Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорийнинг “Ат-Тарих ал-Кабийр” асари ва унинг илмий аҳамияти(давоми)

Имом Бухорийнинг “Ат-Тарих ал-Кабийр” асари ва унинг илмий аҳамияти(давоми)

Шунингдек асарнинг муқаддима қисмида Умар ибн Хаттоб халифалик вақтида ҳижрий тарихни юритилиши қандай бошланганлиги хабари келтирилган.

 “Ат-Тарих ал-кабийр” асари боблари муъжам ҳарфлар (араб алифбоси) асносида тартибланган, аммо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари ҳурматидан асар Муҳаммад исмли ровийлар ҳақидаги маълумотлар билан бошланган. Муҳаммад исмли ровийлардан фориғ бўлганидан кейин араб алифбосидаги алиф ҳарфи билан бошланган ровийларнинг исмлари ва таржимаи ҳолллари келтириб ўтган. Унда саҳобийлар, тобеъийнлар ва улардан кейин келган ҳадис ровийлари (барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин) ҳақида маълумотларни ўзида мужассам этади.

Асарнинг биринчи жузъида 2894, иккинчи жузъида 3176, учинчи жузъида 3267, тўртинчи жузъида 3452 нафар ровий, кунялар бобида 993 нафар эркак ровий ва 7 нафар аёл ровий ҳақида маълумот келтирилган.

Асарда ровийлар тарихи билан бирга бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бўлган дин номи билан содир этиладиган ихтилофлар ва турли фитналарни зоҳир бўлиши ҳамда ўша вақтда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ва ёшлар тарбиясига оид ҳадислар ҳам келтирилган:

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динни рад қиладиган “Рофиза” деб номланган бир қавм пайдо бўлади,” – дедилар. (220-ҳадис).

Абу Бурдадан ривоят қилинади: Робзага бордим. Фустотда Муҳаммад ибн Масламани учратиб: Одамлар олдига чиқиб уларни яхшиликка буюрсангиз ва ёмонликдан қайтарсангиз, деган вақтимда, у шундай деб жавоб берди: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Муҳаммад ибн Маслама! Тез кунларда фирқаланиш, фитналар ва ихтилофлар бўлади. (Шунай кунлар келса) қиличингни синдириб ташлаб юбор ва уйингда ўтиргин,” – деб айтганлар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганларидек қилдим. (12-ҳадис).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам фарзандлари намоз ва икки киши орасини ислоҳ қилиш ҳамда чиройли хулқдан кўра афзалроқ (савобли) амални қилолмайди,” – дедилар. (62-ҳадис).

Саъд ибн Моликдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминни ўлдириш куфрдир, уни ҳақорат қилиш фосиқликдир,” – дедилар. (73-ҳадис).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб (уйидан отасини молу давлатини сўрамасдан ишлатиб юбораётганини) шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени ўзинг ҳам, молинг ҳам отангга тегишлидир,” деб ҳукм чиқарди. (308-ҳадис).

Шунингдек, мазкур асарда ибодат, никоҳ, савдо, муомалотларга доир ҳадислар ҳам келтирилган.

Ибодатга оид ҳадислардан;

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Озгина фиқҳ илми кўп ибодатдан яхшироқдир.” (291-ҳадис).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир кунда фарз ибодатлардан ташқари ўн икки ракаат намоз ўқиса, жаннатда у учун бир уй бино қилинади,” – дедилар. (84-ҳадис).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деб айтаётганини эшитган экан: “Бомдод намозидан сўнг қуёш чиққунча ва аср намозидан сўнг қуёш ботгунча намоз ўқилмайди.” (59-ҳадис).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом (жамоат намози учун) зомин (жавобгар)дир, муъаззин эса (жавобгарликдан) омондадир,” – дедилар. (84-ҳадис).

Хайр-эҳсонга тарғиб қилувчи ҳадислардан;

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзахдан гарчи бир бўлак хурмо (садақа қилиш) билан бўлса ҳам сақланинглар,” – дедилар. (88-ҳадис).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши бирор кўчатни экса эккан у кўчати у учун садақадир, у кўчатнинг мевасидан нимаики еса ҳам, ундан ўғирласа ҳам, ундан қуш ёки ёввойи ҳайвонлар егани ҳам у учун садақадир,” – дедилар. (261-ҳадис).

Никоҳ ва турмуш қуриш тўғрисидаги ҳадислардан;

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қизингни яхши кўрадиганига узатгин,” – дедилар. (271-ҳадис).

Муамолот ва қариндошлик ришталарини маҳкам тутишга оид ҳадислар;

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни умри узун, ризқи кенг бўлмоқни хурсанд қилса, қариндошликлари билан риштани маҳкам қилсин ” – дедилар. (104-ҳадис).

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида хардал (хантал) доничалик миқдорда кибр бўлса, унга жаннатни ҳиди ҳам ҳаромдир” – дедилар. (185-ҳадис).

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам фарзандларининг яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ва Аллоҳ таолони зикр қилишдан бошқа айтган ҳар бир сўзи унинг зараригадир. ” – дедилар. (214-ҳадис).

Тежамкор ва тадбирли бўлиш ҳақидаги ҳадислар;

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомларингизни ўлчаб истеъмол қилинглар, шунда сизларга таомларингиз хусусида барака берилади,” – дедилар. (129-ҳадис).

Аллоҳ таолога дуо қилиш тўғрисидаги ҳадислар;

Буср ибн Абу Артоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳим! Ишларнинг ҳар бирида оқибатимизни чиройли (хайрли) қилгин, бизга дунё хорликларидан ва охират азобидан паноҳ бергин,” – деб айтаётганларини эшитдим. (38-ҳадис).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, бахиллик ва фоҳишалик кенг тарқалмагунча қиёмат бўлмайди,” – дедилар. (275-ҳадис).

Имом Бухорийнинг ушбу асари булардан ташқари жуда кўплаб мавзулар ҳамда шахслар тарихини ўзида мужассам этган

Имом Бухорийдан кейин у зотнинг мазкур асари асосида ровийлар ҳақидаги тарих илми шаклланди ва кўплаб бу тарихга оид шарҳлар ҳамда илмий изланишлар битилди. Ибн Ҳажар Асқалонийнинг икки жуздан иборат “Завоиду рижали “ат-Тарих ал-кабийр” лил-Бухорий”, Барқу-т-Тавҳидийнинг “Фатҳу-л-хабир ли аҳодийси ат-Тарих ал-кабийр” асарлари шулар жумласидандир.

Биз Имом Бухорийнинг “ат-Тариху-л-кабийр” асари устида олиб борилган енгил бир тадқиқотни эътиборингизга ҳавола қилдик. Албатта, бу асарнинг ўрганилмаган қирралари, ҳикматлари кўп. Имом Бухорий ҳазратларининг илмий-маънавий мероси бўлган асарни ўрганиб, илмий тадқиқ этиш ва унинг очилмаган қирралари билан халқимизни таништиришдек улкан масъулият бугунги кун олимларимиз зиммасидадир.

Қобилов Н.С.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …