Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ислом ва соғлом турмуш тарзи: Илмий-амалий ёндашув

Ислом ва соғлом турмуш тарзи: Илмий-амалий ёндашув

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Ислом – саломатлик тарғиботчиси” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралда ёшлар билан очиқ мулоқоти доирасида берилган топшириқлар, шунингдек, 2025 йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган анжуманда соҳа мутахассислари билан бирга Марказ илмий ходими Жонибек Жумаев ҳам қатнашиб, “Исломда соғлом турмуш тарзи тарғиботи” мавзусида маъруза қилди.

Тадқиқотчи ислом таълимотида инсоннинг жисмоний камолотига эътибор ҳақида сўзлади. Оят ва ҳадислар орқали жисмоний тарбия, спорт ва соғлом турмуш тарзи муқаддас динимизда муҳим ўрин тутишини асослаб берди.

Таъкидланганидек, соғлом турмуш тарзи нафақат шахсий саломатлик, балки жамият барқарорлиги ва юрт мудофааси учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам югуриш, кураш, камон отиш ва сузиш каби машғулотларда иштирок этганлари, саҳобаларга буни тарғиб этганлари ҳақида саҳиҳ ривоятлар мавжуд.

– Ислом саъй-ҳаракат динидир. Ҳар қандай ибодат – намоз, рўза, ҳаж ё умра бўлсин – ҳаракат ва жисмоний фаолликни талаб қилади. Шунга асосланиб айтиш мумкинки, динимиз арконлари жисмонан бақувват, руҳан тетик ва маънан етук инсонларни тарбиялашга хизмат қилади, – деди Ж.Жумаев.

Маърузачи, шунингдек, ёш авлодни спортга кенгроқ жалб қилиш, йигит-қизларимизнинг жисмоний ва маънавий камолотини таъминлаш, уларни ислом қадриятлари билан уйғун равишда тарбиялашга доир ғояларни илгари сурди.

Конференция давомида ислом динининг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдаги ўрни, инсоннинг жисмоний ва маънавий равнақига қаратилган асослари кенг ёритилди. Мутахассислар билдирган фикр-мулоҳазалар, илмий таҳлиллар ва амалий таклифлар ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг кўламда қарор топтириш, уларни жисмоний фаолликка одатлантириш, шу тариқа баркамол авлодни шакллантириш борасида муҳим аҳамият касб этади.

Иштирокчилар соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик ва диний-ахлоқий тарбияни уйғунлаштириш орқали маънавий етук, Ватанга садоқатли ва жисмонан бақувват авлодни тарбиялашда диний-маърифий ташкилотлар, таълим муассасалари ва жамоатчилик узвий ҳамкорликда иш олиб бориши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Албатта, бу каби илмий-амалий анжуманлар жамиятда соғлом турмуш маданияти кўникмаларини ривожлантириш, ёшларни маънан баркамол ва жисмонан бақувват қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Ислом таълимотига таянадиган бугунги ишончли илмий ёндашувлар нафақат шахсий камолот, балки барқарор ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Улуғ алломалар мероси — маънавий қудратимиз асоси

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий …