Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Самарқанд туман ихтисослаштирилган мактаби ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр: Маданий мерос ва динлараро мулоқот” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Марказ илмий ходимлари, ихтисослаштирилган мактабнинг устоз ва ўқувчи ёшлари иштирок этди. Йигит-қизларимизнинг жаҳон андозаларига мос даражада билим олишини, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, қалбида она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини шакллантириш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар силсиласининг узвий бўғинларидан бири бўлган ушбу тадбирда Марказ илмий ходимлари Жонибек Жумаев ва Баёзхон Маҳмудов қатнашчиларга мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлади. Мазкур концепциядаги кўрсатмалар, кўп миллатли Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Шундан сўнг меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Кутубхона ва муҳаддислар султони бўлмиш Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ёшларда катта таассурот қолдирди.