Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ”да инсон саломатлигини сақлаш ва инсон гигиениясига эътибор масалалари(давоми)

“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ”да инсон саломатлигини сақлаш ва инсон гигиениясига эътибор масалалари(давоми)

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам инсон гигенасига алоҳида урғу бериб, беш нарса; мўйловни қисқартириш, тирноқларни олиш, қовуқни, қўлтиқни қириш (тозалаш) ва мисвокнинг фитратдан эканлиги ҳамда унинг вақтини баён қиладилар;[1]

607-боб. Киндик ости тукларини олиб юриш ҳақида

  1. Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бешта нарса фитратдандир: мўйловни қисқартириш, тирноқни олиш, киндик ости ва қўлтиқ ости тукларини олиб юриш ва мисвок қилиш», деб марҳамат қилганлар».

608-боб. Тукларни олишнинг муддатлари ҳақида

  1. Ибн Умар (р.а.) ҳар 15 кунда тирноқларини ва ҳар ойда баданларидаги тукларини тозалардилар.

Демак, мана шу амаллар бажариб юрилса, инсоннинг фитрати соф туради, бўлмаса, инсоннинг фитрати бузилишни бошлайди. Буни оддий гигиена эмас, “инсоннинг фитрати” деб баҳо берилган.

Рисолат соҳибининг ҳадиси шарифларида инсоният учун муҳим саналган ибодатлар ва дуолардан ташқари инсон томонидан бажариладиган оддий кундалик вазифаларга оид одоб-ахлоқлар ҳам четда қолмаган. Шулардан бири ҳожат одобидир. Мазкур ҳадисларда ҳожатда тозаланиш одоби чиройли тарзда баён қилинган;

20-боб. Тош ва кесак билан покланмоқ[2]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан:

 «Жаноб Расулуллоҳ саллаллоқу алайҳи ва саллам ҳожатга чиққанларида эргашдим. У ёқ-бу ёққа қарамай борар эдилар. У кишига яқин борганимда, «Менга тош келтирғил, истинжо (покланиш) қилғайман»,— дедилар ёки шунга ўхшаш бир гап айтдилар. Кейин: «Суяк ёки тезак олиб келмағил!» — дедилар. Кийимимнинг этагида тош териб келдим. Ёнларига тўкиб, у кишидан ўгирилиб турдим, қазои ҳожатдан кейин тошлар билан истинжо қилдилар».

Ушбу ҳадисда нажосатдан покланиш тартиби баён этилган бўлиб, дуч келган нарса билан тозаланиш мумкирн эмаслиги маълум бўлмоқда. Хоссатан, суяк ва тезак каби жинлар таоми бўлган нарсалар билан покланиш, ёки улар устига ҳожатни адо қилиш мутлақо мумкин эмас.

58-боб. Сийдикни ювиш тўғрисидаги ҳадислар[3]

Анас ибн Молик: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожатга борсалар, ортларидан сув олиб борур эрдим, ювар эрдилар», — деб айтганлар.

Юқоридаги ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қазои ҳожатдан сўнг нажосатдан ювиш билан покланганлари баён этилди. Зеро, инсон бутун тана аъзолари ва хосатан нажосат чиқадиган жойларни поклигига қаттиқ эътибор бермоғи лозиим.

60-боб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа кишиларнинг бир аъробий (саҳродан келган араб) масжидда пешоб қилиб бўлгунича индамай турганлари[4]

Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда пешоб қилаётган бир аъробийни кўриб: “Қўйингизлар, бўлгунича индамангизлар!” — дедилар. Кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сув келтирмоқни буюрдилар. Сийдикни ювиб ташлашди”.

Ушбу ҳадиснинг Имом Муслимдан келтирилган матнида шундай ривоят қилинган: «Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Биз масжидда Расулуллоҳ билан ўтирган эдик. Бир саҳролик аъробий киши келиб, масжидда пешоб қила бошлади. Биз: «Ҳой, тўхта, тўхта!», деб уни тўхтатмоқчи бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Индаманглар, охиригача қилиб олсин», дедилар. Охиригача ишини битиргач, Пайғамбаримиз унга: «Бу масжиддир, бу ерда Аллоҳнинг зикри ва Қурьон ўқилади. Пешоб қилиш ёки шунга ўхшаган нопок нарсалар масжидда бўлмайди», дедилар-да, сўнг бир кишига бир челак сув олиб келиб, ҳалиги жойни тозалашга буюрдилар».

Биз ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаммо юзага келган вақтда тутган йўлларини ҳамда чиройли муомала билан уни ечимини ўз вақтида бартараф этганларига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, ушбу масаланинг тиббий томонига қарайдиган бўлсак, пешоб чиқаришни бошлаган кишини бу ишдан пешоб тугамасдан олдин тўхтатиш унинг соғлигига жиддий зарар бўлишини ҳозир жуда кўпчилигимиз яхши биламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундан ўн тўрт аср олдин бу ишни зарарли эканлигини Аллоҳ таоло билдириб қўйди.

18-боб, 5706-ҳадис. Абу Саъид ал-Худрий ривоят қиладирлар: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Менинг иним қорни (оғриётгани)дан шикоят қилаётир», — деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Асал ичиргил!» — дедилар, Бояги киши қайтиб келиб, асал ичирса ҳам иниси тузалмаганини маълум қилди. Жаноб Расулуллоҳ бу гал ҳам: «Асал ичирғил!» — дедилар. Бояги киши яна қайтиб келиб, иниси тузалмаганини айтди. Жаноб Расулуллоҳ яна: «Асал ичирғил!» — дедилар. У яна қайтиб келиб, «Иним тузалмади», — деган эрди, Жаноб Расулуллоҳ: «Аллоҳ таоло (асалда одамлар дардиға даво мавжуддир, деб) рост айтган, инингнинг қорни эрса, ёлғон сўзлайдир!» — деб жавоб қилдилар. Шундан сўнг, иниси дардига шифо топди».

20-боб. Қўзиқорин сувининг кўзга даво эканлиги хусусида;

  1. Саъид ибн Зайд: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдимки, қўзиқорин Аллоҳнинг неъмати бўлиб, унинг суви кўзга даво экан”, — дейдилар.

Динимизда инсон соғлигини сақлашга қаратилган ишлардан яна бири бадантарбияга бўлган эътибордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари чапдаст, бақувват бўлганлар ва саҳобаларни шунга ўргатганлар. Югуриш мусобақалари уюштирилган. Ҳатто, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари жуфти ҳалоллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан мусобақа қилиб югуришганлар. Саҳобаи киромларнинг орасида ҳам югуриш билан машҳур бўлган саҳобалар бўлган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқ отишни, сузишни фарзандларга ўргатишни буюрганлар ва уммат бунга амал қилиб келган. Шариатимизда соғлиқни сақлашга қаратилган ишлардан яна бири шуки, тоат сифатида, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун йўлга қўйилган ибодатлар ҳам инсон соғлигига бевосита хизмат қилади. Киши соғликни ният қиладими, қилмайдими, фарқи йўқ. Мусулмон одам Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун намоз ўқийди, бу билан у бадантарбияни ҳам бажаради.

Ислом шариатининг соғликни сақлаш учун қилган чораларидан бири инсон танасига зиён келтирадиган нарсаларнинг ҳаммаси ҳаром қилинган. Бу асос мезон қилиб олинган. Масалан, ичкилик, кашандалик, гиёҳвандлик кабилар ҳаром қилинган. Ҳаттоки, ибодатда ҳам танага зиён келтириш таъқиқланган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссга: «Кўзингнинг сенда ҳаққи бор, танангнинг сенда ҳаққи бор», деганлар. Демак, ибодатни ҳам танани қийнамайдиган даражада қилишга буюрганлар. Шунингдек, шариатимизда бир киши бировнинг танасига зиён келтирса, унинг фидяси – хунини тўлаши вожиб қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир дарднинг давоси бордир», деган сўзлари мусулмон уммати учун шиорга айланган. Бу шиор ислом умматини тиббий савиясини шакллантиришда, уларни келажакда изланишлар қилишга илҳомбахш омил бўлган. Динимизда йўлга қўйилган яна бир чора шуки, тиббий муолажа билан даволаниб тузалмаган руҳий касалларга Руқия ўқиб, яъни Қуръон оятларидан ўқиб дам солишга ҳам рухсат берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётий тажрибалари ҳамда ўша вақтдаги шароитдан келиб чиқиб айтган баъзи тиббий тавсиялари ҳам динимизда “Тиббун Набавий – Пайғамбар табобати” деган мавзуда кенг ўрганилган. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ўзининг шоҳ асари “Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ” ҳадис тўпламида бунга алоҳида эътибор қаратиб, бу тўпламда “Тиб китоби”га алоҳида боб ажратганлар.[5]

Биз жисмоний ва ақлий соғлигимизни муҳофазаси йўлидаги ҳар бир ҳатти-ҳаракатларимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан таълим олсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аллоҳ барчамизга Пайғамбаримизга эргашиш ва у Зотнинг суннатларидан намуна олишни насиб айласин.

Н.Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Ал-Адаб ал-муфрад. 607, 608-боблар.
[2] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. Таҳорат китоби.
[3] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. Таҳорат китоби.
[4] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. Таҳорат китоби.
[5] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. Тиб китоби. –Б 336.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …