Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Виждон эркинлиги ва дин соҳасидаги давлат сиёсати: Мазмун ва амалий ифода

Виждон эркинлиги ва дин соҳасидаги давлат сиёсати: Мазмун ва амалий ифода

Юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини мустаҳкамлаш, диний соҳани соғлом ва барқарор асосда ривожлантириш мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ва уларнинг ҳаётдаги амалий ифодаси кўп миллатли ва конфессияли Ўзбекистон аҳолисининг турли қатламлари учун кенг имконият ва қулайликлар яратмоқда.

Айнан шу мақсадда яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси мамлакатда дин ва давлат муносабатларини янги, демократик ва маърифий асосда йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

Концепция мазмун-моҳиятидан маълумки, унинг асосий вазифаси виждон эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, диний ташкилотлар фаолиятини қонун доирасида мувофиқлаштириш, жамиятда бағрикенглик, динлараро ҳамжиҳатликни сақлаш, айниқса, ёшлар онгида маърифий иммунитетни кучайтиришдан иборат.

Бу ҳужжатга кўра, диний таълимнинг виждон эркинлигига тааллуқли асослари давлат томонидан мустаҳкамланмоқда, шунингдек, бундай муассасаларда таълим сифатига, кадрлар тайёрлаш жараёнига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу сиёсатнинг ҳаётдаги ифодасини турли маънавий-маърифий тадбирларда, жумладан, китоб кўргазмалари, илм-фан меросига бағишланган учрашув ва муҳокамаларда ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан ташкил этилган “Аждодлар мероси — маънавият ва маърифат манбаи” мавзусидаги кўргазмада ҳам ҳамюртларимизнинг диний таълимга қизиқиши, китоб орқали маънавиятни бойитишга интилиши концепцияда белгиланган мақсадларга мос тарзда рўёбга чиқаётгани таъкидланди.

Унда қайд этилганидек, бугунги кунда давлат сиёсатининг марказида инсон ҳуқуқлари, хусусан, ижтимоий барқарорлик ва шахсий эътиқод эркинлигининг таъминланиши туради. Зеро, виждон эркинлиги – ҳар бир фуқаронинг табиий ҳуқуқи бўлиб, у нафақат диний соҳада, балки умумий маънавий муҳитда ҳам тенглик ва осойишталикни кафолатлайди.

Шу жиҳатдан олганда, мазкур Концепция нафақат ҳуқуқий асос, балки маънавий йўлланма сифатида ҳам кенг жамоатчилик, хусусан, ёшлар орасида маърифий ҳаракатларнинг пойдеворига айланмоқда. Бу эса миллий ва диний меросни асраб-авайлаш, илм ва маърифатни юксалтириш йўлидаги ҳар бир ташаббуснинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ёшлар тарбиясига сидқидилдан ёндашиш – ҳам қарз, ҳам фарз

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази ҳамкорлигида …