Ўзбекистон делегациясининг Жазоирга сафари доирасида “Диний маърифат ва маданий мерос: Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда Жазоирдаги етакчи илмий марказлар, қўлёзма ва тарихий манбаларни сақлаш муассасалари вакиллари, тадқиқотчи ва маҳаллий уламолар иштирок этди.
Йиғилганларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Хусусан, давлат ва дин муносабатларини соф маърифий ёндашув асосида йўлга қўйиш, диний билим бериш соҳасида илмийлик, очиқлик ва халқаро ҳамкорликни таъминлаш устувор йўналишлардан экани таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг муҳим натижаларидан бири сифатида алоҳида эътироф этилди. Марказнинг асосий мақсад ва вазифалари – буюк муҳаддис Имом Бухорий ва ислом оламининг бошқа намояндалари қолдирган илмий меросни чуқур ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодда илмий-маърифий асосда динимизга қизиқиш ва ҳурматни ошириш, шунингдек, халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат экани қайд этилди.
Тақдимот чоғида Марказ фаолияти, илмий тадқиқотлари, халқаро ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболли лойиҳалари ҳақида видеоролик намойиш этилди. Бу материал жазоирлик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва ислом цивилизациясини асраб-авайлаш ва тарғиб этишдаги Ўзбекистоннинг улкан ҳиссаси ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берди.
Таъкидлаш жоизки, яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси нафақат мамлакатнинг ўзида, балки халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Унга кўра, давлат диний ташкилотлар фаолиятига аралашмасдан, уларнинг қонуний, маърифий ва илмий йўналишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, жумладан, халқаро ҳамкорлигини рағбатлантиради.
Жазоирлик олимлар Ўзбекистонда ислом меросига эътибор, давлат ва дин муносабатлари, диний таълимдаги замонавий, шу билан бирга, илмий ёндашувларни юксак баҳолади.
Тадбир икки мамлакат ўртасидаги илмий-маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлаш баробарида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, жаҳон мусулмон жамоатчилигига мамлакатимизнинг илмий-маърифий нуфузини яна бир бор намоён этишга имкон берди.