Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши

Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши

Аллоҳ таоло илоҳий ҳикмат билан Ўзининг охирги элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни араб тилида нозил қилишни ирода қилиб, уни фасоҳат ва балоғат билан инсон ақли етмайдиган юксак даражада олий қилиб қўйди. Қуръон нозил бўлган вақтда арабларнинг лаҳжалари ҳар хил бўлиб, ҳар бир қабиланинг ўзининг сўзларда ўхшаши бўлмаган тарафи бор эди. Аммо арабларнинг ҳаммаси, ҳатто Қурайш қабиласи ҳам Аллоҳнинг байтига қўшни бўлганлиги, Ҳаж қилувчиларга хизмат қилганлиги ва тижоратда уларнинг шарафлиси бўлганлиги сабабли сўз устамонлигига қарамасдан барчаси Қуръон қаршисида таслим бўлишга мажбур бўлди. Унинг етти ҳарфда ўқилиши эса алоҳида бир мўжиза эди.
Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши, яъни баъзи оятларнинг етти хил талаффузда ўқилиши ҳақидаги мавзу энг чуқур мавзулардан бири ҳисобланади. Қуръони карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга даставвал бир хил суратда нозил бўлиб қироат қилинар эди. Қуръони каримнинг мазкур қироат услублари Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбларига нозил бўлар, у зот оятларни ўзларига қандай нозил қилинган бўлса, худди шу тарзда саҳобаларга етказар, таълим берар эдилар. Бу жараён Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобаларга оятларни ўқиб беришлари билан ҳам, уларнинг қироатларини эшитишлари билан ҳам амалга ошаверар эди. Бу турлилик ўша даврда «ҳарф» деб аталар эди.

Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани саҳиҳ ва мутавотир ҳадиси шарифлар ила собит бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишгач, кўплаб араб қабилалари Исломга кира бошлади. Уларнинг ичида қариси ҳам, ёши ҳам, эркаги ҳам, аёли ҳам, саводлиси ҳам, саводсизи ҳам бор эди. Шу боис, мусулмонларнинг Қуръонни ўрганишларида баъзи бир қийинчиликлар юзага келди. Натижада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан улар учун енгиллик беришини сўраб илтижо қилдилар. У зотнинг дуолари ижобат бўлиб, Қуръони каримни бир неча йўналишда ўқишга рухсат берилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Жаброил менга (Қуръонни) бир ҳарфда ўқиб берарди. Бас, мен ундан то етти ҳарфга етгунича зиёда қилишни сўрайвердим”[1].

Ҳадисдаги “ҳарф” сўзи бир нарсанинг олд тарафи ва ўлчови маъноларини билдириб, етти тараф, етти ўлчов деганидир. Бу ҳадисда биринчи маротаба Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни бир ҳарфда етказганлар, аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ҳарф камлик қилишини англаб, уни зиёда қилишни сўраганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайта-қайта сўраганликлари сабабли бир ҳарф етти ҳарфга етган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида Ҳишом ибн Ҳакимнинг “Фурқон” сурасини ўқиганини эшитган эдим. Унинг қироатига қулоқ тутсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўргатмаган бошқа услубда ўқияпти. Шунда мен намозда ўтирган ҳолида унинг ёқасидан тутмоқчи бўлдим, аммо сабр қилиб, намозини тугатиб олишини кутдим. У салом бериб, намоздан чиққач, ёқасидан олиб, “Ҳозир мен эшитган қироатни сенга ким ўргатди?!” – дедим. У бўлса: “Расулуллоҳнинг ўзлари ўргатганлар”, – деб жавоб берди. Мен: “Ёлғон айтяпсан! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сен ўқигандан бошқача (қироат)ни ўргатганлар”, – дедим-да, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва: “Мен манави “Фурқон” сурасини бошқача услубда ўқиганини эшитдим, Сиз уни менга ўргатмаган эдингиз”, – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қарата: “Уни ўз ҳолига қўй!” – дедилар. Сўнгра Ҳишомга: “Эй Ҳишом, ўқи!” – дедилар. Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мен эшитган услубда қироат қилиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (сура) шундай нозил қилинган”, – деб айтдилар. Мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари ўргатганларидек қироат қилиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (сура) шундай нозил қилинган. Дарҳақиқат, Қуръон етти ҳарфда нозил қилинган. Бас, ундан қодир бўлганингизча ўқинглар!” – дедилар[2].

