Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Маърифат карвони” – Жиззахда

“Маърифат карвони” – Жиззахда

Жиззах вилоятида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” тарғибот тадбирлари доирасида Жиззах шаҳридаги Ахборот кутубхона марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳалари мазмун-моҳиятига оид семинар ташкил этилди.

Унда йиғилганларга мамлакатимизда амалга оширилаётган маърифий ислоҳотлар, бой маънавий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган мегалойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Маърифат, маданият, илм-фан ва маънавиятнинг жамият тараққиётидаги ўрни, ёшларни маънавий жиҳатдан етук қилиб тарбиялашда илмнинг аҳамияти каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Ш.Умаров аждодларимизнинг бой илмий-маърифий мероси, ислом динида илмга муносабат ва унинг инсоний камолотда тутган ўрни ҳақида сўзлади. Шунингдек, маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти ва бу борадаги амалий ишлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Лойиҳа доирасида Жиззах политехника институтида “Ижтимоий ғоялар” форуми ва “Олимлар ва ёшлар” учрашуви ҳам ташкил этилди.

Форумда ёшлар ўз старт-ап ғоялари, мақсадлари ва орзу-умидлари билан ўртоқлашди. Қатнашчи йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан таниқли олимларга мурожаат қилиб, очиқ мулоқот воситасида билим ва тажриба орттириш имкониятига эга бўлди.

Бу тадбирларда Ш.Умаров ёшларнинг билим олишга интилиши, замонавий билимларни аждодлар мероси билан уйғунлаштириш зарурлиги, илмий изланишларни маънавий устунлар билан мустаҳкамлаш муҳимлиги ҳақида илҳомбахш фикрлар билдирди.

Тадбирлар якунида маънавият ва маърифат соҳасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, бу йўналишдаги фаолликни ошириш юзасидан тегишли таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Инновацион музей бўйича концептуал ечимлар ва амалий қадамлар

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси Имом Бухорий инновацион музейи экспозициясини такомиллаштириш бўйича қатор тадбирларни …