Италиянинг CORIES исломий диний жамияти вице-президенти, Милан шаҳридаги Ал-Воҳид масжиди имоми Яҳё Сержио Паллавичини COREISнинг расмий сайтида яқинда Самарқандда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция таассуротлари ҳақида мақола эълон қилди.
“Самимият, муҳаббат ва маърифат: Самарқандда мусулмон олимлар учрашуви” номли мақолада анжуман нафақат диний, балки маънавий ва илмий ҳамжиҳатлик руҳида ўтган муҳим воқеа сифатида кўрсатилади. Мақолада Имом Бухорий, Абу Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий каби сунний исломнинг буюк алломаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, уларнинг таълимотлари бугунги кунда ҳам диний маърифат бобида муҳим ўрин тутаётгани таъкидланади.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг маънавий меросни асраш ва халқаро диний мулоқотни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилган. Конференция қатнашчилари, хусусан, Миср, Туркия, Иордания ва БААдан келган нуфузли уламоларнинг фикрлари ҳамда мотуридийлик таълимоти бўйича ўтказилган муҳокамалардан иқтибослар келтирилган.
Мақолада айтилишича, анжуман Самарқанднинг нафaқат тарихий, балки замонавий диний-маърифий марказ сифатидаги ўрнини яна бир бор намоён этган.