Бу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Қуръони каримни етти ҳарфда нозил бўлганини ҳаммага билдирмаганлар. Шу сабабли Умар ибн Хаттоб Ҳишом ибн Ҳаким ни нотаниш қироат қилгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етаклаб олиб борди. Умар ибн Хаттоб қироатдаги фарқни Фурқон сурасида англади. Бундан етти ҳарф дегани Қуръонни бошидан охиригача бошқача ўқиш эмас, баъзи жойларда бошқача бўлишини билдиради. Мана шу воқеадан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим етти ҳарфда нозил бўлганлигини саҳобаи киромларга эълон қилдилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Ғифорнинг сувхонаси олдида эдилар. У Зотнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни бир ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда”, деди. У зот: “Аллоҳдан Унинг мукофоти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди”, дедилар. Сўнгра иккинчи марта келиб: “Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда”, деди. У зот: “Аллоҳдан Унинг мукофоти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди”, дедилар. Кейин учинчи марта келиб: “Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда”, деди. У зот: “Аллоҳдан Унинг мукофоти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, менинг умматим унга тоқат қила олмайди”, дедилар. Кейин тўртинчи марта келиб: “Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Ўшадан қайси ҳарфда қироат қилсалар ҳам, тўғри қилган бўладилар”, деди”[3].

Бу ҳадиси шарифда Қуръони каримни етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган мақсад очиқ-ойдин айтилиб, бундан Қуръони каримни етти ҳарфда нозил бўлиши аҳолининг турли табақаларига Каломуллоҳни ўқишни осон қилиш мақсадида бўлганлиги келиб чиқади.

Уламоларимиз юқоридаги ҳадисларга таяниб, Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлишига баъзи сабабларни келтирадилар.

Баъзилари айтадилар: Қуръони карим битта маънода бўлган арабларнинг луғатларидан етти луғатда нозил бўлган. Булар Қурайш, Ҳузайл, Сақиф, Ҳавозин, Кинона, Тамим ва Яман қабиларидир.

Баъзилари айтадилар: Етти ҳарфдан мақсад етти турга кўра нозил бўлган. Булар яхши ишларга буюриш, ёмонларидан қайтариш, жаннатни ваъда бериш, дўзахдан қўрқитиш, кофирлар билан уришиш, қасос олиш ва мисоллар келтиришдан иборатдир.

Баъзилари айтадилар: Айрим сўз ва ҳарфларни талаффуз қилишда ижозат берилган етти хилма-хилликдир: Исмларнинг бирлик ва кўпликда, музаккар ва муаннасликда турлича келиши, эъробда араб тили қоидаси доирасида сўзлар турлича талаффуз қилиниши, сарф қоидаларига биноан сўзларни ҳар хил ишлатиш, баъзи ҳарф ва сўзларнинг ўрнини алмаштириб ўқиш, бир ҳарфнинг ўрнига бошқасини қўйиб ўқиш, бирор ҳарфнинг зиёда ёки ноқис қилиб ўқиш, охиргиси ҳарфларни йўғон ва ингичка, чўзиб ёки чўзмай ўқиш бўйича араб лаҳжаларининг турли бўлганидир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши, уни муяссар бўлганича осонлик ила қироат қилиш мақсадида жорий қилингандир. Агар бир ҳарфдагина қироат қилиш мажбурий бўлса, мусулмонлар Қуръони каримни қироат қилишда қийналиб қолишлари мумкин эди.

Бахриев Отабек
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[2] Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Термизий, Аҳмад ва Ибн Жарирлар ривояти.
[3] Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …