Home / МАҚОЛАЛАР / Мовароуннаҳрга тафсир илмининг кириб келиши

Мовароуннаҳрга тафсир илмининг кириб келиши

VIII-IX асрларда Мовароуннаҳрда тафсир илми ўзига хос ривожланиш хусусиятларига эга. Бу даврда тафсир илми ҳадис ва фиқҳ илмлари каби тараққий этмаган эди. Гарчи ушбу даврга оид тафсир илми бўйича кам маълумот етиб келган бўлса-да, тафсир илмининг бошқа ислом ўлкаларидаги тараққиёт босқичларини тадқиқ этган ҳолда юртимиз олимлари томонидан яратилган ҳозирги кунимизгача етиб келган асарлар орқали тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Мовароуннаҳр тафсир илми тарихи ҳадис илмининг кириб келиши билан боғлиқ. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобийларнинг Қуръонга шарҳлари ҳадислар таркибида жамланган. Умар ибн Хаттоб буйруғига кўра араблар Марвгача етиб келиб, шу ерда 70 йил қолиб кетишади ва ўзлари ўрганган илмлардан ҳадисларни маҳаллий халққа ўргатадилар. Сўнг Марвда ривоят қилинган ҳадислар Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларга кириб келади. Мовароуннаҳрда Самарқанд ҳадис илми маркази, Бухоро эса фиқҳ илми марказига айланади[1].

Бутун ислом оламига маълум ва машҳурким, бу ўлка барча илмларда бўлгани каби ислом илмларида ҳам жаҳонга донг таратган буюк алломаларни етиштирган. Мазкур илмлар ичида тафсир, ҳадис, тавҳид, наҳв, фиқҳ ва бошқа кўпгина илмлар тараққий этган.

Маълумки, мусулмонлар келиб Мовароуннаҳрни фатҳ қилганларидан сўнг, ерлик аҳоли ислом динини бирин-кетин қабул қила бошлаган. Бу диёрнинг туб аҳолиси исломдан аввал ҳам баъзи бир илм ва маданият турларидан хабардор эдилар. Ушбу сабабга кўра аллома Ибн Халдун таъкидлаганидек, уларда ислом илмларини қабул қилиш ва ривожлантиришга лойиқ малака азалдан мавжуд бўлган.

Мовароуннаҳрда ислом динининг тарқалишига қадар ҳам илм-фан тараққий топган, олим ва саводхон кишилар кўп бўлган. Минтақага ислом дини кирганидан кейин эса, у йирик илмий марказга айланган. Бунга асосий сабаб сифатида маҳаллий аҳолининг қадимдан илму-маърифат ва маданият соҳиби бўлганлиги ва шу сабабдан янги диннинг аҳоли томонидан катта тўсиқларсиз қабул қилиниб, зиёли қатламларнинг мазкур динни илм даражасида юқори чўққиларга олиб чиққанларини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Шу тариқа Мовароуннаҳрда ислом динининг тарқалиши баробарида Қуръон ва тафсир илмлари ҳам ривожланган. Мовароуннаҳрдаги илк тафсирлар баён этилган асарлар сифатида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларимизнинг ҳадис тўпламларини айтиб ўтиш мумкин. Чунки уларда Қуръон тафсирлари ва унга бағишланган махсус боблар бўлган.

Демак, Мовароуннаҳрда тафсир илми бевосита ҳадис илми билан биргаликда ривожланган. Чунки дастлабки даврда тафсир илми ҳадис ва фиқҳ илмлари каби тараққий этмаган эди. Гарчи ушбу даврга оид тафсир илми бўйича кам маълумот етиб келган бўлса-да, тафсир илмининг бошқа ислом ўлкаларидаги тараққиёт босқичларини тадқиқ этган ҳолда юртимиз олимлари томонидан яратилган ҳамда ҳозирги кунимизгача етиб келган асарлар орқали тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Самарқанд бошқа Мовароуннаҳр шаҳарларидан фарқли равишда бир нечта муфассирларни етиштириб чиқаргани ҳамда тафсир ва ҳадис илми марказига айланганига тарихий манбаларимиз гувоҳлик беради.

Самарқанднинг биринчи амири Абдур-Раҳмон ибн Муслим ва унинг авлодларидан Қутайбанинг фарзанди Салим ва набираси Саъидларни ҳам Мовароуннаҳрга Қуръон, ҳадис ва бошка илмларни олиб келган биринчи ровийлар сифатида талқин этадилар.

Абу Амр Омир ибн Шароҳил Шаъбий Куфий (вафоти 727-728 йиллар) ҳам Қутайба ибн Муслим билан бирга Мовароуннаҳрга келган йирик олимлардан бири саналиб, замонасининг йирик шоир, фақиҳ ва ҳофизи Қуръонларидан бўлган.

Мовароуннаҳр муҳаддислардан Абу Ҳафс Насафий умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказди. Шунинг учун ҳам унинг «Китоб ал-қанд» асарида таржимаи ҳоллари келтирилган уламоларнинг аксарияти муаллифнинг шу даврда яшаган бевосита ва билвосита устозлари, ҳамсабоқ дўстлари ва бошқа замондошларидир. Шунинг учун ҳам мазкур асарда жуда кўп Самарқандда яшаб ижод этган муҳаддис-уламолар ҳақида маълумотлар бор.

«Китоб ал-қанд» асарида илк даврда Самарқандга кирган ва муҳаддислик фаолиятини олиб борган Балх, Нишопур, Марв, Хуросон ёки араб мамлакатларидан келган кўплаб уламолар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Бундан келиб чиқадики, ҳадис илмининг Моваруннаҳрга кириб келишида ташқи ислом олами, хусусан, хуросонлик уламоларнинг ҳиссалари катта бўлган. Масалан, Абу Зуръа Убайдуллоҳ ибн Абд ал-Карим ар-Розий Мовароуннаҳрда яшамаган бўлса-да, бу ерлик муҳаддисларнинг кўпига устозлик қилган.

Мовароуннаҳрда тафсир илми ўзига хос тарзда ривожланиб, турли даврларда ўраб турган муҳит шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда Қуръон шарҳи бойитиб борилган.

Бугунги кунда ўзлигимизни англаш учун ўтмиш маданиятимиз ва санъатимиз, ота-боболаримиз маънавий ўгитларини, уларнинг маданияти, диний дунёқараши, дунёвий тафаккурини билишимизнинг зарурияти кучаймоқда. Бу эҳтиёжни қондириш эса тарихни илмий ўрганиш, уни тадқиқ этиш орқали бўлиши табиийдир. Ўтмишда яратилган маънавий-маданий ва адабий меросларни ҳозирги кунда бемалол ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларни нашр этиш учун юртимизда барча имкониятлар яратилган.

Инсоният тарбияси учун нозил қилинган Қуръонни инсонлар билиши ва амал қилиши лозим бўлган жиҳатлари борки, уларни тафсир ва талқин этиб, халқ истифодасига тақдим этиш уламолар зиммасига масъулият юклайди. Бу машаққатли вазифани Абу Лайс Самарқандий, Абу Ҳафс Насафийнинг асл исми Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий бўлиб, 1068 йилда (баъзи уламоларнинг маълумотига кура 1069 й.) Насафда таваллуд топган[2], Ҳофизуддин Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийдир, Абул Муъин Насафий, Маҳмуд Замахшарий каби буюк уламолар уддасидан чиққанлар ва Қуръон маъноларини тафсир ва таъвил қилиб, омма халқ орасида уни тушуниб, амал қилишга даъват этганлар.

А. Рахимов
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
[1] https://islaminstitut.uz/?p=9014
[2] Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. 257 -бет.

Check Also

МИЛЛИЙ КОНТЕНТ нима учун керак? ЁХУД МАҚСАД — ҲУДУДЛAPНИ ЭМAC, OНГНИ ЭГAЛЛAШ

Яқинда ўтган асрнинг 40-йиллари охирида суратга олинган фильмдан лавҳа кўриб қолдим. Унда бир дастурхон атрофида …