Home / МАҚОЛАЛАР / Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир

Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бировни (курашиб) йиқитган полвон эмас, ғазабланган вақтида жаҳлини ютган одам полвондир!” – дедилар” [1].

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда “ғазабни енгиш” ҳақида оят ва ҳадислар келган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тақво эгаларининг фазилатларини бирма-бир санаб, ғазабини енган тақво эгаларини мақтайди: “(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади” [2].

Юқоридаги оятда Аллоҳ таоло охират неъматларига сазовор бўладиган мўминларнинг сифат-фазилатларини баён қилади. “Ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар” жумласида “ғазабланманглар демаябди”, балки “Ғазабланган вақтларида” демоқда. Бу гапдан биз мўмин кишининг ҳам ғазабланиши тушунишимиз мумкин. Масалан, динга тош отилган вақтда ғазабланмаган мусулмон мусулмон эмас, балки у мунофиқ бўлади.

Ривоятга кўра, бир куни имом Жаъфар Содиқ (вафоти 148)нинг хизматида бўлган қули, олиб келаётган бир коса шўрвасини билмасдан имомнинг устига тўкиб юборди. Уст-боши шўрва бўлган имом ғазаб билан қулининг юзига қараганида, қули шундай деди: “Хожам, Қуръони каримда “ғазабини енганлар” деб юқоридаги оятни ўқиди. Шунда Жаъфар Содиқ: “Ғазабимни енгдим”, деди. Қули яна: “Қуръони каримда одамларнинг хато-камчиликларини кечирганлар ҳам мақталган”, деб оятнинг давомини ўқиди. Имом Жаъфар: “Мен ҳам сени кечирдим”, деди. Қул: Қуръони каримда Аллоҳ таоло яхшилик қилганларни севади!” деб оятнинг охирги қисмини ўқиганида, Жаъфар Содиқ: “Қани бор, энди сен озодсан, сени Аллоҳ таоло учун озод қилдим”, деди.

Шунингдек, Қуръони каримнинг қуйидаги оятида ҳам ноўрин ғазаб қаттиқ қораланиб, уни ютишга тарғиб қилинади: “Улар (иймон келтирган ва ёлғиз Аллоҳ таолога суянадиганлар) катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир”[3].

Агар икки киши бир-бири билан жанжаллашиб қолиб, ғазабини жиловлай олса олди, бўлмаса иккаласи ҳам бир-бири билан жанжаллашиб, охир-оқибатда бири иккинчисидан ўч олиш ҳаракатига тушади. Набий алайҳиссалом зинҳор ўзлари учун ўч олмаган, балки у кишини ҳақоратлаган, озор берган ва обрўларини тўккан бўлса кечириб юборганлар. Аммо динга ёмон муносабатда бўлиб, шариат чегарасидан чиққанида ўч олганлар. Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло тақиқ қилган нарсаларга қўл ўрганлардангина ўч олар эдилар, аммо ўзларига етказилган озор учун сира ўч олмаганлар”[4]. Бу ҳадисдан шуни тушунамизки, инсон ўзининг нафси ва манфаати учун бировга зулм қилиши қораланади, балки уни яхшиликка чақириб, кечиришга тарғиб қилинади.

Ўзининг ғазабини бошқара олиш ҳақида Али розияллоҳу анҳу билан содир бўлган бир воқеани келтириш мумкин. Али розияллоҳу анҳу бир жангда душманинг устидан ғалаба қилиб, душманини энди ўлдираман деган вақтда, душмани у кишининг юзига тупуриб юборади. Бу воқеадан кейин Али розияллоҳу анҳу душманини ўлдирмай орқага чекинади. Душмани Али розияллоҳу анҳудан орқага чекинишнинг сабабини сўраганида Али розияллоҳу анҳу: “Сени Аллоҳ таоло розилиги учун ўлдирмоқчи эдим. Юзимга тупурганингда нафсим менга оғир келди ва сени ўз нафсим учун ўлдириб қўйишдан қўрқанлигим сабабли, сени ўлдиришдан воз кечдим”, деди.

Бир киши қайта-қайта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзига панду насиҳат беришини хоҳлагани ҳақида шундай ҳадис келган: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менга насихат қилинг!” – деган эди, Жаноб Расулуллоҳ: “Ғазабланмагин!” – деб бир неча бор айтдилар”[6].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнида ғазабланган ҳолда бир-бирларини ҳақорат қилганларга шундай маслахат беради: “Сулаймон ибн Сурад ривоят қиладилар: “Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди, биз ҳам у зот билан бирга ўша ерда ўтирган эдик. Улардан бири шеригини шу қадар ғазаб билан сўкар эдики, ҳатто юзлари қизариб кетган эди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: “Мен шундай бир сўзни биламанки, уни айтган кишининг ғазаби дарҳол босилади. Бу: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожимдир” (“Аллоҳ таолодан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”) – дедилар. Сўнг, бояги ғазабнок кишига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гапларини эшитмадингми?” – деган эдилар, у: “(Жаҳлимни ютмай) жинни бўлибманми?” – деб жавоб қилди”[7].

Ғазабни жиловлашнинг баъзи йўлларини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлар. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: “Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ён бошласин!” дедилар” [8].

Бу ҳақда Имом Бағавий “Шарҳус сунна”да: “Набий алайҳиссалом ғазабланган инсонни ўтириш ёки ётиб олишга буюрганларининг сабаби, ғазабланган киши ўша пайтда кейин пушаймон бўладиган ишни қилиб қўймаслиги учундир”, деганлар.

Аллоҳ таолонинг Расули бошқа бир ҳадисларида ҳам, ғазабланган кишининг таҳорат олишини тавсия қилган. Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин!” дедилар”[9].

Маълумки, раҳмат, меҳр-шафқат ва ўзаро оқибат бор ерда фаришталар бўлади, инсон ҳам маънан, ҳам руҳан кучли бўлади. Аксинча инсонларнинг энг заиф бўлган ҳолати эса ғазаби чиққан вақтдаги ҳолатидир. Чунки шайтон инсонларга жаҳли чиққан вақтда унга яқинлашади ва уни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилади. Шу сабабли, ғазаб бўлган жойда шайтон бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўргатинглар ва осон қилинглар. Зинҳор оғир қилманглар! Агар сизлардан биронтангиз ғазабланса, бас, сукут, сақласин!” [10]. Ғазаби чиққан киши, аввало, Аллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраши керак. Ундан кейин эса жим туриши керак. Икки томоннинг бири жим турса, иккинчи томон ҳам жим бўлишига сабаб бўлади. Акс ҳолда иккаласи ҳам жанжаллашиб қолади.

Бир аёл олим кишидан: “Мен турмуш ўртоғим билан кўп жанжаллашиб қоламан. Шунга нима деб маслаҳат берасиз?” – деб сўрабди. Шунда олим киши: “Жанжаллашган вақтда оғзингга тош солиб ол”, – деган экан.

Ғазабланмайдиган инсоннинг ўзи йўқ. Ғазаб кимдадир оз, кимдадир кўп бўлади. Ғазаб пичоққа ўхшайди. Уни яхши ишларда ишлатса, фойдали бўлади. Агар ёмон ишларда ишлатса, зарарли бўлади. Ҳамма ишларда мўътадил бўлиш керак. Шунингдек, ғазабланишда ҳам. Ҳаддан ошишлик ҳамиша ёмон оқибатларга олиб келади.

Бир олимдан: “Дунёда энг кучли ва шиддатли бўлган нарса нима? – деб сўрабди. Шунда олим: “Ҳар нарсадан ҳам кучли ва шиддатли бўлган Аллоҳ таолонинг ғазабидир. Аллоҳ таолонинг ғазабидан Жаҳаннам ҳам титрайди”, – деди. Сўраётган киши: “Бундан қутулишнинг йили нима?” – деб сўрабди. Олим: “Ўз ғазабингни тарк қил”, – деб жавоб берибди.

Баъзи кишиларга “Ғазабланманг!” десангиз, у киши: “Мен ғазабланган вақтимда ўзимни юқотиб қўяман, нима қилаётганимни билмай қоламан”, дейди. Нима учун ғазабланаган киши ўзининг қўл остидагиларга ғазаб қилади-ю, лекин мавқеи ва лавозими жиҳатидан ўзидан юқорида бўлган кишиларга ғазаб қилолмайди. Биз бундан ҳар ким ҳам ғазабини доимо жиловлай олишини билишимиз мумкин.

Ғазабни енгиш ва жаҳл оловларини сўндириш учун уламоларимиз қуйидагиларга амал қилиш кераклигини тавсия қилишадилар:

  1. Ғазабланган вақтда Аллоҳ таолони эслаш керак. Чунки Аллоҳ таолони эслаш, Аллоҳ таолодан қўрқишга олиб боради. Аллоҳ таолога бўлган тақво эса яхши хислатларнинг келишига сабаб бўлади. Аллоҳ таолони эслаш билан ғазаб олови секинлашиб сўнади.
  2. Шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан ёрдам сўраш, яъни “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожимдир” (“Аллоҳ таолодан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”), деб айтиш.
  3. Таҳорат қилиш. Сабаби шайтон оловдан яратилган. Олов эса сув билан ўчирилади, ғазаб шайтондан, шайтон оловдан яратилган, олов эса сув билан ўчади.
  4. Жаҳлини чиқарган кишини авф этиш ва кечириш савоб бўлишини эслаш. Бу эслаш кишини савоб чақиради. Авф қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқидир.
  5. Ғазабини жиловлаб олиб, кечирувчи бўлса, инсонларнинг ўзига кечирувчи ва ҳурмат кўрсатишини эслаш. Инсонларнинг севгисини қўлга киритиш ва улар орасида ҳурматли киши бўлишини эслаш ҳам ғазабнинг кетишига сабаб бўлади
  6. Ғазабланган вақтдаги ҳолатидан бошқа ҳолатга ўтиш. Масалан турган бўлса, ўтириш, ўтирган бўлса, туриб кетиш.
  7. Ноўрин ғазабланиш оқибатлари ҳақида фикр юритиш. Ғазаб таъсирида бировга зулм қилиб, кейин пушаймон бўлиши, ғазабланиши сабабли катта мусийбатларга йўл очишини ва бошқа кўнгилсизликлар юзага келиши ҳақида ўйлаш. Фақиҳлар банда ғазабланган вақтида қилган ишларига жавобгар экани, бундаги амаллари эътиборли бўлишига иттифоқ қилишган. Яъни, ғазабланган вақтда айтилган куфр сўз, талоқ қилиш ва қасам ичиш кабилар инобатга олинади.

Ғазабдан қутулишнинг энг яхши йўли, бунга сабаб бўладиган ҳолатларни ўзидан кетказиш ва узоқлашишдир. Ғазабга сабаб бўладиган ҳолатлар:

  1. Ужуб (ўзини ёқтириш)
  2. Фахрланиш (мақтаниш)
  3. Ғавғо (жанжал)
  4. Мазах (қўпол ҳазил)
  5. Такаббур (ўзини катта тутиш)
  6. Истеҳзо (масхара)
  7. Қийноқ ва азоб бериш
  8. Чорасизларга азият бериш
  9. Худбинлик (манфаатпарастлик)

Доим ғазабланиб юриш қайғу ва тушкунликка олиб боради. Бунинг оқибатида жисмоний ва ақлий тарафдан соғлигига таъсир етказади. Уларнинг белгилари қуйидагилар:

  1. Асаб тизими бузилади.
  2. Тушкунликка тушади.
  3. Унутишлик касалик мубтало бўлади.
  4. Уйқусизлик касалик мубтало бўлади.
  5. Диққатини бир жой жамлай олмайди.
  6. Юрак уриши тезлашади.
  7. Қон босими ортади.
  8. Боши оғрийди
  9. Нафас олиб чиқариши қийинлашади
  10. Терисида бузилишлар содир бўлади.
  11. Ошқозонининг хазм қилиш тизими ишдан чиқади.
  12. Буйрак функциялари муаммолари

Ҳозирги кунда жамиятда арзимаган бир нарсани деб сену менга бораётган, ғазабига эга бўлолмаганларни кўришимиз мумкин. Халқимиз орасида “Жаҳл чиқса, ақл кетади”, деган гап бор. Аммо бу кишининг имони қай даражада эканига боғлиқ. Имони заиф кишилар ғазаб таъсирига берилиб, нима қилаётганларини билмай қоладилар. Имонли, сабрли кишилар эса ғазаблари қайнаган вақтда ҳам ўзларини босиб турадилар. Зеро, улар Аллоҳ учун ғазабланиш билан шайтон учун ғазабланиш фарқини яхши ажрата биладилар. Демак, ноўрин ғазабдан сақланиш учун ғазабнинг асл моҳияти, унинг маъноси, сабаблари ва даволаш усулларини билиш мақсадга мувофиқдир.

Оилада турли сабаблар билан юзага келаётган жанжаллар оқибатида, қанчадан-қанча оилалар ва қанчадан-қанча болалар зарар кўраётганига гувоҳ бўламиз. Инсон ғазабнинг асирига эмас, балки ғазабини ўзининг асирига айлантириши керак. Акс ҳолда у тажоввузкорга айланади. Юзининг ранги ўзгаради, кўзи қизаради ва дахшатли бир ҳолга келади ва ҳар қандай жиноятни ишлашга тайёр бўлади. Ўзини тутолмаслиги сабабли, кўп салбий оқибатларга дучор бўлади. Ўзи ва атрофдагиларга ёмон сўзлар билан зарар беради.

Аллоҳ таоло бизни ҳам ғазабини жиловлай оладиган ва кечиримли бўладиганлардан қилсин!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Нашрлар бўлими илмий ходими Олим Жўраев

 

[1] Саҳиҳи Бухорий. 76-боб. Ғазабни босиш ҳақида. 6114-ҳадис.
[2] Оли Имрон сураси, 134-оят мазмуни.
[3] Шўро сураси, 37-оят мазмуни.
[4] Саҳиҳи Бухорий. 42-боб.Қандай таъзир ва адаб бериш даркор? 6853-ҳадис.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳамад Юсуф. Руҳий тарбия, 1.
[6] Саҳиҳи Бухорий. 76-боб. Ғазабни босиш ҳақида. 6116-ҳадис.
[7] Саҳиҳи Бухорий. 76-боб. Ғазабни босиш ҳақида. 6115-ҳадис.
[8] Сунани Абу Довуд. Одоб. 4784-ҳадис.
[9] Сунани Абу Довуд. 4786-ҳадис; Муснад Аҳмад ибн Ҳанбал. 18014-ҳадис.
[10] Имом Бухорий. Адуб ал-муфрад. 245-ҳадис; Аҳмад. Муснад Имом Аҳмад. 2136-ҳадис.

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …