27 май куни Самарқанд шаҳрида “Ислом дунёсининг маънавий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва ҳамжиҳатлик” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Самарқанд – 2025 йилда Ислом дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ICESCO ташаббуси билан ташкил этилган нуфузли анжуманда аъзо давлатларнинг маданият ишлари вазирлари, халқаро ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари қаторида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳам иштирок этди.
Олим ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида диний-маърифий меросимизни ўрганиш ва унинг илмий тадқиқи йўлида муҳим қадамлар қўйилаётганини таъкидлади. Самарқанд заминининг ҳар қаричидан илм ва маърифат руҳи уфуриб турганини, бу муқаддас диёрдан Имом Мотуридий, Имом Дабусий, Имом Доримий каби улкан мутафаккирлар етишиб чиққанини таърифлаб ўтди.
Ш. Зиёдов, шунингдек, бу буюк алломаларнинг бой илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва уни замонавий илмий методлар асосида жаҳон жамоатчилигига етказиш йўлида Марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик ва илмий платформалар ташкил этилаётгани ҳақида сўз юритди. Бу саъй-ҳаракатлар халқлар ўртасидаги ўзаро мулоқот ва маънавий яқинлашувга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Форум нафақат ислом маданиятининг юксак қадриятларини ёритиш, балки дунё мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим пойдевор вазифасини ўтади. Бундай анжуманларда Ўзбекистоннинг фаол иштироки юртимизнинг жаҳон тамаддуни ва маънавияти ривожига қўшаётган ҳиссасининг яна бир далилидир.