Home / ЯНГИЛИКЛАР / Марказга халқаро меҳмонлар ташрифи давом этмоқда

Марказга халқаро меҳмонлар ташрифи давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида кўп томонлама манфаатли ҳамкорлик ва икки давлат уламолари ўртасида илмий–амалий алоқаларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шунга кўра жорий йилнинг 18 апрел куни Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот марказига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Покистон Ислом Республикаси ҳарбий ходимлари ташриф буюрди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимида яратилган имкониятлар ва шароитлар билан танишиш ва шу жараёнда Самарқанд шаҳридаги тарихий–меъморий обидалар, хусусан Пайариқ туманида жойлашган буюк муҳаддис Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди, ҳамда у улуғ зотнинг табаррук номи билан аталувчи халқаро илмий–тадқиқот маркази билан яқиндан танишди. Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигидан подполковник Исроил Собиров ҳамроҳлик қилди.

Халқаро меҳмонларни Марказ директори ўринбосари доктор (PhD) Ш. Умаров, халқаро алоқалар бўлими илмий ходимлари А. Мамадалиев ва Ф. Мадиевлар кутиб олди. Дастлаб Ш. Умаров халқаро меҳмонларни бинонинг шарқона ва замонавий меъморчилик услубида бунёд этилганлиги ҳамда  марказнинг ташкил этилиши тарихи, унинг фаолияти ва вазифалари ҳамда илмий ходимларнинг буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиши учун яратилган имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Ташриф давомида меҳмонлар Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу муқаддас гўшани зиёрат қилганликларини фахр билан тўлқинланиб сўзлаб берди. Меҳмонлар Марказ жамоаси билан илмий, дўстона жараёнда кечган суҳбатлардан мамнун эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг халқаро алоқалар бўлими илмий ходими А. Мамадалиев меҳмонларга музей фондидан жой олган Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли ҳадис илмига доир нодир асарлари, ноёб экспонатлар ҳамда буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи қўлёзма ва тошбосма манбалар тўғрисида маълумотлар берди. Меҳмонлар музейдаги буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг илмий сафарлари тасвирланган харита ва  деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилдилар. Меҳмонлар Марказ жамоасига келгусида илмий фаолиятларига омадлар тилади.

  Ж. Жумаев
Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …