, никоҳ ва муҳаббат масалаларига кенг ўрин берилган. Қуйида Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад” ҳадислар тўпламидан бир неча мисоллар келтирамиз:

“Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар. Подшоҳ ўз фуқароларига, эр ўз аҳли аёлига, хотин эрининг уйига, ходим ўз хожаси молига, фарзанд ўз отаси мулкига масъулдир. Демак ҳар бирларингиз масъулдирсизлар” /116-ҳадис/; “Тангри наздида бандаларнинг энг яхшиси ўз аҳли-аёлига фойдаси кўп тегадиган кишидир” [6]/18-ҳадис/ , “Одамлар ичида хо­тин кишига нисбатан хақлироғи унинг эридир. Эркак кишига нисбатан одамларнинг хақлироғи – бу унинг онасидир” /34-ҳадис/; “Қачонки эр ўз хотинига ва хотин ўз эрига қарашса, Тангри ҳам уларга раҳмат назари би­лан қарайди, бордию кафтини кафтига қўйса, бармоқлари орасидан гуноҳлари дув-дув тўкилади” /44-ҳадис/.

Келтирилган намуналардан кўринадики, демак муқаддас динимиз манбаларда ҳам оиланинг муқаддас эканлиги, эркак ва аёлларнинг оила олдидаги бурч ва масъулиятлари, ота-онанинг бола ва ўз навбатида фарзанднинг ота-онаси олдидаги вазифалари, эрнинг хотинига ҳурмат ва эъзози муқаддас қадриятлар сифатида қаралган экан. (давоми бор).

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қобилов Нодир
[1] соллаллоҳу алайҳи васаллам – У зотга Аллоҳ таолонинг саловоти ва саломлари бўлсин. Салавот – кишига раҳмат, яхшиликлар тилаб дуо қилиш.
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: Шарқ, 2009. Раъд сураси, 38-оят мазмуни.
[3] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: Шарқ, 2009. Рум сураси, 21-оят мазмуни.
[4] Ал-Қазвиний. Сунан ибн Можа. Дору-л-фикр. Байрут. Б.599. Ҳадис рақами 1863.
[5] Хидоя: комментарий мусульманского права. Т.1. — Т., 1994. — С. 121.
[6] Имом Бухорий. “Ал-адаб ал-муфрад” (Одоблар хазинаси.  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф), Шарқ, Т., 2008  йил.18-ҳадис.

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …