Home / МАҚОЛАЛАР / Гиёҳвандлик тўрига илинманг!

Гиёҳвандлик тўрига илинманг!

Сўнгги пайтларда бутун дунё бўйлаб ақлга таъсир ўтказувчи моддалар хавф-хатари барчани ташвишга солмоқда. Гиёҳвандлик инсон ва жамият учун нақадар мудҳиш ва оғир бўлган балодир. Минг афсуслар бўлсинким, бугунги кунда гиёҳванлик дардига чалинадиганларнинг сони тобора ошиб бормоқда. Инсоният келажаги, миллатлар истиқболи, кишилар саломатлиги ва умуман ер юзида яхшилик ҳукм суриши учун қайғураётган кишилар дунёнинг бу масалада ҳалокат жари томон одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқда.

Кундан кунга ёшлар, аёллар ва болалар гиёҳвандлик дардининг ҳалокат тўрига илинмоқда.

Гиёҳвандликнинг киши соғлигига, оилаларга, иқтисодга, одоб-ахлоқга, умуман инсон ҳаётининг барча сохаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда.

Бизнинг Ўзбекистонда ҳам бутун жаҳон оғир даври бўлиб ҳисобланган гиёҳвандликка қарши олиб борилаётган ишлар тўғрисида давлат миқёсида мутасадди раҳбарлар ва нодавлат ташкилотларнинг вакиллари узлуксиз равишда радио, телевидение ва ахборот воситалари орқали чиқишлар қилмоқда ва бутун халққа мурожаат қилиб, шунга қарши қўлни-қўлга бериб курашишга чорламоқда.

Дарҳақиқат, оммавий тус олган бало-офатга қарши оммавий равишда кураш олиб борилмаса бўлмайди. Бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Гиёҳвандликни олдини олиш учун кенг кўламдаги ишларни олиб бориш керак. Наркотик моддаларнинг организмга таъсир қилиб, ҳар-хил оғир касалликларни келтириб чиқариши, соч ва тишларини тўкилиб кетиши, хотираси сусайиб, эси кирди-чиқди бўлиб қолиши, ҳолсизлик вужудга келиши, қон айланиш системаси йўлдан чиқиши ва кўпгина бошқа салбий оқибатларга олиб келиши тўғрисида ёшларга батафсил маълумот бериш лозим. Шундай ҳолат келиб чиқмаслик учун, мактаб, ўқув даргоҳлари ва иш жойларда, маҳалла ва туманларда мутасадди кишилар, қолаверса, тиббиёт ходимлари ва имом хатиблар тушунтириш ишларини олиб боришни кучайтиришлари керак. Гиёҳвандликнинг илдизи билан суғуриб ташлашимиз, келажак авлод аҳли етук, жисмонан соғлом бўлишини кафолатлайди. Бунинг учун ота-оналаримиз ҳам ўз фарзандлари тарбияси билан шуғуланишилари ва уларни тергаб турушлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Ушбу кураш ўта аҳамиятли бўлиб, барча дин вакиллари биргаликда шу масала устида бирлашса, гуёҳвандликнинг гуноҳ ишлардан эканини ёшларнинг онгига етказса, яхши самара беради. Чунки, бу иш улар учун виждон ва дину-диёнат амри бўлади.

Мусулмон уламоларнинг фикрларича, гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл Аллоҳ таоло Қурьони Каримда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларида баён қилиб берган йўлдир. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ана ўша ўз динларида бор нарсани ишга солиб инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқлари зарурдир.

Ислом шариати инсонлар ҳаётини, турмуш тарзини ва тинчлигини сақлаб қолишда тинмасдан ҳаракат қилишга интилади. Шунингдек, турли хил зарар келтирадиган, бузғунчиликдан, инсониятга озор ва ёмонлик келтирадиган ҳар хил иллатлардан сақлаб қолишга курашади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз…(Оли Имрон сураси, 110-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир” (Насоий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бундай деганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсадан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган кишидир” (Бухорий ривояти). Бу далиллар динимизнинг инсонлар ўртасидаги бир-бирига бўлган масъулиятини, шунингдек, ҳақиқий мусулмоннинг қандай бўлишини баён қилган.

