Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Россиялик машҳур шарқшунос олим Ефим Резван Марказда

Россиялик машҳур шарқшунос олим Ефим Резван Марказда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Россия Фанлар академиясининг Буюк Пётр номидаги Антропология ва этнография музейи директорининг ўринбосари Ефим Резван иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Арабшунослик ва исломшунослик соҳаларининг билимдони ҳисобланган россиялик тарих фанлари доктори, профессор Ефим Резван айни пайтда Manuscripta Orientalia журналига ҳам раҳбарлик қилади. Унинг 300га яқин илмий иши, жумладан, 11 монографияси рус, ўзбек, инглиз, араб, француз, немис, япон, итальян, фин, форс, украин, татар ва бошқа тилларда нашр қилинган.

Шунингдек, Ефим Резван ЮНЕСКО/ИКОМнинг (Халқаро музейлар кенгаши) «Музей бошқаруви – XXI аср» дастурида эксперт-мураббий сифатида фаолият юритади.

Олим Санкт-Петербургдаги архив ва қўлёзма материаллар, Қуръони Каримни ўрганиш бўйича тадқиқотлар ўтказади. “Қуръон ва унинг дунёси” номли асари қуръоншуносликка кириш бўйича энг яхши замонавий асарлардан саналади. Ўз даврида Усмон Қуръонини атрибуция қилиш (келиб чиқиш тарихи билан боғлиқ шахслар, саналар, шароитларни ўрганиш ва илмий тасдиқлаш) ва нашр этишда фаол қатнашган. Ҳозирги кунда муқаддас китобни русчага ўгириб, унинг лексик-грамматик шарҳларини якунига етказмоқда. Россия тарихида илк бор Қуръон луғатини тузмоқда.

Марказдаги семинар-тренингда Ефим Резван қуръоншуносликка оид долзарб мавзуларда маъруза қилди, муқаддас китобнинг қатор оятларига тафсирлар келтирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан РФАнинг Буюк Пётр номидаги Антропология ва этнография музейи ўртасидаги муносабатлар кўламинини кенгайтириш, жумладан, ушбу музей грантлари асосида Марказ мутахассисларининг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Семинар-тренинг якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов ва РФАнинг Буюк Пётр номидаги Антропология ва этнография музейи директорининг ўринбосари Е.Резван икки муассаса ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Марказга ташриф асносида россиялик олим музейдаги экспонатлар ва кутубхонадаги нодир қўлёзмалар билан ҳам танишди.

ИБХИТМ 
Матбуот хизмати

Check Also

“Маърифат карвони” йўлга чиқди

Хабар берилганидек, жорий йилнинг 2-15 декабрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат …