Home / МАҚОЛАЛАР / Жаннат оналарнинг оёғи остидадир

Жаннат оналарнинг оёғи остидадир

Муборак ҳадиси шарифда “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деб бежиз айтилмаган. Она сўзи нақадар мўътабар ва муқаддас. Онани кўпинча Ер шарига қиёслаб, Она Ер дейишади. Чунки Ер жамики борлиқни – одамзод, ҳайвонот ва наботот оламини ўз бағрига олади. Уларни озиқлантиради, улғайтиради.

Худди шундай она ҳам ўз фарзандини бағрида озиқлантиради, улғайтиради ва тарбиялайди. Бир бола токи улғайгунича оналар қанча азоб-уқубат чекади. Ана шу азоб-уқубатлари жараёнида улар муқаддас ва мушарраф бўлиб боради. Шунинг учун ҳам оналар жаннатга дахлдор дейилади.

Буюк мутафакир бобокалонимиз Алишер Навоий “Агар одам бўлсанг, ўз Ватанини, ўз элини севмайдитан одамни одам демагин” деб уқтирганлар. Инсон ўзининг илк мурғак тасаввурларини она алласи, меҳри, бағрида шакллантиради. Шу боис, оналарнинг фаҳм-фаросати, ақли ва саводи масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ҳатто одам боласи токи 6 ёшгача онадан ажралмаган ҳолда тарбия кўриш лозим, деган илғор ғоялар ҳам мавжуд. Шундагина бола ота-онага меҳрли, Ватанига садоқатли бўлиб тарбияланади. Бинобарин, она сиймоси ҳар доим иззат-икромга муносиб.

Зеро-улуғ саҳобийлардан, Абдуллоҳ ибн Аббос Розияллоҳу анҳу: “Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?” деб сўради. У киши “Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлса ҳам фарзанд уларни ранжитмаслиги керак”, – деб жавоб бердилар.

Инсоният авлоди тарбиясига маъсул оналар маънавияти, фазлу камоли ҳамиша жамиятнинг маънавий-ахлоқий мезони ҳисобланган. Шу сабабли оналаримизни улуғлаб, уларнинг оғирини енгил қилмоқ – улуғ саодатдир.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилади: “У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топсин учун ундан жуфтини яратган зотдир” (Аъроф сураси,189-оят мазмуни).

Маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахруддин ўзининг “Оила” асарида аёллар хусусида шундай фикрларни баён қилади:

“Бир инсон нақадар бою, нақадар мартаба соҳиби бўлса-да, унинг тарбияли хотини бўлмаса, у бахтли эмас. Зеро бахт оиласи ичида роҳатли умр кўрмакдан иборат бўлиб, оила ичида роҳат кўрмаган инсон оила ташқарисида ҳам роҳат кўра олмас. Шу сабабли ҳам хотинларнинг тарбияли бўлишлари зарур ва бунинг фойдаси ҳам бутун миллатга мансуб бўлур”.

Аёллари фаол, саводхон, билимли, заковатли миллат етук ва баркамол бўлади. Шунингдек ўзбек аёллари ўзининг ҳаёси, ибоси, назокати, нозу-қарашмалари билан ҳам маълум ва машҳур бўлишган.

Зеро, аёл меҳру муҳабатга сазовор зот. У тангрининг одам Атога марҳамати, ҳаётнинг кўрку чиройи, афсонавий тириклик сувидир. Азал-азалдан аждодларимиз аёл зотини севиб, ардоқлаб келишган. Бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур томонидан унинг севикли ёри гўзал ва оқила Бибихонимга атаб Самарқандда мақбара барпо этилиши, Темурийзода Шоҳжахон томонидан Мумтоз маҳалга атаб дунёнинг мўжизаларидан бири бўлган Тожмаҳалнинг қад кўтариши, сўз мулкининг султони Алишер Навоий томонидан севикли ёрига бағишлаб “Ҳамса” асарининг яратилиши хусусидаги фикрлар бежиз эмас, албатта. Аёл зотининг Аллоҳ тарафидан бандаларига неъмат қилиб берилганлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида “Мўмин банда Аллоҳга бўлган иймондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотин бўлиб, унга қараса хурсанд қилади ва Аллоҳнинг амрини бажаришда ёрдам беради” дея марҳамат қилганлар.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …