Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Туркистонда Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсати намойиши

Туркистонда Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсати намойиши

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида жойлашган “Азрет Султан” (“Ҳазрати Султон”) миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр: Маданий мерос ва динлараро мулоқот” мавзусида тақдимот тадбири бўлиб ўтди. Унда қозоғистонлик нуфузли олимлар, диншунослар, маданий мерос бўйича мутахассислар, тарихчилар, жамоатчилик вакиллари ва музей-қўриқхона масъуллари иштирок этди.

Марказ илмий ходими Мехрожиддин Амонов Ўзбекистонда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Бу ислоҳотлар жараёнида диний соҳадаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилганини, фуқароларнинг диний арконларни эркин амалга ошириши учун қулай шарт-шароит яратилаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти, унинг илмий-маърифий йўналишдаги ютуқлари, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва ислом илмлари ривожига қўшаётган ҳиссасига батафсил тўхталди.

Тадбир иштирокчилари баён этилган фикр ва маълумотларни мамнуният билан қабул қилиб, Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. Айниқса, бу борада қабул қилинган Концепция ўзининг муҳим ҳуқуқий қиймати ва амалий аҳамияти билан алоҳида эътиборга сазовор экани таъкидланди.

Ушбу илмий-маърифий мулоқотнинг муҳим жиҳати шуки, унда нафақат икки мамлакат ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки халқаро жамоатчилик олдида диний бағрикенглик масаласида мулоҳазали ёндашув ва илм асосида иш тутиш заруратига урғу берилди. Тадбир Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстона илм-маърифат соҳасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилувчи яна бир қадам сифатида қайд этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Яссавия тариқати ва маънавий мерос: Тарих, тадқиқот ва истиқбол

11 июнь куни Тошкентда “Турк дунёси ва Пири Туркистон: Яссавий йўли ва мероси” мавзусида халқаро …