Шариатимиз гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни ҳаром деб ҳукм қилади. Чунки у жисмга зарар беришидан ташқари, жамиятни бузади, одамларнинг иқтисоди ва амалларига юқории даражада зарар етказади. Шуниндек, ақлни бузади, Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсади. Натижада ақлига, баданига, динига ва хулқ-атворига катта зарар етказади. Ҳар бир зарар берадиган нарса ҳаромдир (Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳ).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қиладиган ва бўшаштирадиган нарсалардан қайтардилар”, деди (Абу Довуд ривояти). Бўшаштирадиган нарса, бу аъзоларни заифлаштирадиган ва мияни айнитадиган (оғриқни сездирмайдиган) моддалардир. Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Ҳар қандай мияни айнитадиган ва ҳар қандай маст қиладиган нарсалар ҳаромдир” (Абу Довуд ривояти). Мияни айнитадиган нарса, бу ақлни ўраб оладиган нарсадир. Демак, бундай нарсалар шариатимизда ҳаром қилинган. Одамларимиз ва ёшларимиз бундай ҳаром нарсаларнинг яқинига ҳам келмасликлари лозим. Чунки бундай ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ҳалокат чоҳига отишдан бошқа нарса эмас. Қуръонда Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг(Бақара сураси: 195-оят маъноси). Яна бошқа бир ояти каримада эса бундай зикр этилади: “…ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир(Нисо сураси, 29-оят). Аллоҳ таоло ушбу оятлар билан инсонларнинг ўз жонларига қасд қилмасликларига буюрган. Бундан бирор инсон ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам жабр қилиши, зарар етказиши мумкин эмаслиги келиб чиқади. Инсоннинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб, ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳдир.

Гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланиш, сотиш ва тарқатишнинг ҳукми уларни тановул қилишдан ҳам оғирроқдир. Аллоҳ таоло: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз! (Бақара сураси, 188-оят), деб, гиёҳвандликка ўхшаган зарар келтирадиган, исроф ва талофат еттказадиган ҳаром бўлган ботил ишлар билан топилган молларни емасликни буюради. Бу билан ҳар қандай зарарли нарсаларни истеъмол қилиш бу ёқда турсин, улардан топилган маблағларнинг одамлар бир-бирлари билан баҳам кўришлари ҳам ҳаром ишлардан экан.

Ҳаром нарсаларга восита бўлган нарсаларни турли имконият ва кучлар билан тўхтатиш лозим. Чунки, ундай савдо гиёҳвандлик ва унинг тановулини енгиллаштириб беради. У савдодан ишлаб топган пули ҳаром, қилган иши эса залолатдан бошқа нарса бўлмай қолади. Гиёҳвандлик савдоси гуноҳ ишга ёрдам бўлади. Аллоҳ таоло: “ Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида сураси, 2-оят), дейди. Шунингдек, гиёҳванд ўсимлик билан деҳқончилик қилиш ва шунга ўхшаш барча тайёрлаб чиқариш бўладими ёки бошқа тегишли ҳолатлар бўладими ҳаммаси шариатимизда ҳаром ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Узумни йиғиштириб олиб, уни ишлатмасдан ушлаб турган, кейинчалик яҳудий ёки насроний ёки хамр ичимлик тайёрлайдиган одамга сотган киши, ҳақиқатда дўзахга ташланади”, дедилар (Табароний ривояти). Хамр ичимлигига маст қиладиган ичимликлардан ташқари гиёҳванд моддаларга ўхшаш маст қиладиган нарсалар ҳам киради. Бу ҳадис шариатда ман қилинган ишларни қилиш ҳаромлигига далилдир.

Шундай экан, шариатимизда ҳаром дейилган нарсалардан узоқлашсак, динимиз ва жамиятимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади. Бундай разил ишлар ҳеч кимга фойда келтирмас экан, ундан қутилиш йўлларини излаб топишимиз керак бўлади. Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, ушбу масала бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳалар мутахассислари ушбу муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Бангилик ва унинг муаммолари бўйича маҳаллий, халқаро ва умумжаҳон ташкилотлари тузилди ва тузилмоқда. Буларнинг ҳаммаси инсониятни бу хатарли балодан сақлаб қолиш мақсадидадир. Келинг, бунга биз ҳам ҳисса қўшайлик. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими
Қ. Маҳмудов

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …