Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиянинг 19 май университети ҳамкорлигида “Диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувлик” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда таниқли турк олимаси, 19 май университети ректори, профессор Фатма Айдин ва университет вакиллари, Марказ илмий жамоаси иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг амалий аҳамиятига алоҳида урғу берилди. Қайд этилганидек, мамлакатимизда диний бағрикенгликни қарор топтириш, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигига ҳурмат билан ёндашиш, турли динлар вакиллари ўртасида тинчлик ва тотувлик муносабатларини таъминлашга қаратилган бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундан келиб чиқиб, яқинда қабул қилинган Концепция воситасида Ўзбекистонда диний эркинликнинг устуворлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Бу диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувликнинг янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта.
Айни пайтда икки муассаса ҳамкорлигининг муҳим аҳамияти ҳам тилга олинди. Илмий соҳадаги алоқалар, хусусан, қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва алломалар асарларни ўрганиш борасидаги қўшма лойиҳаларнинг долзарблиги эътироф этилиб, исломнинг асл қадриятлари ва диний меросни асраб-авайлашга қаратилгани қайд қилинди.
Иштирокчилар халқаро майдонда диний бағрикенглик, виждон эркинлигини ривожлантиришга қаратилган тадқиқотларни чуқурлаштириш ва умумжаҳон даражасида диний толерантликни тарғиб қилиш ташаббусини илгари сурди. Марказ ва университет олимлари, икки томоннинг илмий изланишлари ва уларнинг аниқ натижалари келгусида ушбу масалаларнинг халқаро миқёсдаги ечимида муҳим ўрин тутиши эҳтимоли юқори баҳоланди.
Тадбирда иштирокчилар диний бағрикенглик ва ижтимоий тотувликни таъминлаш, турли динлар ва маданиятлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган илмий ва амалий йўналишлар бўйича ўз тажрибасига асосланган фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Учрашув дўстона кайфиятда, савол-жавобларга бой тарзда, қизғин илмий руҳда ўтди.