Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Бағрикенглик ва илм: Халқаро марказлар ўртасидаги мулоқот самараси

Бағрикенглик ва илм: Халқаро марказлар ўртасидаги мулоқот самараси

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Қозоғистондаги Нур Муборак Миср Ислом маданияти университети ҳузуридаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр: Маданий мерос ва динлараро мулоқот” мавзусида илмий анжуман бўлиб ўтди. Унда Нур-Муборак университети ҳузуридаги марказ раҳбари, профессор Шамсиддин Карим бошчилигидаги делегация, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси ва мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш, динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг амалий аҳамияти борасида атрофлича сўз юритилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳар бир шахснинг динга мансублик ва эътиқод ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, турли дин ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити ҳукм сурмоқда. Шунингдек, диний таълим муассасалари фаолиятида очиқлик ва илмий ёндашув устувор ҳисобланади. Мазкур сиёсат дунёвийлик ва дин ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Тадбир иштирокчилари муассасалараро илмий ҳамкорлик масалалари бўйича, хусусан, қўшма илмий тадқиқотлар, лойиҳалар, ўқув семинарлари ва қўшма нашрлар борасидаги истиқболли режалар юзасидан ҳам фикрлар билдириб, айниқса, қўлёзмаларни тадқиқ этиш, уларни рақамлаштириш, илмий жамоатчилик ва кенг оммага тақдим этиш ишига катта эътибор қаратди. Ислом цивилизациясига оид қўлёзмаларни чуқур ўрганишда замонавий технологияларни қўллаш, уларни манбашунослик ва тилшунослик жиҳатдан таҳлил этиш орқали янги илмий хулосаларга келиш муҳимлиги қайд этилди.

Иштирокчилар бу каби учрашувлар минтақада диний бағрикенгликни, илм-фан ва маданият соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаб, келгусида бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттиришга келишиб олди.

Анжуман нафақат илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг динлараро мулоқот ва маданий меросни асраш соҳасидаги ютуқларини халқаро майдонда янада кенг намоён этишга хизмат қилувчи муҳим қадам бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Яссавия тариқати ва маънавий мерос: Тарих, тадқиқот ва истиқбол

11 июнь куни Тошкентда “Турк дунёси ва Пири Туркистон: Яссавий йўли ва мероси” мавзусида халқаро …