Home / МАҚОЛАЛАР / АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲДА ФИТНАЛАР МАСАЛАСИНИ ЁРИТИЛИШИ

АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲДА ФИТНАЛАР МАСАЛАСИНИ ЁРИТИЛИШИ

Маълумки, дин эзгулик ва барча яхшиликлар манбаи ҳисобланади. Дарҳкақиқат, ислом дини жамиятни маълум бир тартибга солиш ва  инсониятнинг ҳаётини гўзаллаштириш учун нозил қилингандир. Аммо, соф исломий эътиқодни нотўғри талқин қилиш ёки баъзи бир сиёсий кучларнинг ўз манфаатлари йўлида диндан фойдаланиш оқибатида мусулмонлар орасида турли фитналарни келиб чиқиши тарихда ҳам ҳозирда ҳам мавжуд бўлган кўз юмиб бўлмас ҳолатдир. Агар бирор жамиятнинг маълум маконида бир фитна бошланса-ю, у жамиятнинг оқил инсонлари жоҳилларини унга аралашиб қолишдан тўсиб қола билмаса, у фитна кенгайиб жамиятдаги оқилни ҳам жоҳилни ҳам, солиҳни ҳам фожирни ҳам ўз домига тортади. Жамиятда бузғунчилик кўпайса, яхши-ёмон бирдек жазоланади. Агар ҳеч ким золимнинг қўлини зулмдан тўхтатмаса, Аллоҳнинг балоси ҳаммага ёғилади. “Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир (эҳтиёт) бўлсинлар”. (Нур сураси, 63-оят)

Халқимизда “Ўрмонга ўт кетса ҳўл қуруқ баробар ёнади”, деган мақолида ҳам фитна бошқарилмаган оловга ўхшатилади. Чунки, фитнанинг ортидан келадиган маънавий ва иқтисодий зарарни ҳеч бир моддий қийматдаги нарсалар билан ўлчаб бўлмайди. Фитнанинг кўлами қанчалик кенгайган сари, унинг зарари ҳам шунчалик кенгайиб, турли қавмлар ва халқларни, турли миллатлар ва элатларни ўз домига тортиб бораверади. Фақат Аллоҳ таоло сақлаган бандалар бундан мустаснодир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва ундай фитналарни ташкиллаштирувчи фитначилардан эҳтиёт бўлишимизга чорлаб шундай дейди:

وَاتَّقُوا فِتْنَةً لاَ تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”. (Анфол 25)

 Аслида, бундай бузғунчи кайфиятдаги фирқаларга Ислом дини қандай қарайди? Асл исломий моҳият нималардан иборат?

Диндан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш жамият учун ўта хатарли ишлардан бири эканлигини жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу  алайҳи васаллам  ўз умматини огоҳ этганлар. Мусулмонлар жамоаси адашиб залолатга кетмаслиги учун бу каби турли хил фитначи оқимларнинг чиқиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи васаллам  14 аср муқаддам ўзларининг ҳадиси мубораклари орқали башорат берган эдилар.  Имом Бухорий мусулмонларни ҳақ йўлдан оғишмай иймонларини соғ-саломат сақламоқликлари учун ана шундай ҳадисларни жамлаб ўзининг шоҳ асари “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламида алоҳида китоб шаклида келтирдиларки, бу муборак ҳадислар асрлар оша айни биз яшаётган замонда ҳам мусулмонлар имони учун мустаҳкам қўрғон вазифасини ўтаб келмоқда, десак янглишмаган бўламиз.

Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида жамиятда учрайдиган турли муаммоларни ечимига оид ҳадислар келтирилган бўлиб, жуда кўплаб ижтимоий ва маърифий, ақидавий ва фиқҳий масалаларни ўзида қамраб олган. Шу сабабли ҳам “Ал-Жомиъ” – (турли масалаларнинг ечимини) ўзида жамловчи, деб номланган. Жумладан, Имом Бухорийнинг бу ҳадис тўпламида жамиятда ҳар бир макон ва замонда ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган жамиятда учрайдиган турли фитналарга оид ҳадисларни тўплаб, “Китаб ал-фитан” – “Фитналар китоби”ни таълиф этди. Биз юқорида айтилингани каби саволларга жавобни Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг “Китаб ал-фитан” – “Фитналар китоби”дан топамиз. Имом Бухорий мазкур китобга 28 бобдан иборат 86 дона ҳадисни киритган. Унда келажакда уммат ичида турли фитналарни юзага келиши ҳақида хабарлар, фитналарни олдини олиш учун нималар қилиш зарурлиги, фитна ва ихтилофлар юзага келганда нима қилмоқ кераклиги ва қиёмат аломатларидан бири бўлган энг катта фитна – Дажжолнинг зуҳур бўлиши ҳақидаги ҳадислар келтирилган.

