Home / ЯНГИЛИКЛАР / “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мавзусидаги мерос ҳафталиги иш бошлади

“Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мавзусидаги мерос ҳафталиги иш бошлади

Жорий йилнинг 23 август куни “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мавзусидаги мерос ҳафталиги иш бошлади. Ҳафталик доирасида ўтказиладиган тадбирларда таниқли шарқшунос олимлар ўз маърузаси билан иштирок этади. Дастурнинг энг муҳим воқеаси академик Эдвар Ртвеладзе раҳбарлигида Кампиртепада олиб борилган тадқиқотлар меваси бўлган Оксиана Искандарияси билан танишувдир.
Шундан сўнг меҳмонлар Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қадимги шаҳарчалар, қазишма ҳудудлари ва тарихий ёдгорликларга саёҳат қилишади. Улар милодий II-III асрларга мансуб Фаёзтепа будда ибодатхонаси мажмуаси, шунингдек, Термиз Археология музейида бўлишади. Шу билан бирга 24 августда ҳафталик иштирокчиларининг бир қисми қадимий Бухорога йўл олишади ва шаҳарнинг обидалари билан танишишади. Қолганлар эса 25 август куни махсус рейс билан Самарқандга бориб, маданий мерос ҳафталигининг кейинги тадбирларида қатнашишади. Улар учун “Ўзбекистон обидалари нима сабаб сукут сақлайди?” мавзусидаги ўзига хос экскурсия ташкил қилинади.
26 август куни Самарқандда ЮНЕСКО шафелигида ўтадиган халқаро конференцияда дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатидан 200 дан зиёд олим иштирок этади. “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусида ўтказиладиган халқаро конференцияга 300 дан ортиқ шарқшунос олимлар, ЮНЕСКО экспертлари, халқаро ОАВ вакиллари таклиф этилган. Шунингдек, Самарқандда исломшунос олимлар иштирокида “Асрлар қаъридан таралган нур” номли халқаро конференция ҳам бўлиб ўтади. Тадбир доирасида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-албомларнинг Хоразм ва Бухоро вилоятлари обидаларига бағишланган жилдлари (14 ва 15-жилдлар) тақдимоти ҳамда ББC ўзбек хизмати ва ЎзЭОАВМА ҳамкорлигида суратга олинган “Катта лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар” китобининг тақдимоти ўтказилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, меҳмонларнинг Ўзбекистон Респубикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилган Имом Бухорий илмий тадқиқот марказига ташрифи ҳам кўзда тутилган. Самарқанддаги тадбирларнинг энг эсда қоларлиси “Самарқанд – Буюк ипак йўли юраги” номли ёрқин фестивали бўлиши кутилмоқда. Фестивалнинг очилиш маросими “Боғи шамол” боғида бўлиб ўтади. Ҳафталик анъанавий “Шарқ тароналари” ХII халқаро мусиқа фестивалининг Регистон майдонидаги очилиш маросими билан якунига етади.
Маданий мерос ҳафталиги доирасида 13 янги китоб, 4 халқаро конференция, 5 янги фильм, 3 та эксклюзив кўргазма, 30 та тўлдирилган реаллик эффектига эга китоб ҳамда 10 дан ортиқ лойиҳа тақдимоти ўтказилиши кутилмоқда.

Манба:Дин ишлари бўйича қўмита

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …