Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раисини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Қозоғистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беришини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида, Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раиси самимий қабул учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултан Назарбоев ва Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. 

Учрашувда томонлар Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил апрель ойида амалга оширилган Ўзбекистонга илк давлат ташрифининг якунлари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, уни амалий мазмун билан бойитиш борасида ўзаро интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқлаганини таъкидладилар.

Икки томонлама савдо ҳажми ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. 2018 йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди. Яқин йилларда бу кўрсаткични камида 5 миллиард долларга етказиш вазифаси турибди. 

Мамлакатларимиз етакчи компания ва корхоналари иштирокида кооперация асосида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Транспорт соҳасида янги автобус ва темир йўл йўналишлари очилди, шаҳарлар ўртасидаги авиақатновлар кўпайтирилди, юк ташиш ҳажми ортмоқда. 

Ҳудудлараро алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда, маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда. Ўтган йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили муваффақиятли ўтказилди, жорий йилда эса мамлакатимизда тадбирларга бой дастур асосида Қозоғистон йили ўтмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон-Қозоғистон парламентлараро ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Мамлакатларимиз парламентлари қўмиталари даражасида фаол алоқаларни йўлга қўйиш, эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ва янги шериклик лойиҳаларини илгари суриш мақсадида парламентлараро дўстлик гуруҳлари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Нурлан Нигматулин Қозоғистон Парламенти парламентлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашда, шунингдек, қардош халқларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришда ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади. 

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Қозоғистон Республикаси сиёсий ҳаётидаги энг муҳим тадбир – жорий йил 9 июнь куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилади.

Манба:president.uz

Check Also

Россия мусулмонларига янги нашрлар тақдимот қилинди

Аввал хабар берилганидек, Қозон шаҳридаги Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми” бўлиб ўтмоқда. …