Фитна – бу сўз луғатда “имтиҳон, синов, бало” маъноларини англатади. Аслида, тилло ва кумушни бошқа аралашмалардан тозалаш учун уни оловда эритишга айтилади. Уламоларимизнинг шаръий истилоҳда “фитна” сўзига берган таърифларига кўра, фитна – хоҳ ихтиёрий хоҳ мажбурий тарзда унинг ҳудудига дохил бўлган ҳар қандай кимса ва нарсаларни турли бало, вайроналик, машаққат, азоб, фисқу фужур, жиноятчилик, мусибат ва ташвишлар гирдобида қолмоғидир, дейдилар.

Қуръони карим оятларида келган фитна лафзи ҳам ўзидан бир неча турли маъноларни англатади. Ширк, куфр, синов, ҳидоятдан адашишлик, жунбушга келиш, исён қилиш ва шулардан бошқа юқорида тафсилотлари айтиб ўтилгани каби сўзлар маънолари унинг асосини ташкил қилади.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз халқини имтиҳон қилмоқ учун баъзисини баъзи билан; мусулмонни кофир билан кофирни мусулмон билан, бойларни фақирлар билан фақирларни эса бойлар билан, кучлиларни заифлар билан заифларни эса кучлилар билан, чиройлини хунук билан хунукни чиройли билан фитналамоғи  ҳам мумкин. Бу ўринда авло бўлганлар ўз нафси билан ғурурланиб фитналансалар, авло бўлмаганлар Аллоҳ таолонинг қадари ва қисматига норизолиги билан фитналанади. Шунинг учун Аллоҳ таоло:

 وَجَعَلْنَا بَعْضَكُمْ لِبَعْضٍ فِتْنَةً 

“… Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. ….”  дейди.[1]

Имом Бухорий фитна сўзига: “У – синов, танлаш, имтиҳон қилиш маъноларини ўз ичига олиб, гоҳо фитна яхшилик маъносида, гоҳо ёмонлик маъносида қўлланилади. Фитналар ичида энг зарари каттаси инсонни тўғри йўлдан адаштирувчиларидир,” деб таъриф берадилар ва “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида “Фитналар китоби”да ҳам айнан инсонни тўғри йўлдан адаштирувчи фитналарни назарда тутган ҳадисларни жамлаб келтирганлар.

Имом Бухорий “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида “Фитналар китоби”ни бошлар экан, унинг муқаддимасини Қуръони каримнинг ушбу ояти билан бошлайдилар:

وَاتَّقُوا فِتْنَةً لاَ تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.[2]

Мазкур оятда келтирилган фитна калимасидан мурод – жамиятда турли вайроналикларни ва тоталитар ҳолатни келтириб чиқарувчи уруш оловини ёқиш учун бўлган ҳаракат назарда тутилган. Оятнинг мазмунига эътибор қаратсак, бундай фитнани оммавий бўлиши таъкидланмоқда. Зеро, бирор бир жамиятда фитна оловининг ёқилиши оқибатлари маълум жиноятчи кишиларга хос бўлиб қолмасдан, унинг зарар бериш кўлами айбдор ва айбсизга ажратилмасдан унда яшайдиган ёшу-қариларнинг барчасига нисбатан омматан тус олади. Шу сабабли, Имом Бухорий ҳазратлари бутун жамият аъзоларини огоҳликка чақирган ҳолда “Фитналар китоби”нинг аввалида ушбу оятни келтирдилар ва ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи ва салламнинг турли фитналарга оид ҳадисларидан ривоят қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи васаллам  Аллоҳ таолонинг (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг!”[3] оятига мувофиқ равишда биз умматларга ҳикмат ила чиройли насиҳатлар қилдилар.

Албатта, жамиятда фитнага сабаб бўлувчи ҳар қандай ишларнинг олдини олиш, одамларни улардан қайтариш лозим. Панд-насиҳат қилиш фитнанинг олдини олувчи энг самарали омиллардан биридир. Шунингдек, жамиятда тарқалган ислом динига номувофиқ ишларни олдини олиш учун қурол ишлатиш энг номақбул йўлдир. Чунки, тинчлик ҳукмрон бўлган жамиятда қурол ишлатиш турли фитналарни келтириб чиқариши ва ноҳақ қонлар тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Мусулмон кишилар атрофидаги турли камчиликларни чиройли панд-насиҳат қилиб бартараф этадилар. Ўзаро меҳр-оқибатни завол топишига йўл қўймайдилар. Мўмин киши дин-диёнатни рўкач қилиб жамиятда фитна келтириб чиқаришга ҳаракат қилмайди ва ундай жоҳил кишилар билан Аллоҳ таоло буюрганидек муносабатда бўлади: “Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур.”[4] (Наҳл сураси, 125-оят)

Жамият ичра тинчликни асраш ҳар бир даврда, ҳар бир халқ учун энг долзарб ишлардан бири бўлиб келган. Ана шу тинчликка раҳна солувчи энг катта хавфлардан бири ички фитна бўлиб, унинг ортидан келадиган зарарни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам  ҳам шу сабабли умматни жамиятни хароб қиладиган бундай фитналардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишга чақирганлар:

Имом Бухорий ҳазратларининг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асаридаги “Фитналар” китобининг иккинчи бобида 7052-рақам билан келган ҳадиси шарифда мусулмон киши фитналарга дуч келанда нима қилмоқ кераклиги аниқ ва равшан баён қилинган:

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (Мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз? У зот: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!” – дедилар”.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”,– дедилар.

Мол-дунё фитнаси ҳам бошқа фитналар каби жуда хатарли бўлиб, ўз соҳибини турли балоларга ва охиратда аламли азобга мубтало этувчидир. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳамда бутун умматни фитналардан огоҳ бўлишга чақириб, замонлар келиб мол-дунё билан фитналанган манман, мутакаббир кишиларни ва ислом динига номувофиқ ишларни гувоҳи бўлишларини башорат қилдилар.

 Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз?

Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар нажот топишлари мумкинлигини сўрадилар.

 У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!”

Расулуллоҳ мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришга буюрдилар. Чунки, бундай вақтда қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатда фуқароларга тинчликни таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бошқаларга нисбатан жуда қаттиқ қайғурадиган, мана шунга интилиб яшайдиган инсон фақат юрт раҳбари бўлар экан. Шунинг учун турли фитналарнинг олдини олишда мусулмонлар суянадиган энг ишончли киши фақат юрт раҳбари бўлиши мумкин. Шу билан бирга мусулмон киши ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини – фарз ибодатларни бажариши лозим эканлигини уқтирдиларки, бошқа манбаларда келтирилишича Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”, – деб ўша вақтдаги ибодатнинг савобини Расулга бўлган муҳаббат ва ҳижратга тенглаштирган эканлар[5].

Фитналар бошланганда мусулмон кишининг бу икки нарса – итоат ва ибодатга чорланишини буюк ҳикмати бордир. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилади. Зеро, дунё фитналарга аралашиб турган даврда охират саодатига етаман деган киши учун энг мақбул ва сўнги йўл шудир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Фитналарга тўлган замонлар Расулуллоҳ вафотларидан кейин келиши.
  2. Мол-давлат инсонни дунёнинг турли фитналарига солиши.
  3. Мусулмонлар орасида ҳам дин-диёнатдан кўра бу дунё бойликларига кўпроқ эътибор берадиган кишилар пайдо бўлиши.
  4. Мусулмонларни нафратлантирадиган ишларни кўпайиши.
  5. Дунё ва дин ишларини олим кишилардан маслаҳат сўраб бажариш.
  6. Мусулмон кишилар юрт амирига, подшоҳига итоат қилиши лозим эканлиги.
  7. Билмаган ишнинг ҳикматини раҳбардан сўрашнинг жоизлиги.
  8. Фитнали замонлар келганда ҳам мусулмонлар ўз зиммаларидаги Аллоҳнинг ҳақларни унутмаслиги.
  9. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилиши.

 

Қобилов Н.С.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Ҳадисшунослик шўъбаси, кичик илмий ходим
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирни. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: ТИУ, 2009. Фурқон сураси, 20-оят.
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирни. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: ТИУ, 2009. Анфол сураси, 25-оят.
[3] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирни. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: ТИУ, 2009. Наҳл сураси, 125-оят.
[4] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирни. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: ТИУ, 2009. Наҳл сураси, 125-оят.
[5] Имом Муслим. Саҳиҳу Муслим. Фитналар китоби. 730-ҳадис.

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …