Home / МАҚОЛАЛАР / “Улумул Қуръон” ва “Усулут тафсир” илмлари

“Улумул Қуръон” ва “Усулут тафсир” илмлари

Қуръони каримга доир илмларни ўрганувчилар “Улумул Қуръон”ва “Усулут тафсир” тушунчаларига дуч келадилар. Бу икки илм Қуръонга доир илмлар ва уни тафсир қилишдаги қоидаларни жамлаган бўлиб, мавзуларига эътибор берилса, ўхшашлик, бир-бирига жуда яқинликни кўриш мумкин. Шунинг билан бирга улар алоҳида фан сифатида ҳам шаклланган.

“Улумул Қуръон” (Қуръон илмлари) фани Қуръонга тааллуқли бўлган илмлар, жумладан, оят ва сураларнинг нозил бўлиш сабаблари, Қуръоннинг жамланиши ва суралар тартиби, оятларнинг маккий ва маданийга бўлиниши, носих ва мансух, муҳкам ва муташобиҳ оятлар каби илмлар, бундан ташқари, бевосита Қуръонга алоқадор тафсир, қироат, Қуръон эъроблари илми, луғатлар илми каби жиҳатларни ўрганади.[1]

Имом Суютий Қуръон илмлари қаторига астрономия, муҳандислик, тиббиёт каби илмларни ҳам киритган.

“Усулут тафсир” илмига таъриф беришдан олдин “усул” ва “тафсир” сўзларига изоҳ келтирамиз. “Усул” арабча сўз бўлиб, “асл” – нарсаларнинг асоси, пойдевори деган маънони англатади. “Тафсир” сўзининг луғавий маъноси бир нарсани шарҳлаб, баён қилиш бўлиб, истилоҳда Қуръони карим маъноларини батафсил тушунтириб беришга айтилади. Бу икки таърифдан келиб чиқиб “Усулут тафсир” фанига “Аллоҳ каломини тафсир қилиш ўрганиладиган, ихтилоф юзага келганда мурожаат қилинадиган қоида ва асосий тушунчалар (мажмуи)”[2], деб таъриф берилган.

Таърифларга эътибор қаратадиган бўлсак, “Усулут тафсир” фани фақатгина Қуръони карим оятлари маъносини ўрганишга доир қоидалар жамланмаси экани равшан бўлади. “Қуръон илмлари” фани эса умумий бўлиб, Қуръоннинг тарихи, грамматик жиҳатлари, қироат қоидалари, тафсири каби турли жиҳатларни ўрганувчи фандир.

Имом Бадриддин Заркаший ўзининг “Бурҳон фий улумил Қуръон” китобида, Жалолиддин Суютий “Итқон фий улумил Қуръон” асарида “Усулут тафсир” фанини “Улумул Қуръон” китоблари ичига киритиб юборишган. Бизга яқин даврда яшаб ўтган Манноул Қаттон, Румий сингари олимлар бу икки фанни битта илмга далолат қилувчи синоним тушунчаларни қамраб олгани эътиборидан тафсир усуллари фанини Қуръон илмлари фани ичига киритиб юбориш жоиз деганлар[3].

Аслини олганда, тафсир усуллари фани Қуръон илмлари фанининг бир қисми сифатида ривожланган ва кейинчалик бу борада алоҳида китоблар ёзилган. Улар орасидаги фарқ ҳақида гап кетганда бошқа бошқа илмлар ҳақида эмас, балки бир фаннинг ичидаги асосий қисмининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида мулоҳаза юритилади.[4]

Қуръон илмлари, тафсир фани тарихи барча исломий илмлар сингари Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга ва саҳобаи киромлар даврига бориб тақалади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларга улар учун тушуниш қийин бўлган оятларни шарҳлаб, тушунтириб берар эдилар. Буни қуйидаги воқеа орқали тушунишимиз мумкин:

Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар – айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир[5]” ояти нозил бўлганда, саҳобалар ким ҳам ўзига зулм қилмайди, эй Расулуллоҳ, дедилар. Яъни оятдаги “зулм” сўзидан айнан нима назарда тутилаётганини тушунолмадилар. Шунда У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “зулм” сўзини тафсир қилиб, бундан ширк назарда тутилаётганини айтадилар ва: “Аллоҳ таолонинг “Албатта, ширк – катта зулмдир[6]”, деганини ўқимаганмисизлар”, дедилар[7].

“Қуръон илмлари” фанининг шаклланиш даври ва китоблар шаклида юзага келиши ҳадис илмига нисбатан анча кейинроқдаги даврга тўғри келган. Ҳижрий иккинчи аср ҳадис илмининг тадвин даври деб эътибор қилинади. Ушбу асрда муҳаддислар томонидан ҳадис тўпламлари китоб шаклига келтирила бошланган. Уларда тафсирга тааллуқли илмлар ҳам жой олган бўлсада, қуръоншунослик ёки тафсиршуносликдаги алоҳида қадам деб бўлмас эди. Айрим уламолар Қуръони карим тафсирига доир ҳадисларни тўплаш билан машҳур бўлишган. Бунга Язид ибн Ҳорун ас-Суламий (в. 117 й.ҳ.), Шўъба ибн Ҳажжож (в. 160 й.ҳ.) раҳматуллоҳи алайҳларни мисол тариқасида келтириш мумкин. 

«Қуръон илмлари» фани алоҳида илм сифатида ҳижрий учинчи асрда шакллана бошлаган. Биринчилардан бўлиб Али ибн Маданий (Имом Бухорийнинг устози. в. 234 й.ҳ.) Абу Убайд ал-Қосим ибн Суллам (в. 224 й.ҳ.), Ибн Қутайба (в. 276 й.ҳ.) Қуръон карим терминларига хос китоб тадвин этишган. Ҳижрий тўртинчи асрда Муҳаммад ибн Халаф ибн Марзбон (в. 309 й.ҳ.), Абу Бакр Муҳаммад ибн Қосим Анбарий (в. 328 й.ҳ.), Абу Бакр Сижистоний (в. 330 й.ҳ.) фанга доир китоблар ёзишган. Кейинги асрларга келиб эса ушбу илмга доир таълифотлар кўпчиликни ташкил эта бошлаган[8].

“Усулут тафсир” фани дастлаб, айнан шу ном билан номланмаган бўлсада, Қуръон илмлари ва тафсир фани билан биргаликда юзага келган ва ривожланган. Уни илм сифатида шакллантирган аввалги шахс сифатида уламолар Имом Шофиъийни айтадилар. У ўзининг усулул фиқҳга бағишланган “Рисола” номли китобида носих ва мансух, мутлақ ва муқайяд сингари тафсир усуллари ҳақидаги тушунчаларни келтирган.

Кейинги даврларга келиб ушбу фан ҳам ривожланди ва китобларда у ҳақда ёзила бошлади. Дастлаб, тафсир китобларининг муқаддималарида бу илм ҳақида сўз юритилди. Бундай муқаддималарнинг энг машҳури “Тафсири Табарий” китобининг муқаддимасидир. Шунингдек, ушбу фан одатда, Қуръон илмларига доир ёзилган китоблар ичидан жой оларди.

Ҳозирги даврга келиб эса тафсир усуллари фанига доир кўплаб китоблар таълиф этилди. Бунга мисол тариқасида Али Аҳмад Фаррож Али ва Мужоҳид Муҳаммад Ҳарийдий ҳаммуаллифлигидаги “Тайсир фий усулит тафсир”, Доктор Али ибн Сулаймон Убайднинг “Тафсирул Қуръонил карим: усулуҳу ва зовабитуҳу”, Мусоид ибн Сулаймон Тойёрнинг “Фусулун фий усулут тафсир” китобини келтиришимиз мумкин[9].

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Улумул Қуръон” ва “Усулут тафсир” илми бир бирига чамбарчаст боғлиқ ва бири иккинчисини тўлдирадиган, Қуръони карим ва тафсир илмини пухта эгаллаш йўлида асосий йўл вазифасини бажариб берадиган муҳим илмлардандир.

Усмонхон Муҳаммадиев.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
 маркази Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
[1] Муҳаммад Абдулазим аз-Зарқоний. Манаҳилул ирфон фи улумил Қуръон. –Дамашқ: Исо Бобий, –Б.23
[2] Мусоид ибн Сулаймон Тойёр. Фусулун фий усулут тафсир. –Риёз: Дарун нашруд дувалий, 1993. –Б.13.
[3] Др. Али ибн Сулаймон Убайд. Тафсирул Қуръонил карим: усулуҳу ва зовабитуҳу. –Риёз: Тавба, 2010. –Б.27
[4] https://vb.tafsir.net/tafsir1060/#.XRrXq_kS-Uk.
[5] Қуръони карим. “Анъом” сураси, 82 ояти.
[6] Қуръони карим. “Луқмон” сураси, 13 ояти.
[7] Али Аҳмад Фаррож Али. Мужоҳид Муҳаммад Ҳарийдий. Тайсир фий усулит тафсир. –Искандария: Дорул иймон, 2006. –Б16.
[8] Маннау-л-Қаттон. Мабаҳис фи улумил Қуръон. –Риёз: Мактабатул маориф, 2011. –Б.11.
[9] Али Аҳмад Фаррож Али. Мужоҳид Муҳаммад Ҳарийдий. Тайсир фий усулит тафсир. –Искандария: Дорул иймон, 2006. –Б17.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …