Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан шу мавзуда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Юрт тинчлиги, осойишталиги, эрки учун курашган, халқни юксак маънавият сари бошлаган инсонлар ҳамиша ардоқдадир. Уларни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, нуроний отахонлар, меҳри дарё онахонлар, ҳар сўзи ҳикмат булоғидан сув ичган устозларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир.
Юксак эътибор намунаси ўлароқ ташкил этилган тадбирда Марказ ходимлари Ж.Жумаев ва Б.Маҳмудов тинчлик — энг улуғ неъмат эканини, бугунги фаровон ҳаётимиз замирида халқимиз асрлар давомида шакллантирган маънавий-маърифий бойликлар мужассам эканини алоҳида таъкидлаб, “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, умуминсоний қадриятларга асосланган ғояларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритди.
Боболаримиз томонидан кўрсатилган жасорат, матонат ва фидокорлик, оғир синовли даврлардаги сабр-тоқат ва бирдамлик, илм ва маърифатга бўлган чуқур эътибор — бугунги ёш авлод учун беқиёс мактаб. Тадбирда, шунингдек, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг авлоддан-авлодга ўтишида катта ўрнига эга бўлган ота-оналар, устоз ва мураббийларга чуқур ҳурмат ва миннатдорлик изҳор этиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир кўтаринки кайфиятда, юксак маънавий руҳда ўтди.